Ўзбекистон тарихи давлат музейи ташриф буюрувчилар учун яна ўз эшигини очди – видео

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Неандертал бола бош суягидан тортиб ҳужжатларнинг асл нусхаларигача — икки йиллик реконструкциядан кейин Тошкентда Ўзбекистон тарихи музейи ўз эшикларини яна очди.
Музей 2024 йилда таъмирлаш учун ёпилган эди. Икки йил давомида профессионал тарихчилардан иборат жамоа туркиялик дизайнерлар компанияси билан ҳамкорликда экспозицияга янгича руҳ бағишлаб, майдонни замонавий интерактив музейга айлантирди. Энди бу ерда тарих нафақат экспонатлар, балки ёруғлик, овоз ва рақамли технологиялар воситасида ҳам ҳикоя қилинади.
Очилиш куни музей остонасида узун навбат йиғилди. Ўтмишдан баҳра олиш учун болали оилалар, мактаб ўқувчилари ва кексалар ҳам ташриф буюрди.

“Бизга ҳар хил ташриф буюрувчилар келади. Ҳатто болалар боғчасидан ҳам келишади. Уйидан чиқиш унчалик қулай бўлмаса ҳам, келиб, ташрифидан афсусланмайдиган кексаларимиз ҳам бор”, — деди Ўзбекистон тарихи музейи Туризм ва маркетинг бўлимининг етакчи мутахассиси Альфия Газизова.

Музей ташриф буюрувчиларни майин, илиқ нур билан қарши олиб, энг асосийси – тарихий ашёларни ёритиб туради. Тўрт қаватда Ўзбекистоннинг палеолит давридан то бугунги кунгача бўлган тарихи кўргазмага қўйилган. Учинчи қават бутунлигича қадимги даврга, яъни палеолит, тош давридан бошлаб Иккинчи Ренессанс – Темурийлар ҳукмронлиги бўлган давргача бағишланган. Тўртинчи қават эса уч хонликдан бошланиб, бизнинг давримиз – Мустақил Ўзбекистон билан якунланади.
Заллар деворларида кенг миқёсли мультимедиа проекциялари жонланади: қадимий шаҳарлар, меъморий обидалар, карвон йўллари ва турли даврларнинг асосий воқеалари маконнинг бир қисмига айланиб, ташриф буюрувчилар кўз ўнгида Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихини гавдалантиради.
Янгиланган музейнинг энг ғаройиб қисмларидан бири кўзгули мультимедиа хонаси бўлди. Кўзгусимон юзалар шарофати билан тасвирлар инсонни ҳар томондан қуршаб олиб, тўлақонли иштирок этиш ҳиссини яратади. Бу ерда Ўзбекистоннинг турли даврларига бағишланган ва бир-бирини алмаштириб турувчи визуал ҳикоялар намойиш этилади.
Ҳар бир пештахтада уч тилда изоҳ берилган лавҳача бор. Музей бўйлаб бундай экскурсиядан сўнг, ўтмишга саёҳат қилиш учун тарих дарслигини яна қўлга олгингиз келади.
Музейда маданий ҳордиқ пайтида нималарни томоша қилиш мумкинлиги — Sputnik мухбири видеосида.
Янгиликлар лентаси
0