Ўзбекистонлик ўқитувчи ва талабалар Россиядаги Педагогик сменада нималарни ўрганмоқда?

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Иштирокчилар олган билим ва кўникмалар мамлакатлар орасидаги таълим ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Россиянинг Иваново шаҳрида Е. Д. Стасова номидаги “Интердом” халқаро мактабида Ўзбекистондан келган чет тили сифатида рус тили ўқитувчилари ҳамда педагогика йўналишлари талабаларини бирлаштирган Педагогик смена – 2026 ўтказилмоқда.
Россия Маориф вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик маркази директори вазифасини бажарувчи Дмитрий Мерешкиннинг сўзларига кўра, лойиҳада иштирок этиш учун жами 400 тага яқин ариза келиб тушган ва улар орасидан 30 нафар талаба ҳамда 30 нафар ўқитувчи танлаб олинган.
Педагогик сменага саралаш икки босқичда бўлиб ўтди: биринчиси — онлайн-тест, иккинчиси эса талабалар учун суҳбат ва ўқитувчилар учун “видеовизитка”.
“Ўз кучимни синаб кўришга қарор қилдим, лекин бу лойиҳанинг иштирокчисига айланишимни тасаввур ҳам қилмагандим. Албатта, жуда хурсандман. Педагогик сменадаги иштирок мен учун ўз устимда ишлаш, янги тажриба ва қизиқарли инсонлар билан танишишлардир”, — дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди Термиз шаҳридаги Президент мактаби ўқитувчиси Муниса Аминова.
Педагогик сменанинг яна бир иштирокчиси, Фарғона вилояти Риштон туманидаги 44-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилфуза Ураимова ҳаётини болалигидан рус тили билан боғлаганини сўзлаб берди.

“Мен учун рус ҳаёти ва тили муҳитига шўнғиш, ўзим дарс берадиган тилнинг ватанини ўз кўзим билан кўриш жуда қизиқ эди. Биринчи кун менда ёрқин таассуротлар қолдирди. Янги билим, ғояларга эга бўлиш учун келдим. Бу ерда иқтидорли педагоглар билан танишиб, улар билан ўзаро тажриба алмашмоқчиман. Ишончим комилки, улкан билим, тажриба ва технологиялар хазинаси билан ўз юртимга қайтаман ва иш фаолиятимда қўллайман”, — деди у.

Педагогик сменанинг ҳар бир куни — бу, ҳақиқатан ҳам, янги билим ва кашфиётлардир: педагогика ва рақамли воситалар соҳасидаги етакчи мутахассисларнинг маърузалари, маданий-маърифий тадбирлар, тренинглар, Москвага ҳамда Россиянинг Олтин ҳалқаси шаҳарларига экскурсиялар.
1 июлдан бошлаб “Интердом” халқаро мактабида Ўзбекистондан келган 100 нафарга яқин ўқувчи ҳам таҳсил олмоқда. Педагогик смена иштирокчиси бўлган талабалар улар билан ишлаб, ўз билимларини амалда қўллашмоқда.
“Бундай формат нафақат тилни ўзлаштириш, балки рус маданиятига шўнғиш имконини ҳам беради”, — дейди Е. Д. Стасова номидаги “Интердом” халқаро мактаби директори Ольга Зюкина.
Сменанинг асосий йўналишларидан бири шахсий таълим ва ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўлди. Иштирокчилар Ўзбекистонга қайтгандан сўнг, ўз ўқув юртларида татбиқ эта оладиган ташаббуслар устида ишламоқда.
“Бизни бунчалик кенг қамровли лойиҳалар кутаётганини кутмагандим. Бизга нафақат бу ерда, балки ўз ватанимизда ҳам ривожлантириш мумкин бўлган жиддий, глобал мавзулар берилди. Масалан, менинг мавзум – “Давр овозлари: мактаб медиа марказини ташкил этиш”. Бу мавзу орқали мен ўз юртимда кўп нарсани йўлга қўйишим мумкин. Масалан, мактабда радио хонаси ташкил этишим мумкин. Ёки болаларнинг нотиқлик маҳоратини, омма олдида сўзлаш қобилиятини ривожлантира оламан. Улар турли мавзуларда, турли тадбирлар ва саналарга бағишлаб интервью олишни ўрганишлари мумкин. Бу жуда ажойиб ва мамлакатимизда ҳозирча бу йўқ. Шундай экан, бу жуда зўр ва амалга оширса бўладиган нарса”,– дея ўз фикрларини баҳам кўрди Фарғона давлат университети талабаси Фируза Одилова.
Педагогик смена 20 июлгача давом этади.
Унинг қандай ўтаётганини Sputnik видеосида томоша қилинг.
Янгиликлар лентаси
0