Наманган вилояти ва Россия ҳамкорлиги — ҳоким Шавкат Абдуразаков билан интервью
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Наманган вилояти ҳокими Sputnik нашрига Россия билан 1,2 млрд долларлик лойиҳалар, саноат ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда тартибли меҳнат миграциясини ривожлантириш ҳақида сўзлаб берди
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразаков Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида Россия билан савдо-иқтисодий алоқалар, қўшма корхоналар, технологиялар, таълим ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорлик натижалари ҳақида гапирди.
Суҳбат аввалида ҳоким Россия Наманган вилоятининг асосий экспорт бозори ва инвестиция ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.
"Россия Федерацияси бизнинг асосий ҳамкоримиз ҳисобланади. Наманган вилояти экспортининг қарийб 60 фоизи Россия компаниялари ва ҳудудларига тўғри келади. Шунингдек, умумий қиймати 1 млрд 200 млн доллар бўлган 29 та янги инвестиция лойиҳамиз бор", — деди Шавкат Абдуразаков.
Ҳокимнинг таъкидлашича, Наманган вилояти Иваново, Тула, Самара, Свердловск, Москва ва Ленинград вилоятлари раҳбарияти билан яқин алоқалар ўрнатган.
"Яқинда Ўзбекистон–Россия ҳамкорлик кенгаши доирасида президентимиз ҳузурида Ленинград вилояти губернатори билан тақдимот ўтказдик. Унда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларимизни тақдим этдик. Ҳозир бу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда", — деди ҳоким.
Тўқимачилик ва озиқ-овқат экспорти
Унинг сўзларига кўра, Россияга экспорт қилинаётган Наманган маҳсулотларининг асосий қисмини тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари ташкил этади.
"Иваново вилояти билан ҳамкорликда иккита қўшма тўқимачилик корхонамиз бор. Уларда минг нафарга яқин киши ишлайди ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 100 фоизи экспорт қилинади. Россияга асосан тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берамиз", — деди Абдуразаков.
Абдуразаковнинг айтишича, Россия компаниялари иштирокида Наманганда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилмоқда.
"Россиянинг йирик “Сибирское здоровье” компанияси Чуст туманида 60 миллион долларлик пектин ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Чуст ва Чортоқ туманларида қарийб минг гектар майдонда замонавий боғлар ташкил этиляпти. Чортоқда вино, Чустда эса биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилди", — деди вилоят раҳбари.
Россия олийгоҳлари билан ҳамкорлик
Қайд этилишича, икки томонлама алоқалар таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларини ҳам қамраб олган.
"Наманган давлат университети ва Урал университети ўртасида қўшма таълим дастури мавжуд. Шунингдек, “Синергия” корпорацияси билан ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими йўналишида ҳамкорлик қиляпмиз. Наманган шаҳрида коллеж негизида очилган марказ учинчи йилдирки фаолият кўрсатмоқда. Бу йил унинг биринчи битирувчилари ўқишни тамомлайди", — деди Абдуразаков.
Марказда ёшлар асосан ахборот технологиялари йўналишида ўқитилмоқда. Кейинги босқичда қисқа муддатда касб ўргатиш дастурларини кенгайтириш режалаштирилган.
"Олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Энди касб-ҳунар таълимига кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Мақсад — ёшларни тезроқ касбга тайёрлаш ва уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишини таъминлаш", — деди ҳоким.
Қурилиш ва фармацевтикада Россия технологиялари
Таъкидланишича, Россия технологияларидан Наманган вилоятининг қурилиш материаллари саноати, тошни қайта ишлаш ва фармацевтика соҳаларида ҳам фойдаланилмоқда.
"Саноат корхоналарини қуриш учун зарур бўлган айрим мураккаб қурилиш материаллари ҳали Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилмаган. Шу сабабли улар Россия компаниялари билан ҳамкорликда олиб келинмоқда. Қурилиш материаллари ва тошни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларимиз бор. Косонсой фармацевтика иқтисодий зонасида ҳам Россия технологияларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда", — деди Шавкат Абдуразаков.
Мигрантлар касб ва тилга ўқитилмоқда
Наманган вилоятида хорижда ишлашни режалаштираётган фуқароларни олдиндан касбга ва тилга тайёрлаб, иш берувчилар билан тузилган шартномалар асосида юбориш тизими жорий этилган.
"Чуст туманидаги коллеж негизида ишсиз фуқароларни рус тили ва 13 та касбга ўқитадиган марказ ташкил этганмиз. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 300 нафаргача киши уч ой давомида касб ва тил бўйича тайёрланади. Россиянинг миграция ташкилотлари ва кўплаб компаниялари билан шартномалар тузилган", — деди ҳоким.
Абдуразаков Россияга ташрифлари чоғида шартнома асосида ишга жойлашган наманганликлар билан учрашиб, уларнинг иш ва яшаш шароитларини ўрганишини ҳам айтди.
"Тайёргарликдан ўтиб, шартнома асосида кетган ёшларимиз яхши шароитларда, меҳнат қонунчилигига риоя қилинган ҳолда ишламоқда. Биз айнан тартибли меҳнат миграциясини кенгроқ тарғиб қилиш устида ишлаяпмиз. Сўнгги беш йилда шу тизим орқали хорижга кетаётган ёшларимиз сони ортиб бормоқда", — деди у.
Айни пайтда меҳнат миграцияси йўналишлари Россия билан чекланиб қолмаяпти.
"Ҳозир Жанубий Корея, Япония, Германия ва Шарқий Европа давлатларида ҳам меҳнат мигрантларига талаб бор. Шунинг учун фуқароларимизни инглиз, япон ва корейс тилларига ўқитиб, турли давлатларда меҳнат қилишга тайёрлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда", — деди Шавкат Абдуразаков.
Маълумот учун: Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Наманган вилоятида 3,2 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2026 йилнинг январь–май ойларида вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 732,3 миллион долларни ташкил этган.