Тошкентда “Имкониятлар саҳнаси” актёрлик маҳорати дарслари қандай ўтди?
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
15 нафар мактаб ўқувчиси ва талаба икки кун давомида тажрибали мураббийлар раҳбарлигида актёрлик маҳорати, саҳна нутқи ва ҳаракати асосларини ўрганди ҳамда ўзлаштирган кўникмаларини амалда қўллади.
Тошкентда мактаб ўқувчилари ва талабалар учун “Имкониятлар саҳнаси” номли актёрлик маҳорати дарслари бўлиб ўтди. Sputnik мухбирининг хабар беришича, лойиҳа Тошкентдаги Рус уйи ва Ўзбекистон Давлат ёшлар театри томонидан ташкил этилган.
Икки кун давомида 15 нафар йигит-қиз актёрлик маҳорати, саҳна нутқи ва ҳаракати асосларини ўзлаштириб, диққат ва тасаввурни ривожлантирувчи машқларни бажарди. Улар, шунингдек, жонглёрлик қилишни, тўғри нафас олишни, аниқ талаффузни, саҳнада шерик билан ишлашни ва бошқа кўплаб кўникмаларни ўрганишди.
Ўзбекистон Давлат ёшлар театри директори Фарҳод Жўраевнинг таъкидлашича, лойиҳа номутахассислик ва ноижодий йўналишдаги олий ўқув юртлари талабалари ҳамда мактаб ўқувчиларига мўлжалланган. Унинг асосий мақсади – ёшларни театр санъатига жалб этиш.
“Бу биз албатта давом эттирадиган катта лойиҳа. Ҳозирча театрда таъмирлаш ишларини якунлаяпмиз ва шу йўл билан ёшларни жалб қилиб, улар билан актёрлик маҳорати бўйича машғулотлар ўтказамиз. Театримиз муваффақиятли очилгандан сўнг эса, ўйлайманки, уларнинг кўпчилиги билим ва кўникмаларни профессионал даражада ўзлаштириш, ўз табиий истеъдодларини намоён этиш ҳамда актёрлик маҳоратини ўрганиш учун театр қошидаги мактаб-студиямизда қолиш истагини билдиради. Бу ёшларга қизиқ бўлади, деб ўйлайман”, – деди у.
Актёрлик маҳорат дарсларидоирасида ёшлар билан тажрибали устозлар ишладилар. Улар орасида актёр, саҳна ҳаракати бўйича педагог, спектакллардаги жанг саҳналари постановкачиси Дмитрий Резепин, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Гиннесснинг рекордлар китоби рекордчиси, Карим Зарипов номидаги Республика эстрада-цирк олий мактаби цирк санъати кафедраси мудири Улуғбек Зарипов ҳамда режиссёр, актриса ва педагог Гўзал Сулейманова бор.
“Мен Ўзбекистон Ёшлар театрида 15 йил ишладим. У ерда ўзим саҳналаштирган спектаклларим бор. Спектаклларим билан ҳамкасбларим кўплаб мамлакатларга гастроль сафарларига боришган, жумладан, Россияда ҳам бўлишган. Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида педагоглик қиламан: фаолиятимни театр қошидаги мактаб-студиядан бошлаганман ва мана 11 йилдан ошдики, Карим Зарипов номидаги Республика эстрада-цирк олий мактабида ишлаб келяпман”, — дейди Гўзал Сулейманова.
У актёрлик маҳорати дарслари доирасида диққат ва тасаввурни ривожлантирувчи машқларни, шунингдек, фундаментал психофизик тренинглар – мавҳум ҳаракатлар ва ҳайвонларни кузатишни ўтказди.
“Бугун маҳорат дарсимизга келган йигит-қизлар, дунёга бутунлай бошқача қарай бошлашади, бунга юз фоиз аминман.. Буларнинг барчаси улар учун кичик бир кашфиёт бўлади”, – деди у.
44-сонли умумтаълим мактабининг битирувчиси Даниэлла Панферова ВГИК (БДКУ)нинг Тошкент филиалига ўқишга киришни режалаштираётгани учун актёрлик маҳорати дарсларида жон деб иштирок этишга қарор қилди.
“Ўзим учун ҳам янги нарсаларни кашф қиляпман: жонглёрлик қилишни, кичик акробатик ҳаракатларни бажаришни ўрганяпман. Очиғини айтсам, бу менга жуда ёқяпти, чунки бу нарсалар бўлажак касбим учун мос деб ўйлайма”, – дея у машғулотларнинг биринчи кунидан сўнгги таассуротларини баҳам кўрди.
Курслар якунланганидан сўнг, ёшларга сертификатлар топширилди. Ушбу сертификатлар уларга Россия олийгоҳларига киришда қўшимча баллар тақдим этади. “Имкониятлар саҳнаси” актёрлик маҳорат дарслари эса ўз фаолиятини давом эттиради ва унинг иштирокчилари келажакда профессионал саҳнага чиқиш имкониятига эга бўлишади.