Президент Сергелида инфратузилма муаммоларини тезкор ҳал қилишни топширди
17:00 04.07.2026 (янгиланди: 17:05 04.07.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Аҳоли сони тез ўсаётгани ва бизнес ривожланаётгани сабабли, инфратузилма объектларини ҳам илдам ишга тушириш вазифасини қўйилди.
ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда давлат раҳбари сўнгги йилларда Сергели тумани пойтахтнинг чекка ҳудуди эмас, “ҳаёт қайнаётган” масканга айлангани таъкидланди.
Аҳолини хатловдан ўтказиш бўйича дастлабки натижалар Сергели туманида 236 мингга яқин аҳоли яшаётгани маълум бўлди (олдин 181 минг нафар деб юритилган).
Тадбиркорлар сони 2,5 мингтадан 6 минг 200 тага кўпайди. Туман буджети тушумлари 382 миллиард сўмдан 2,2 трлн сўмга, яъни 5,5 баробар ошди.
Аҳоли учун 5 та йирик дам олиш маскани ва истироҳат боғлари ишга туширилди.
Тошкент вилоятидан ўтган 13 та маҳалланинг ҳисобига Сергели тумани ҳудуди 1 минг 800 гектарга кенгайиб, жами 5,6 минг гектарга етди.
Сергелини бошқа туманлар ва шаҳар маркази билан боғлайдиган 9 километрлик йўл, 8 та станциядан иборат янги метро линияси бунёд этилди.
Мактаб ўринлари 25 мингдан 38,5 мингга, боғча ўринлари 7,5 мингдан 15,5 мингга кўпайди.
Шу билан бирга, транспорт, йўл, электр, сув ва канализация каби инфратузилма тармоқларини яхшилаш бўйича ечимини кутаётган масалалар ҳали кўплиги қайд этилди.
Электр энергиясига йиллик талаб беш йилда 40 фоизга кўпайди. Айрим маҳаллаларда электр кучланиши меъёрдан 1,5-2 баробар пастлиги қайд этилди. Шу муносабат билан "Шаҳаролди", "Ўзгариш" ва "Қумариқ" нимстанцияларини ишга тушириш учун жами 107 миллиард сўм ажратилган.
Бектемир, Мирзо Улуғбек, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманларига ўтган 46 та маҳаллада электр, сув, канализация ва йўл бўйича бирорта ҳал этилмаган масала қолмаслиги кераклиги таъкидланди.
Мутасаддиларга 1 сентябргача Сргелидаги сув тозалаш иншоотида замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, бадбўй ҳидларни бартараф этиш топширилди.
Келаси йилда Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бунинг ҳисобидан Сергелидаги сув тозалаш иншоотига юклама кескин камаяди.
Сергелининг асосий 23 километр йўлидаги чорраҳаларга 455 та "ақлли" светофор ўрнатилади, 150 та автобус бекати янгиланади, 10 минг ўринли автотураргоҳ ташкил этилади.
Сергели, Бектемир ваЯнгиҳаёт туманларини пойтахтнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Тошкент ҳалқа йўлидаги янги кўприк қурилишини тезлаштирилади.
Пойтахт меҳмонлари ва аҳоли учун шу йилнинг ўзида ҳар бир туманда 15-20 та замонавий ҳожатхона қуриш учун ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.
Чиқинди қутилари сонини ҳам кескин кўпайтириш бўйича ҳам чоралар кўрилади.
Сергелидаги мактабларда ўқувчи ўрнини 2 карра кўпайтириш мақсадида янги лойиҳа мактаблари қҳурилади. Уларда спорт зали, ошхона ва устахона ертўлада жойлашади, юқори қаватлардан эса синф хоналари сифатида фойдаланилади.
Бу йил Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу ёндашувни жорий этиб, “пойтахт тажрибаси”ни яратиш топширилди.
Ундан ташқари Тошкентда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергелида – Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.
"Жўн" каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километр қисмини бетонлаштириш бошланган.
Сергели ва Янгиҳаёт туманларининг ҳокимларига йил якунигача канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлагини ташкил этиш топширилди. Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтган 16 километрида ўзанни мустаҳкамлаш ишлари бошланиб, қўшимча 300 гектарда “яшил белбоғ”, сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилади.