Иш ташлаш тартиби белгиланди – тафсилотлар

© Sputnik / Александр Гальперин / Медиабанкка ўтишРабочий на стройке
Рабочий на стройке - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.06.2026
Oбуна бўлиш
Шифокорлар, ҳарбийлар ва судьяларнинг иш ташлашда қатнашиши тақиқланди, иш ташлаш пайтида ходимнинг иш жойи сақланади, бироқ ойлиги берилмаслиги мумкин.
ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Ўзбекистонда иш ташлашни амалга ошириш тартиби белгиланди. Тегишли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Кўпчилик овози керак

Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, агар яраштириш таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Иш ташлашда қатнашиш ихтиёрийдир. Ҳеч ким иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиниши мумкин эмас.
Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ташкилот ходимларининг умумий йиғилишида қатнашаётган ходимларнинг 50 фоизидан кўпроғи ёқлаб берган овози билан қабул қилинади.
Қарор қабул қилиш иш ташлаш бошланишидан камида 1 ой олдин амалга оширилади.
Касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида иш берувчини қарор қабул қилинган пайтдан 1 иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.
Иш берувчи бўлажак иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида ёзма хабарномани олган пайтдан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларини ёзма равишда огоҳлантиради.

Иш жойи сақланади, бироқ иш ҳақи берилмаслиги мумкин

Киритилган ўзгартиришларга кўра, иш ташлашга касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатли вакили раҳбарлик қилади.

Ходимнинг иш ташлаш билан боғлиқ жараёнда иштирок этгани уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Иш ташлаш пайтида унда иштирок этадиган ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади.

Иш берувчи ходимга у иш ташлашда қатнашган вақтида иш ҳақини тўламаслик ҳуқуқига эга.

Иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, экологик барқарорликка таҳдид солса, суднинг қарорига асосан:

- эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақти 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши;

- иш ташлаш 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Қачон ва кимларга иш ташлашда қатнашиш мумкин эмас?

Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади.

Иш ташлашда қуйидагиларнинг қатнашиши мумкин эмас ҳамда улар иштирокидаги иш ташлаш тақиқланган ҳисобланади:

- тиббиёт ходимлари;
- давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган шахслар;

- ҳарбий хизматчилар, судьялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус (ҳарбий) унвонларга ёки мартаба (малака, мансаб) даражаларига эга ходимлари;

- энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари;

- алоқа тизими ходимлари.

Агар Меҳнат кодекси ва бошқа қонунларда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда иш ташлаш амалга оширилган ёки иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, бу ноқонуний иш ташлаш деб топилади.
Қонунчиликни бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, меҳнат қонунчилиги билан иш ташлаш тақиқланган ҳолларда иш ташлашда иштирок этиш, –

- БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, –

- БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, шунингдек иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, –

▪️ БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима;
▪️ 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
▪️ 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
▪️ 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Состоялось заседание Национального совета по противодействию коррупции - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.04.2026
Сенат иш ташлаш ҳуқуқини кафолатловчи қонунни маъқуллади
Янгиликлар лентаси
0