Қорақалпоғистонлик сўнгги Уруш фахрийси билан суҳбат
14:56 09.05.2026 (янгиланди: 20:44 09.05.2026)
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Мария Ивановна Карнишина 14 ёшида фронтга кетиб, у ерда ярадор жангчиларни даволашга ёрдам берган.
Оғриқ ва даҳшат ичра у ўлимдан қўрқмасликни, ҳеч қачон йиғламасликни ва фақат бир нарсага — Ғалабага ишонишни ўрганди.
Мария Ивановна 97 ёшда. У уруш йилларини эслар экан, кўзларини бир оз юмади. Гапирганда, бир зум тин олади. Ўша йиллардаги даҳшатли манзаралар унинг хотирасида қайта-қайта жонланади.
Шундай лаҳзаларда у 1094-сонли эвакуация ҳарбий қисми госпиталида ишлаган даврлари – уруш гўё яна қайтгандек бўлади. У қон ҳидини, ўзининг кичик кафтларида ушлаб турган жангчиларнинг муздек қўлларини эслайди.
“Фронтда бўлмаганман, биз фронт ортидан юриб, жангчиларни далалардан йиғиб, уларни даволардик. Бир куни далага чиққанимда, бир аскарга кўзим тушди – баҳайбат, оғир бир йигит экан. Мен эса кичкинагина, озғин эдим. Аммо у тирик, уни қутқариш керак эди. Қандай қилиб уни елкамга олганимни ва госпиталгача олиб борганимни ҳамон тушунмайман”, — деди Мария Ивановна.
Бундай воқеалар кам бўлмаган.
“Жароҳатлар ҳар хил эди, жуда оғирлари кўп бўлган. Баъзан аскарларнинг на қўли, на оёғи бўларди”, — дея ҳикоя қилади у.
Аммо фахрий ҳаммасини ҳам гапирмайди: энг даҳшатли лаҳзалар ҳақида сукут сақлайди. Урушда Мария Ивановна кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлган: уларнинг поезди ўққа тутилган, кўпчилик қўлларида жон берган. Юзлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинган ҳоллар ҳам бўлган.
“Уруш – бу уруш, биз қўрқмаганмиз, ҳаммамиз Ғалаба учун ишлаганмиз, қўлимиздан келганини қилдик. Мен ҳам қўлимдан келганича ҳаракат қилдим”, — дея у жуда хотиржам ва ҳатто оддий оҳангда сўзини якунлайди.
Мария Ивановна уруш пайтида, ҳақиқатан ҳам, ҳали бола эди. Унинг фронтга бориб қолиши ҳақидаги воқеа қайсидир маънода фильм сюжетига ўхшаб кетади. Умуман, унинг ҳаёти ҳақида ҳозирда ҳатто китоб ҳам ёзилмоқда.
У 1929 йили Татаристон АССРнинг Ковали қишлоғида туғилган. Саккиз ёшга тўлганида онаси бетоб бўлиб қолади ва қизчани опаси Клавдия ўз қарамоғига олади. Клавдиянинг турмуш ўртоғи ҳарбий бўлиб, ўша пайтда тақсимот бўйича Қорақалпоғистонда хизмат қиларди.
“Ўн уч ёшимдан хат ташувчи бўлиб қўшимча пул топардим, чунки биз, айниқса Клавдиянинг эри вафот этгандан сўнг қийналиб қолгандик. 1943 йили эса аввал ҳунар ўрганиб, кейин ишлаш учун Бухорога, тўқимачилик-йигирув фабрикасига бордим”, — дейди Мария Ивановна.
Жўнаб кетишидан олдин опаси Машага ўзи тўқиган эчки жунидан рўмолни берди.
“Агар оч қолсанг, қийналсанг, рўмолни сотиб, қолган пулини қайтариб олиб келасан, деди”, — дея ҳикоя қилади фахрий.
Ўша йиллари ҳақиқатан ҳам очарчилик бўлган, Мария Ивановна эса пулнинг бир қисмини эмас, ҳаммасини сарфлаб юборди, чунки у ўзига ва дўстларига егулик сотиб олган. Шу сабабли опасининг ёнига қайтиб боришга қўрқди. Ўз юрти Ковалига қайтишга қарор қилди.
Чиптага пул йўқ эди, вагонларнинг томи ва зиналарида кетишга тўғри келди. Ўша пайтда қизчанинг онаси оламдан ўтган, қариндошлар эса оғир аҳволда бўлиб, қизчани ўзларига олиб кета олмади.
“У ерда мен ҳеч кимга керак эмасдим”, — дейди у.
Вокзалда адашиб қолган ёлғиз Машани бир жуфтлик учратиб қолди. Улар қизчани асраб олишга қарор қилиб, у билан Польша томон йўл олишди, лекин бекатлардан бирида одам кўплигидан бир-бирларини йўқотиб қўйишди. Қизча мутлақо нотаниш шаҳардаги вокзалда яна бир ўзи қолди.
Шу пайт станцияга эшелон келиб тўхтади. У ердан шинель кийган, погонли ва унвонли ҳарбий шифокор аёл — унинг ҳам исми Мария эди (Мария Ивановна бу тафсилотни доим алоҳида таъкидлайди) — тушиб келди. У оч ва музлаб қолган Машага раҳми келиб, уни вагонга олиб чиқди, қорнини тўйдирди ва ўзлари билан бирга фронтга бориб, санитарлик қилишни таклиф этди.
“Бу ярадорларни йиғиб юрадиган кўчма эвакуация госпитали эди: жангдан сўнг уларнинг яралари даволанар, боғланар ва кейин фронт ортига жўнатиб юбориларди. Ўша пайтда бувим 14 ёшда бўлган: уларнинг сафига қўшилиш учун ёшларини яшириб, яна уч йил қўшиб айтганлар”, — дея ҳикоя қилади Мария Ивановнанинг келини Алеся Шербакова.
1945 йили санитарка Карнишина 16 ёшда эди. У Ғалабани Берлиндан 200 километрдан камроқ масофада, Германиянинг Магдебург шаҳрида нишонлади.
Урушдан сўнг бир муддат Украинада ишлади, у ерга фронтдаги дугоналаридан бири билан жўнаб кетганди. Аммо кейинроқ Нукусга қайтиб, Ички ишлар вазирлигида хабар берувчи бўлиб ишлади, кейин эса ҳисобчи ва бухгалтерликка ўқиди.
“17 ёшимда бир йигитни учратдим, гаплаша бошладик, учрашдик, турмуш қурдик ва ўғлимизСлавка туғилди. Кейин эса Васькам (Мария Ивановна эрини шундай чақиради) вафот этди”, — дея хўрсинади у.
Шундай қилиб, у ўғлини ёлғиз ўзи катта қилди, тинимсиз ишлади ва ҳеч қачон тушкунликка тушмади. Шу билан бирга, деярли эркак ёрдамисиз, ўз қўллари билан уй қурди.
“Бувим айтиб берардилар, уйнинг томи учун ходани ўз қўллари билан биттадан ташиб келган эканлар”, — дея қўшимча қилади Алеся.
Кейинроқ Мария Ивановна яна бир фронтчи Сергей Николаевич Стафоровни учратди. У аёлнинг умр йўлдошига айланди ва уйни қуриб битказишга ҳам ёрдам берди. Сўнг Сергей Николаевич уни Тошкентга олиб кетди – бу шаҳарни Мария Ивановна жуда яхши кўриб қолганди. У ерда бева қолиб, 93 ёшгача яшади ва фақатгина бетоблиги сабабли Нукусга, набираси Алексей Бондарев, унинг рафиқаси Алеся ва эвараси Маша ёнига қайтишга рози бўлди.
“Нукусга кўчиб келиб, биз билан яшай бошлаганидан сўнг, бувим ўз вақтида уй қурган собиқ Институт кўчасига бир неча бор бордик. Уй аллақачон бузиб ташланган эди. Аммо бир куни бир аёлни учратиб қолдик. У биздан кимлигимизни ва қаерданлигимизни сўради. Биз ҳикоямизни айтиб берганимизда, у ҳам шу ерда анча йиллардан бери яшашини, бувимни ўн олти ёшидан танишини ва унинг салобатли қадди-қоматию матонатли характерини эсида эканлигини айтди”, — дейди Алеся Шербакова.
Мария Ивановна, ростини айтсак, ҳозир ҳам жуда гўзал. Ёшига қарамай, кўп ишларни ҳамон ўзи бажаришга ҳаракат қилади. Материалимиз учун суратга олишимиздан олдин, чиройли кўринади деб, рўмолини эҳтиёткорлик билан ўраб олди. Қолаверса, у баъзан “Катюша”ни куйлайди ва уруш йилларидаги шеърларни ёдга олади.
Мария Ивановнани ҳамма жуда яхши кўради ва қадрлайди. Уни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Нукус шаҳар ҳокимлиги вакиллари, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва талабалар тез-тез йўқлаб туради. Улар учун Мария Ивановна жасорат, матонат ва мардлик тимсолидир.
“Бувим билан кўп суҳбатлашиб, унга ҳаёти давомида меҳр ва илиқлик жуда етишмаганини англадим: ота-онаси барвақт оламдан ўтиб, опаси ўз қарамоғига олган. Аммо у 8-9 ёшидаёқ пул топиш ва катталарнинг ишини қилишга мажбур бўлган. У ҳали ўсмирлик чоғида очликни, турмуш қийинчиликларини ва фронтни бошдан кечирди, урушдан кейин эса ҳамма нарсага ўз кучи билан эришди. Шунча қийинчиликларга қарамай, у тушкунликка тушмас, ҳаётни севар ва атрофдагиларга яхшилик қилиб яшарди. Назаримда, у темирдай мустаҳкам иродага, юксак интизом ва катта масъулиятга эга инсон”, — дея сўзига якун ясайди Алеся.
Бугун Мария Ивановна — Қорақалпоғистон ҳудудида истиқомат қилаётган Улуғ Ватан урушининг ягона фахрийси. У барча уруш қатнашчиларининг қалбида абадий муҳрланган ўша азоб ва даҳшатнинг жонли гувоҳидир. У ақл бовар қилмас матонат ва ирода соҳибасидир.
Уруш Мария Ивановнани синдирмади, аксинча, янада кучлироқ қилди. Унинг мукофотлари кўп, бироқ ўзини қаҳрамон деб билмайди. Ва у биз билан бирга экан, бизда уруш ва Ғалаба қувончи ҳақидаги ҳикояларни китоблар ёки фильмлардан эмас, балки унинг сокин ва вазмин ҳикояларидан тинглаш имкони бор.