“Маданият орқали бирга": Тошкентда Рус уйи квести қандай ўтди
19:51 03.05.2026 (янгиланди: 16:12 04.05.2026)
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тадбир мактаб ўқувчилари, талабалар ва ёш мутахассисларни бирлаштириб, иштирокчиларга кўплаб ижобий ҳис-туйғулар ва ажойиб кайфият улашди.
ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Тошкентда “Россия яшайдиган уй” квести бўлиб ўтди. Тадбир Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон давлат ёшлар театри ва “Ғалаба кўнгиллилари” жамоаси кўмагида ташкил этилди. У пойтахтдаги Марказий маданият ва истироҳат боғида “Маданият орқали бирга” шиори остида ўтказилди.
“Бугунги тадбир Ўзбекистондаги Рус уйининг 25 йиллигига бағишланган. Бугун шунча дўстларимиз йиғилганидан жуда хурсандмиз. Бу рус анъаналарига бағишланган ажойиб квест. Меҳмонларимиз ва иштирокчиларимиз қўшиқлар куйлайди, топишмоқлар топади, шаҳарча ўйинини ўйнайди. Яъни, булар ҳам спорт, ҳам маърифий тадбирлардир. Менимча, меҳмонларни, Рус уйининг дўстларини бирлаштириш ва маданиятимизни кўрсатишнинг айнан шундай йўли жуда самарали”, — деди Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида.
Квестда мактаб ўқувчилари, талабалар ва ёш мутахассислар иштирок этди: ҳар бирида беш кишидан иборат жами 12 та жамоа. Иштирокчилар орасида Россия олий ўқув юртларининг Тошкентдаги филиаллари ўқитувчилари ҳам бор эди.
“Ўтган йили жамоамиз Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган Рус уйи квестида иштирок этган эди. Унга олдиндан тайёргарлик кўрганмиз, Улуғ Ватан уруши мавзусига оид материалларни ўрганганмиз. Бугунги квест ҳам қизиқарли ва фаол ўтмоқда. Умуман, бундай тадбирлар одамларни бирлаштиради, кўп янги нарсаларни билиш имконини беради”, — деди Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО)нинг Тошкент филиали ўқитувчиси Валерий Муразиков.
Тадбир бошланишидан олдин барча иштирокчилар квест давомида ўтилиши керак бўлган “Жонли сўз”, “Анъаналар илиқлиги”, “Қалб мусиқаси”, “Рус нақши”, “Бирга” ва “Рус характери” станциялари номи ёзилган Рус уйи “паспортлари”ни олишди. Шунингдек, ҳар бир жамоага станциялардан ўтиш кетма-кетлиги кўрсатилган маршрут варақаси берилди.
Тошкент шаҳридаги 159-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Кристина Симанова “Хориждаги россиялик ўқитувчи” лойиҳаси иштирокчиси ҳисобланади. У квестга шогирдлари билан келди.
“Биз болалар билан кўплаб қизиқарли нарсаларни ўргандик, турли рус анъаналари ҳақида билиб олдик, Россия нақшлари ва мусиқаси билан танишдик. Биз яқинроқ танишиш ва Россия ҳаёти муҳитига шўнғиш учун квестда иштирок этишга қарор қилдик”, — деди у.
Тадбир давомида болалар алоҳида сўзлар ва расмлардан рус мақоллари ҳамда маталларини тузишди, матрёшкалар расмини чизишди, рус қўшиқларини куйлашди, меҳмонга бориш ва меҳмонларни қандай кутиб олишни намойиш этишди. Спорт мусобақалари ҳам бўлиб ўтди — шаҳарча ўйини ва кўзлари боғланган ҳолда классика ўйини ташкил этилди.
“Бугунги тадбир ниҳоятда қизиқарли ўтди. Муҳит унутилмас эди, менга жуда ёқди, чунки ҳар бир локация ўз муҳити, шинамлиги ва қувноқлиги билан ажралиб турарди”, — дея таассуротлари билан ўртоқлашди Москва давлат университети (МГУ) Тошкент филиали талабаси Артур Тюхай.
Квест натижаларига кўра, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Декан севимлилари” ва “Мўъжизалар авлоди” жамоалари мос равишда учинчи ва иккинчи ўринларни эгаллади. Ғолиб эса Халқаро Нордик университети жамоаси бўлди.
Унинг иштирокчиларидан бири Нодирбек Аҳадбеков Тошкентдаги Рус уйи тадбирларида тез-тез қатнашишини, яқинда “Тезкор старт” олимпиадасида иккинчи ўринни қўлга киритганини айтди.
“Рус уйининг 25 йиллиги шарафига шундай тадбир ташкил этилишини кўрганимда, дарҳол рус тилига қизиқадиган барча танишларимни таклиф қилдим. Ҳатто рус тилини унчалик яхши билмайдиганлар ҳам келгани жуда қувонарли бўлди, лекин улар барибир қизиқиш билдиришди. Айрим нарсаларни тушунмасалар ҳам, ҳаракат қилишгани ёқимли эди. Мана шу саъй-ҳаракатлар, ана шу иштиёқ туфайли биз бугун биринчи ўринни эгалладик, деб ўйлайман. Университетимизда ҳам рус тилига қизиқувчилар борлигини ҳаммага кўрсатдик”, — деди у.
МГУ ва МГИМО Тошкент филиаллари жамоаларига ҳам рағбатлантирувчи совғалар топширилди.
