Ўзбекистон Москванинг энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Москванинг 24 та компанияси Тошкентга бизнес-миссия билан ташриф буюрди.
Россия бизнеси ўзбекистонлик ҳамкорларга озиқ-овқат ва косметика маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати учун ускуналар, шунингдек, кенг истеъмол молларини тақдим этмоқда. Тадбир ташкилотчиси — Москва экспорт маркази.
МЭМ бош директори Виталий Степановнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Россия пойтахтининг энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда.
“2025 йил якунларига кўра, МЭМ (Москва экспорт маркази) қўллаб-қувватлаган лойиҳалар натижасида экспорт ҳажми 15% дан кўпроққа ўсганини кўрмоқдамиз, бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Москванинг хомашё бўлмаган маҳсулотларини импорт қилувчи топ-3 мамлакат қаторидан жой олди”, — деди у.
Унинг сўзларига кўра, гап фақат анъанавий тоифалар — озиқ-овқат ва косметика ҳақида эмас, балки юқори технологияли маҳсулотлар ҳақида ҳам кетмоқда. Хусусан, бозорга ихтисослаштирилган ускуналар, жумладан, тиббий диагностикада қўлланиладиган ечимлар етказиб берилмоқда.
Бизнес-миссия иштирокчилари Ўзбекистон бозорининг салоҳияти юқори эканини таъкидламоқда. “Гранд” компаниялар гуруҳи тижорат директори Владимир Шеметовнинг сўзларига кўра, гап фақат аҳоли сонида эмас, балки Россия маҳсулотларига шаклланган талабнинг ортишига ҳам боғлиқдир.
“Расталарда Россия маҳсулотлари аллақачон кенг тақдим этилганини, истеъмолчиларнинг уларга нисбатан юқори содиқлик борлигини кўрмоқдамиз. Бу биз учун бозорнинг очиқ ва ҳамкорликка тайёр эканидан дарак берувчи ишорадир”, — деди у.
Бизнес-миссиянинг амалий қисми аллақачон ўзининг аниқ натижаларини бермоқда. Россия компаниялари дистрибьюторлар, савдо тармоқлари ва электрон тижорат вакиллари билан музокаралар олиб боряпти. Хусусан, “Лита-цвет” компанияси пептидли косметика линияси билан Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда.
“Дори-дармон тармоқлари ва ихтисослаштирилган дўконлар билан музокаралар муваффақиятли ўтди”, — деди компания бош директори ўринбосари Наталья Вигриянова.
Шунингдек, компания косметология клиникалари билан ҳам музокаралар олиб бормоқда, бу эса маҳсулотни профессионал сегментга интеграция қилиш имконини беради.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши — ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдир. Бу формат логистика харажатларини камайтиришга ва бозорга тезроқ мослашишга ёрдам беради.
“Умние напитки” компанияси бош директори Эмиль Сунагатуллин Ўзбекистонда маҳсулотларни идишларга қуйиб қадоқлашни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди.
"Биз концентрат ва рецептларни етказиб беришни, қуйишни эса маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларида амалга оширишни режалаштиряпмиз. Ҳозирда ҳамкорлар қидирмоқдамиз", — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бозори алкоголсиз ичимликлар истеъмолининг юқорилиги билан ажралиб туради, қандсиз маҳсулотлар сегменти эса жадал ўсишни кўрсатмоқда.
Бизнес-миссия иштирокчилари бундай тадбирлар уларга қисқа вақт ичида бозорга кириш, алоқалар ўрнатиш ва унинг ўзига хос хусусиятларини тушуниш имконини беришини таъкидлашмоқда.
“Улар бозорни тез ўрганиш, ҳамкорлар топиш ва ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш учун имконият яратади. Бу бизнесни қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситасидир”, — деб таъкидлади Сунагатуллин.
Москва экспорт маркази 2021 йилдан бери Тошкентга бизнес-миссиялар ташкил этиб келади. Улар ўз ичига ишбилармонлик музокаралари, ҳамкорлар билан учрашувлар ва соҳа кўргазмаларида иштирок этишни қамраб олади.
Жорий дастур доирасида иштирокчилар “UzFood-2026” халқаро кўргазмасига ташриф буюришди ва якунида потенциал ҳамкорлар билан сайёр учрашувлар ўтказиш режалаштиришди.
Ушбу бизнес-миссия сўнгги йилларда барқарор ўсишни намоён этаётган Москва ва Тошкент орасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида навбатдаги қадам бўлди.
Янгиликлар лентаси
0