“Ҳур қизлар”: Жиззахдаги ҚФУ филиали талабалари катта саҳнада чиқиш қилди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Спектакль Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги “Ёш қалблар театри” номли янги лойиҳасини бошлаб берди. Лойиҳага мамлакатнинг бошқа олий таълим муассасаларини ҳам жалб этиш режалаштирилган.
Тошкентдаги Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида “Ҳур қизлар” ("А зори здесь тихие…") спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. Уни профессионал актёрлар эмас, балки Жиззахдаги Қозон (Волгабўйи) федерал университети филиали талабалари ОТМнинг “Журналистика” йўналиши ўқитувчиси Андрей Матяс раҳбарлигида тайёрлаб, намойиш этишди.
Филиалдаги театр труппаси унинг илк фаолият йилидаёқ ташкил топган эди — ўшанда ҳаваскорлар “Варшава бонглари” пьесаси асосида кичик спектакль саҳналаштиришган.
Профессионал бўлмаган труппа учун “Ҳур қизлар” спектакли катта саҳнадаги дебютига айланди. Лойиҳа Ўзбекистондаги Россотрудничество кўмагида амалга оширилди. Жараённи Ўзбекистон Ёшлар театри назорат қилиб, ўз саҳнасини тақдим этди. Театр ходимлари ҚФУ филиалида талабалар театрини ташкил этиш ташаббусини катта хурсандчилик билан кутиб олишди.
“Биринчидан, бу тарбия, интизом ва инсонларга қалбан очилиш имкониятидир. Яъни улар тоза қўл, пок қалб билан одамлар, томошабинлар олдига чиқади. Бу эса уларда оддий инсонийликни тарбиялайди. Чунки ҳозирги қийин даврда бу каби тадбирлар, материалга, айниқса, шундай мураккаб материалга шўнғиш истаги жуда қадрли, негаки бу — хотирани асрашдир”, — деди Ўзбекистон Ёшлар театрининг бош режиссёри ва бадиий раҳбари Анвар Картаев.
“Ҳур қизлар” спектакли Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги “Ёш қалблар театри” номли янги лойиҳасига туртки берди ва унга мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларини ҳам жалб этиш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу спектакль Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган илк тадбир бўлди.
“Лойиҳа ташкилотчилигида молиявий кўмак кўрсатган Россотрудничество Жамоатчилик кенгашига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман", — деди Ўзбекистондаги Россотрудничество ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская.
У Ғалаба куни ва ташкилотнинг 25 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳам ҳали кўплаб режалаштирилганини қўшимча қилди.
“Булар танловлар, викториналар, маҳорат дарслари ва катта концерт бўлади”, — деди у.
ҚФУ филиали талабалари нафақат актёр сифатида саҳнага чиқишди, балки ёруғлик, овоз ва реквизитлар билан ҳам мустақил шуғулланиб, театр жараёнига бутунлай шўнғишди. Ёшлар спектакль устида ишлаш улар учун муҳим ҳаётий тажрибага айланганини тан олишди.
“Буларни бошдан кечиришни ўрганар экансиз, нималар бўлганини ҳис қиласиз. Қолаверса, бу анча мураккаб асар бўлиб, мавзуси уруш ҳақида: жангчиларни йўқотиш, ўлим, стресс, зўриқиш, шок — буларнинг барчасини кўрсатиш керак. Бизга, профессионал бўлмаган актёрларга, шуларни ўргатишди”,— дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди талаба Нигина Рустамова.
Шунингдек, у уруш мавзусига бағишланган саҳна асари чуқур ҳиссий киришимни ҳамда ўтмишдаги фожиали воқеаларни тушунишни талаб қилишини таъкидлади.
Яна бир талаба Дмитрий Шишнев, асар асосида ётган Улуғ Ватан уруши мавзуси бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлигини таъкидлади. Ёшларнинг сўзларига кўра, бундай лойиҳалардаги иштирок тарихий хотирани сақлашга ва Ғалабага қандай қурбонлар эвазига эришилганини ҳис қилишга ёрдам беради.
Батафсил - Sputnik видеосида.
Янгиликлар лентаси
0