Мирзиёев Янги Тошкентда стадион, фаввора ва “Буюк Ипак йўли”ни кўздан кечирди
09:23 25.03.2026 (янгиланди: 11:03 25.03.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Президент Янги Тошкентда барпо этилаётган йирик инфратузилма ва маданий лойиҳалар — замонавий стадион, фаввора мажмуаси ва “Буюк Ипак йўли” қурилиши билан танишди.
ТОШКЕНТ, 25 мар – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда қурилаётган замонавий футбол стадиони, фаввора ва “Буюк Ипак йўли” мажмуаси лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, стадион пойдеворини қуйиш ишлари 95 фоизга бажарилган. 2017 йилда Ўзбекистонда ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган 3 та майдон бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 10 тадан ошди.

Шавкат Мирзиёев ознакомился со строительством футбольного стадиона в Новом Ташкенте
© Пресс-служба президента Узбекистана
2024 йил 2 октябрда ФИФА Кенгаши 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган. ФИФА талабига кўра, финал ва ярим финал баҳслари 50 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган стадионда ўтказилиши керак.
Шу мақсадда барпо этилаётган стадион 55 минг ўринли, 6 қаватли ва 100 миллион долларлик лойиҳа ҳисобланади. Ҳудудда яна 3 та машғулот майдони, метро бекати ва 5,5 минг ўринли автотураргоҳ қурилиши режалаштирилган.
Президент 8 гектар ҳудудда қуриладиган фаввора мажмуаси лойиҳаси билан ҳам танишди. Лойиҳага кўра, умумий сув юзаси 6,3 гектар бўлган ҳавзада 1,5 гектар майдонда сув, мусиқа ва ёруғлик шоулари учун фаввора барпо этилади.

Президент Узбекистана ознакомился с проектом музыкального фонтана в Новом Ташкенте
© Пресс-служба президента Узбекистана
Мажмуа қуйидаги имкониятларни қамраб олади: сувни 232 метр баландликкача ота оладиган супер фаввора, диаметри 100 метрли сузувчи платформа, 185 метр радиусда 360 даражали сув экрани ва унда турли тасвирларни проекция қилиш тизими.
Шунингдек, лойиҳада юқори қувватли лазер нурлари, динамик сув композициялари ва турли визуал эффектлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Барча техник тизимлар ер остидаги икки қаватли иншоотга жойлаштирилади.
Атрофда яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади. Мажмуа маданий тадбирлар, байрам ва фестиваллар учун замонавий маскан бўлиши кутилмоқда. Давлат раҳбари айни ҳудудда жорий йилги Мустақиллик байрами шоу тадбирларини юқори савияда ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Президентга “Буюк Ипак йўли” лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Янги Тошкент шаҳри қурилишининг биринчи босқичида 6 минг гектарда ишлар амалга оширилиб, якунда 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилади. Лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, Янги Тошкент 2 миллион аҳоли яшайдиган мегаполисга айланиши кутилмоқда.
Майдони 32 гектар бўлган “Буюк Ипак йўли” мажмуаси шаҳарнинг муҳим жамоат ва маданий маконларидан бири бўлади. Бу ерда Буюк Ипак йўлига боғлиқ турли цивилизацияларга бағишланган мавзули маҳаллалар ташкил этилади. Тақдимотда Ўзбекистон маҳалласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, ҳар бир бино, кўча ва майдон орқали халқ тарихи, маданияти ва қадриятлари акс эттирилиши керак.
Шунингдек, халқаро туризм салоҳиятини ошириш мақсадида бир қатор музейларни реновация қилиш режалари кўриб чиқилди. Жумладан, Имом Мотуридий зиёратгоҳида музей ташкил этиш, “Баҳоуддин Нақшбанд” илмий-инновацион музейи фаолиятини бойитиш ва Темурийлар тарихи давлат музейини замонавий музейшунослик ҳамда дизайн ечимлари асосида реновация қилиш таклифлари тақдим этилди.
Лойиҳалар давлат раҳбари томонидан маъқулланди ва тегишли топшириқлар берилди.
