Яқин Шарқдаги форс-мажор ҳолатда туркомпаниялар ўз мажбуриятини бажармаяпти — вазирлик
16:36 07.03.2026 (янгиланди: 16:40 07.03.2026)

© Sputnik / Екатерина Чеснокова
/ Oбуна бўлиш
Яқин Шарқдан олиб чиқилаётган фуқароларнинг 95 фоизи — тур пакетлар асосида келган сайёҳларга тўғри келмоқда.
ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Яқин Шарқда юзага келган фавқулодда вазиятда ушбу ҳудудга Ўзбекистондан сайёҳ жўнатган туркомпаниялар ўз мажбуриятларини бажармаяпти, деб баёнот берди Транспорт вазирлиги.
Ҳолатнинг энг ачинарли томони туроператорлар ва агентлар томонидан ўз мижозларини ташлаб кетиш ва улар билан алоқани узиш, шунингдек, юзага келган форс-мажор ҳолатида йўловчиларни тезкор маълумотлар билан таъминламай, ижтимоий тармоқларда видеороликлар тарқатиш орқали манипуляция қилиш, ўз мажбуриятларини бажариш ўрнига йўловчиларни элчилар ва консуллар билан қолдириб кетиш ҳолатларига гувоҳ бўлинмоқда.
Ваҳоланки, барча тур пакетлар меҳмонхоналар, авиақатновлар, трансферлар ва суғурта полисларини ўз ичига олади.
Суғурта полиси шартларига мувофиқ форс-мажор ҳолатларида суғурта полисларини йўловчиларнинг меҳмонхона, транспорт ва эвакуация бўйича барча харажатларини қоплаши белгиланган, бунинг учун туроператорлар ва агентлар барча ишларни тизимли тўғри ташкиллаштириши талаб этилади.
Транспорт вазирлиги туроператор ва турагентларга қуйидаги мурожаатни йўллаган:
Туркомпаниялар форс-мажор ҳолатида ҳам истеъмолчилар ҳуқуқларини сўзсиз таъминлаши керак;
Мижозлар билан тузилган шартнома шартларга тўлиқ риоя этиш ва ҳар бир фуқаро билан мунтазам алоқани таъминлаган ҳолда уларга тезкор ёрдам кўрсатиши керак.
(Чартер-таҳр.) Авиачипталарни мунтазам авиақатновларга ўзгартириш орқали ўз мижозларини хавфсиз ҳудудга олиб чиқишда ҳукумат билан биргаликда ҳаракат қилиши;
Суғурта полисларидан тўғри фойдаланиш, авиакомпаниялар ва давлат имижига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши керак.
Айни вақтда Қувайт, Қатар ва Баҳрайнга яқин бўлган Саудиянинг Даммам ва Риёз аэропортларидан барча халқаро йўналишларда мунтазам авиақатновлар чекловларсиз амалга оширилмоқда ва авиачипталар сотуви амалда мавжуд.
Туроператорлар авиачипталарни ва парвоз мавжуд бўлган йўналишларга қайта расмийлаштириб ишни тизимли ташкил этиш имкониятига эга. Саудиянинг Жидда ва Мадина йўналишларидаги парвозлар ҳар доимгидек тўлиқ жадвал бўйича амалга оширилмоқда.
