Тошкентда “Хотира йўллари” концерти қандай ўтди - видео

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Томошабинлар уруш давридаги қўшиқ ва шеърларни тинглашди ва қандай оғир қурбон эвазига Ғалабага эришилган ҳақидаги ҳикоялар билан танишдилар.
Тошкентдаги “Зарафшон” киноконцерт залида “Хотира йўллари” номли концерт бўлиб ўтди. Унда 500 нафардан ортиқ томошабин - дипломатлар, талабалар, маданият ва санъат арбоблари иштирок этди.
Тадбир бошланишидан олдин сўзга чиққан Россия элчиси Алексей Ерхов Улуғ Ватан урушидаги ғалаба фронт ва фронт ортида яратилганини, жангчиларнинг жасорати ва тинч аҳолининг матонати туфайли, ҳатто энг оғир дамларда ҳам ҳаётга ва келажакка бўлган ишонч орқали қўлга киритилганини таъкидлади.

“Буюк жасорат ҳақидаги биз учун муқаддас бўлган хотираларни эҳтиёткорлик билан сақлаш ва авлоддан авлодга етказиш бизнинг ота-боболаримиз олдидаги бурчимиздир. Уруш даҳшатлари ҳақидаги ҳақиқий хотирани асраб қолиш орқали, биз тинчлик нақадар заиф эканлигини ва уни ҳар куни асраш қанчалик муҳимлигини янада чуқурроқ тушунамиз”, - деди элчи.

Россотрудничество ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, “Рамблер Групп” МЧЖ бош директори Андрей Ципер уруш йилларида рус тили Ғалаба тилига айланганлигини таъкидлади.
“У дўстлик тили бўлиб қолишини истардим. Шунинг учун, келинг, дўст бўлайлик, хотирлайлик ва қадрлайлик”, - дея таъкидлади у.
Россотрудничество ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, “Халқаро ўзаро алоқалар ва ҳамкорлик маркази" АНТ раҳбари Арег Агасарян, ёшлар келажакда хатоларга йўл қўймасликлари учун тарих ва ўтмишни билишлари муҳимлигини қўшимча қилди.
“Дўст бўлиш нима эканлигини унутмаслигимиз жуда муҳим. Турли мамлакатлардан келган ёшлар қанчалик эрта дўстлашса, келажакда бир-биримизни тушунишимиз шунчалик осон бўлади”, - деди у.
Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская ҳам ёшларга мурожаат қилди.
“Биз бугун сиз буларнинг барчасини ўзингиз ҳис қилишингизни жуда истаймиз: шеър, қўшиқ ва кўрадиган слайдлар орқали, ҳозир яшаётган тинч дунё бизга енгил йўл билан берилмаганлигини тушунишингизни хоҳлаймиз”, - дея таъкидлади у.
Концертда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ва халқ артистлари иштирок этиб, уруш йилларидаги ватанпарварлик қўшиқлари ҳамда шеърий асарларни ижро этишди. Ольга Берггольц, Анна Ахматова, Ойбек, Роберт Рождественский ва бошқа ижодкорларнинг машҳур асарлари, жумладан қўшиқ ва шеърлари ижро этилди.
Концерт доирасида Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси раҳбари Шуҳратжон Юсуповга тарихий хотирани сақлаш, Ғолиблар авлоди жасоратини абадийлаштириш бўйича кўп йиллик фаолияти, шунингдек, Ўзбекистон халқининг Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган умумий Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини эҳтиёткорлик билан ва ҳар томонлама акс эттирганлигини эътироф этиб, самимий ва чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида миннатдорчилик лавҳаси топширилди.
Шунингдек, совет халқининг қаҳрамонона жасорати ҳақида сўзловчи “Нацизмга қарши курашда биз бирга эдик”кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ССРнинг Ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисидаги ноёб материаллар намойиш этилди.
“Концерт менга жуда ёқди. Барчаси таъсирли бўлди. Биз аждодларимиз жасоратларини хотирлаймиз ва уларга ҳурмат билдирамиз. Менга айниқса шеър ва қўшиқлар ёқди. Жуда чиройли бўлди. Менинг бобом ҳам Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, у синовчи-учувчи бўлган”, - дея ўз таассуротларини баҳам кўрди Санкт-Петербург давлат университети Тошкент филиали талабаси Ануш Хасьян.
“Хотира йўллари” концерти Россотрудничество ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши делегациясининг ташрифи доирасида, Россия ва Ўзбекистоннинг Улуғ Ватан уруши хотирасини сақлаш борасидаги саъй-харакатлари натижаларига бағишланганди.
Янгиликлар лентаси
0