"Технологиялар ёрдамида ўтмишга саёҳат: Йўқотилган Тошкент архитектураси — фото

© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкент меъморчилиги сўнгги бир ярим асрда кескин ўзгаришларга учради. Шаҳар қиёфасига учта омил таъсир кўрсатди: Россия империясининг кенгайиши ("Янги шаҳар" қурилиши), Совет Иттифоқининг динга қарши кампанияси ва 1966 йилдаги даҳшатли зилзила.
ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik, Баҳром Ҳатамов. Пойтахтимизнинг аввалги бетакрор кўринишини рақамли технологиялар ёрдамида қайта кашф этамиз.
Бир пайтлар Эски шаҳарнинг ҳар бир маҳалласида камида биттадан масжид бўлган — жами юзлаб маҳобатли ва ихчам ибодатхоналар шаҳар қиёфасини белгилаган. Афсуски, кейинчалик йўлларни кенгайтириш ва шаҳарни реконструкция қилиш жараёнида ушбу ноёб меъморий обидаларнинг катта қисми бузиб ташланган.

Джума-мечеть Ходжа Ахрар Вали в Ташкенте
© Sputnik
Хожа Аҳрор Валий Жоме масжиди — пойтахтимизнинг энг кўҳна ва йирик диний обидаларидан бири бўлиб, унинг тарихи 1451 йилга бориб тақалади. Мажмуа асрлар давомида турли табиий офатлар, хусусан, кучли зилзилалар оқибатида бир неча бор қайта тикланган. Чорсу бозори яқинидаги тарихий марказда жойлашган ҳозирги уч гумбазли маҳобатли иншоот 1990-йилларнинг охири ва 2000-йиллар бошида амалга оширилган реконструкция натижасидир.

Входной чортак в комплекс мавзолеев Шейхантаур
© Sputnik
Шайхонтоҳур ансамбли — илгари 16 та муҳташам иншоотни ўз ичига олган Тошкентнинг энг йирик меъморий мажмуаларидан бири бўлган. Бугунги кунда ушбу ансамблдан фақат учта мақбара сақланиб қолган, холос. Мажмуанинг энг катта йўқотишларидан бири — унинг Чортаги (дарвозаси) ҳисобланади. XIX аср охирида бунёд этилган ушбу монументал кириш қисми мажмуага ўзгача салобат бахш этиб турган.

Ишонқули-Датхо мадрасаси
© Sputnik
Ишонқули-Датхо мадрасаси ҳақида нималарни биламиз?
Даври: 1840-йилларда бунёд этилган.
Жойлашуви: Ҳозирги Навои шоҳ кўчаси ўрнида.
Тарихий факт: Бир вақтлар бу ерда илк "Ўзбекфильм" киностудияси фаолият юритган.
Тақдири: 1940-йилларда йўл кенгайтирилиши муносабати билан меъморий мерос сифатида сақлаб қолинмаган ва бузилган.
Тошкентнинг "Янги шаҳар" қисмида қад кўтарган ва 1930-йиллардаги сиёсий жараёнлар оқибатида вайрон қилинган муҳташам соборлар тарихига тўхталиб ўтилади.

Спасо-Преображенский собори
© Sputnik
Спасо-Преображенский ҳарбий собори — ўз даврида Тошкентнинг бош православ ибодатхонаси бўлган. Ушбу маҳобатли иншоот ҳозирги Мустақиллик майдони ҳудудида, Сенат биносига яқин жойда қад кўтарган эди. Олтин гумбазли ва улкан оқ деворли собор 1930-йилларда шўро ҳокимияти томонидан портлатиб юборилган.

Иосиф-Георгий собори: Тошкентдаги биринчи православ черкови.
© Sputnik
Иосиф-Георгий собори: Тошкентдаги биринчи православ черкови. У бугунги Амир Темур майдони ўрнида (Ўзбекистон меҳмонхонаси яқинида) жойлашган эди. Унинг бузилишидан кейин машҳур Пелменная (чучварахона) кафеси узоқ вақт давомида ўз ўрнида турди.

Тошкентнинг марказий "Кауфман" кўчаси
© Sputnik
20 аср бошида Тошкентнинг марказий "Кауфман" кўчасида (бугунги Сайилгох кўчаси) энг машҳур савдо масканларидан бири — Орифхўжа пассажи қад ростлаган эди. Бу ер нафақат савдо-сотиқ маркази, балки шаҳарликларнинг маданий ҳордиқ чиқарадиган жойи бўлган. Бино ўзининг гўзал фасади ва ички тузилиши билан пойтахтнинг Европа қисмига замонавий руҳ бахш этган.

Дом Генерал-губернатора Туркестана Константина Петровича фон Кауфмана в Ташкенте
© Sputnik
Тошкентдаги "Оқ уй" — Туркистон генерал-губернатори К.П. фон Кауфманнинг расмий қароргоҳи ҳамда ўлкадаги маъмурий бошқарувнинг бош рамзи ҳисобланган. 1860-йилларда пойдевори қўйилган ва 1870-йилларда кенгайтирилган ушбу иншоот ўзига хос меъморий ечимга эга эди: унда Европа классик архитектураси шарқона безаклар ва бинонинг номига мос оқ деворлар билан маҳоратли тарзда уйғунлаштирилган.

Тошкентдаги "Емил Циндел" ип газлама босиш мануфактураси ширкатининг омборхонаси
© Sputnik
Тошкентдаги "Емил Циндел" ип газлама босиш мануфактураси ширкатининг омборхонаси тўқимачилик саноатининг муҳим обекти бўлган. Кейинчалик ушбу бино 1-сонли босмахонага айлантирилган ва Калинин майдонида (собиқ Эски Жува) жойлашган эди. У аввал йирик саноат корхонасининг бир қисми, сўнгра хотин-қизлар учун маданий-маърифий марказ сифатида шаҳар тарихида муҳим ўрин тутган.

12 тераклар кўчасидаги Синагога
© Sputnik
12 тераклар кўчасидаги Синагога: Пойтахтнинг йўқотилган диний обидаларидан бири. Ушбу бино 1930-йиллардаги мафкуравий сиёсат натижасида ўз фаолиятини тўхтатган. Бино бир неча ўн йиллар давомида бошқа мақсадларда фойдаланилган бўлса-да, 1966 йилдаги кучли Тошкент зилзиласидан сўнг яроқсиз ҳолга келган ва бутунлай бузиб ташланган.

Эски Бош почтамт биноси
© Sputnik
Эски Бош почтамт биноси: Ушбу мажмуа нафақат шаҳарнинг асосий почта хизматини, балки телефон-телеграф тармоғи ҳамда марказий радиомарказни ҳам ўз ичига олган эди. Бугунги кунда мазкур тарихий иншоот ўрнида пойтахтнинг энг муҳташам биноларидан бири — "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройи қад кўтарган.