Парвозлар хавфсизлиги улар зиммасида: тошкентлик авиация муҳандиси ҳикояси
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
“Ўзаэронавигация” маркази мутахассиси ҳар қандай авиарейс учун зарур бўлган радиотехник ускуналарининг ишлатилиши ҳақида .
Йилнинг исталган фаслида ва ҳар қандай об-ҳаво шароитида бутун дунё бўйлаб минглаб инсонлар парвозлар хавфсизлигини таъминлайди. Улардан бири “Ўзаэронавигация” маркази парвозларни радиотехник таъминлаш бошқармасининг етакчи муҳандис-инспектори Тимур Байжигитовдир.
Унинг вазифаси радиотехник ускуналарнинг ишончли ишлашини таъминлаш бўлиб, бу орқали ҳаво ҳаракати диспетчерлари самолётларни бошқаради, учувчилар эса парвоз учун керакли маълумотларни олади.
Тимур авиация соҳасида 14 йиллик тажрибага эга бўлиб, доимий равишда ўқийди ва бу соҳада хатога йўл қўйиб бўлмайдиган юқори масъулиятни ўз зиммасига олган. Авиация ва мураккаб технологик тизимларга қизиқиш унда ёшлигиданоқ шаклланган. Уни доимо муҳандислик ечимлари ва ҳар бир тафсилоти муҳим бўлган кенг қамровли техник мажмуалар ўзига жалб этиб келган.
“Авиация майда-чуйдаларсиз соҳа”,– дейди Байжигитов.
Тошкент ахборот технологиялари университетида диплом ҳимояси пайтида уни “Ўзаэронавигация” маркази вакили қўриб, шу соҳада ўзини синаб кўришни таклиф қилди. Шундай қилиб, ҳозиргача давом этаётган касбий йўли бошланди.
Тимур “Ўзаэронавигация” марказидаги фаолиятини алоқа муҳандиси лавозимидан бошлаган. Беш йилдан сўнг, ҳаво ҳаракатини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими муҳандиси лавозимига ўтиб, бу вазифада саккиз йил ишлади. Кейинги босқичда парвозларни радиотехник таъминлаш бошқармасига ўтди.
Бугунги кунда унинг асосий вазифалари парвозлар учун мўлжалланган радиотехник ускуналарнинг техник ҳолатини таҳлил ва назорат қилиш, “Ўзаэронавигация” маркази бўлинмаларида инспекторлик текширувларини ўтказишдан иборат. Бундан ташқари, у ускуналарни модернизация қилиш ва босқичма-босқич алмаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади. Унинг вазифаларига илғор тажрибаларни ўрганиш ва керак бўлганда уларни жорий шароитга мослаштириш ҳам киради.
“Бундай иш нафақат бугунги кунда парвозларни радиотехник таъминлаш ускуналаридан фойдаланиш ишончлилигини таъминлайди, балки замонавий илғор технологиялар ва соҳанинг стратегик вазифаларини ҳисобга олиб унинг ривожланишига ҳам асос яратади”, – дея таъкидлайди Байжигитов.
Авиацияда муҳандислик касби максимал даражадаги диққатни ва доимий касбий ривожланишни талаб этади.
“Асосий қийинчилик - бу юқори даражадаги масъулият. Ностандарт вазиятларда қарор қабул қилишга тайёр бўлиш керак. Бундан ташқари, технологиялар йил сайин ривожланиб бормоқда, шу сабабли доимий равишда ўрганиш зарур”, - дейди мутахассис.
“Ўзаэронавигация” марказида малака ошириш тизими мавжуд: ўзининг ўқув маркази, юқори малакали инструкторлар билан ўтказиладиган курслар. Шунингдек, мутахассислар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) томонидан сертификатланган халқаро дастурлар доирасида таълим олади.
Тимур ўз фаолияти давомида уч марта янги йил кечаси ишлаган. Авиация соҳасида бу одатий ҳолат - парвозлар хавфсизлиги истисносиз, кечаю кундуз таъминланиши шарт.
“Иш жараёнлари нуқтаи назаридан янги йил кечаси оддий иш кундан фарқ қилмайди. Аммо муҳит, албатта, ўзгача бўлади. Бир-биримизни табриклаймиз, самимий тилаклар билдирамиз”, - деб ҳикоя қилади у.
Авиадиспетчерлардан фарқли ўлароқ, муҳандисларнинг дам олиш учун белгиланган танаффуслари йўқ. Иш куни ҳам жиҳозларни назорат қилиш, ҳам аэродром ҳудудидаги объектларга бориш билан ўтиши мумкин.
“Ҳамма нарса барқарор ишлаётган тақдирда ҳам, қатъий текширув тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, уларга риоя қилиш шарт”, - деб таъкидлайди Тимур.
Тимур учун Янги йил аввало оилавий байрам бўлиб қолади. У бу байрамни болалик, сеҳрли воқеаларни кутиш, совғалар, безатилган арча ва мандарин ҳиди билан боғлайди.
“Бу муҳит доимо сўзсиз қувонч уйғотади. Шахсий ҳис-туйғуларимга кўра, 10, 15, 20 йил аввал Янги йил кўпроқ ҳаяжонли эди, чунки қандайдир мўъжиза ва сеҳрни кутиш ҳисси бор эди. Ҳозир эса у анча осойишта, чуқурроқ маънога эга бўлиб қолди. Яқинларинг билан вақт ўтказишга, шунчаки бу лаҳзани, янги йил кечасини қадрлаб, бир-биримизга яхшилик тилашга ва шу дамдан баҳраманд бўлишга интиласан”,– дея мулоҳаза қилади Байжигитов.
2025 йил Тимурга энг катта совғани тақдим этди: у ва турмуш ўртоғи Диана қиз фарзандли бўлишди.
“Бу менинг биринчи фарзандим. Энди менинг вазифам қизимга сеҳрли ҳис-туйғу ва мўъжиза кутиш кайфиятини яратишдир”,– дейди у.
Батафсил - Sputnik видеосида.