Тошкент метроси ходимларининг Янги йили қандай ўтади - видео

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Алоҳида иш графиги, метрода Қорбоболар флешмоби ва байрамнинг бошқа нозик жиҳатлари ҳақида Sputnik материалида
Кўпчилик учун Янги йил кечаси - бу курантлар урилиши ва оливье, турли таомлар ҳамда мандаринлар билан оилавий дастурхон атрофида зиёфат. Аммо иш кунлари ҳам, байрамларда ҳам ўз хизмат вазифаларини масъулият билан бажарадиганлар бор. Улар орасида Тошкент метрополитенининг “Қипчоқ” бекати марказлаштирилган пост навбатчиси Нозира Юсупалиева ҳам бор.
У ўз иш фаолияти давомида уч марта Янги йил кечаси навбатчилик қилган.
“Бу ҳам яхши, ҳам ёмон, чунки фарзандларимнинг олдида, оилам даврасида бўлмайман. Лекин яхши томони — ҳамкасбларим билан яхши кайфиятда Янги йилни кутиб оламиз”, – дейди у.
Байрам кунлари метро алоҳида график бўйича ишлайди, поездлар сони кўпаяди, ҳаракат оралиғи қисқаради, йўловчилар оқими сезиларли даражада ошади. Бу кунларда метродан асосан ёшлар ва фарзандли оилалар фойдаланади. Айримлари яқинларини табриклашга шошилса, бошқалари болаларига чиройли ясатилган арча кўрсатиш ва яқинларига ижобийлик ҳамда ажойиб кайфият улашишга интилади.
Метрополитен ходимлари байрам кунларида имкон қадар бекатларни ялтироқ безак, гирлянда ва шарлар билан ясатишга ҳаракат қилишади.
Соат 12 бўлганда, барча метро ходимлари ўз иш жойларида қолади - хизмат узлуксиз давом этади. Йўловчилар эса, ўз навбатида, ходимларни табриклайди, ишлари учун миннатдорчилик билдириб, Янги йил билан қутлайди.
Байрам кунларида ажойиб ва ғайриоддий воқеалар рўй беради. Масалан, ўтган йилларнинг бирида байрам арафасида бўлиб ўтган Қорбоболар флешмоби.
Бундай лаҳзалар, Нозира Юсупалиеванинг фикрича, айниқса қадрли. Улар одамларга ўзгача ҳис-туйғулар бағишлайди.
Нозира метрополитенда 8 йилдан бери ишлайди. У фаррошлик лавозимида иш бошлаган. Аммо ўсишни хоҳлагани боис, техника мактабида таълим олиб, уни аъло баҳоларга тугатган ва бекат навбатчиси бўлган.
Шу вақт мобайнида у пойтахт метросининг “Пахтакор”, “Буюк ипак йўли”, “Чорсу”, “Алишер Навоий”, “Халқлар дўстлиги”, “Роҳат”, “Қипчоқ” каби кўплаб бекатларида ишлади.
“Бизнинг иш хизмат вазифаларимиз – зийрак ҳолда ишлашимиз, йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва поездларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Бизга бириктирилган бекатнинг тозалигини сақлаган ҳолда иш фаолиятимизни юритишимиз керак. Йўловчиларга ўта хушмуомалалик билан муносабатда бўламиз. Байрам кунларида ҳам бу қоидалар ўзгаришсиз қолади”, - дейди у.
Юсупалиеванинг фикрича, унинг ишининг энг муҳим жиҳатларидан бири одамлар билан мулоқот қилишдир.
У айниқса “Чорсу” бекатидаги ишини илиқ хотиралар билан эслайди. Бозорнинг яқинлиги навбатчиликни ҳақиқатан ҳам самимий қиларди: йўловчилар кўпинча ходимларни мевалар билан сийлаб, миннатдорчилик ва инсоний эътибор рамзи сифатида кичик совғалар қилишарди.
Хизматдан ташқари вақтда Нозира икки ўғилнинг онаси. Каттаси 17 ёшда, кичиги 12 да. Улар оналари билан жуда фахрланади ва уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашади.
Нозира Юсупалиеванинг 2026 йилда эришиш учун ҳаракат қиладиган касбий орзуси бор - поезд диспетчери лавозимига кўтарилиш. Бунинг учун, унинг айтишича, янада кўпроқ ўқиб-ўрганиш ва ўз устида ишлаш керак.
Батафсил - Sputnik видеосида.
Янгиликлар лентаси
0