Мўъжиза жадвал бўйича: тошкентлик Қорбобо ҳикояси

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Sputnik Ўзбекистон билан суҳбатда Олег Деревянко “касбга” қандай кириб қолгани, қандай ноқулай вазиятларга дуч келгани ва ҳанузгача нима учун Янги йил мўъжизасига ишониши ҳақида гапириб берди.
Янги йил арафасида ҳар биримиз энг эзгу орзуйимиз ушалишини алоҳида интизорлик билан кутамиз. Болалар байрамнинг бош қаҳрамони - Қорбобо келишини қувонч билан кутишади. Ҳатто унга ишонмай қўйган ва оқ соқол ҳамда қизил пўстин ортида кимнингдир дадаси ёки қўшниси яширинганини биладиганлар ҳам, унинг ёнида бир лаҳзага болаликка қайтиб, мўъжизага ишона бошлайди.
Олег Деревянко ҳар йили ўша чиройли, эртаксимон либосни кийиб, қўлига ҳассасини олиб, катталар ва болаларга эртак совға қилишга ошиқадиган инсонлардан бири. Барчаси Авиасозлар саройи ҳузуридаги “Оптимист” театр студиясида режиссёр Тамара Абрамовна Малинко раҳбарлигидаги машғулотлардан бошланган эди.
“Театр студияси ўзига жалб этиб юборди, аввалига аста-секин болалар спектаклларини саҳналаштира бошлашдик, икки йилдан сўнг эса бизни саройдаги биринчи арча байрамларига таклиф қилишди. У ерда биз катта ёшли актёрлар билан биринчи йирик спектаклни қўйдик”, - деб ҳикоя қилади у.
Вақт ўтиши билан, афсуски, Авиасозлар саройида ўзгаришлар юз берди, арча байрамлари тўхтатилди. Шунда Олег болалар боғчаларидаги байрам тадбирларида қатнаша бошлади. Дастлаб у Қорбобо ва Ўлмас Кошейнинг ролларини ўйнади.
У биринчи марта Қорбобо костюмини 19 ёшида кийди, ўшанда ундан танишининг ўрнига тадбирда қатнашишни сўрашганди.
“Ҳаммаси шундан бошланди. Бир йил Қорбобо бўлиб кўрдим, иккинчи йил бўлдим... Албатта, бошида бу бироз ғалати туюлди, образни топиш қийин бўлди. Ва мен уни анча вақт изладим - ўша образни, чунки ҳар кимнинг Қорбобоси ҳар хил. Айримлар уни ҳақиқий бободай тасвирлайди. Мен эса уни бироз шўх, ҳазилкаш ва куладиган қилиб кўрсатишга ҳаракат қиламан”, - деб ҳикоя қилади Олег.
Айтганча, Олег шўх Қорбобо образини бежиз танламаган: унинг устози – “Оптимист”студиясининг Қорбобоси Вячеслав Кожевников айнан шундай эди.
Қорбобо ишида кўплаб қизиқарли, жумладан, ноқулай вазиятлар ҳам учраб туради. Масалан, бир марта у уйда қўлқоп ва шапкасини унутиб қўйибди.
“Вазиятдан қандайдир чиқиш керак. Албатта, ўша заҳотиёқ импровизация қилишга тўғри келди. Яхшиямки, Қорқиз ҳам импровизацияга уста экан. Биз шундай сценарийни ўйлаб топдикки, гўё йўлда Қорбобонинг қўлқоплари ва шапкасини ўғирлаб кетишди: “Қани шапка ва қўлқопларни қидириб саёҳатга чиқамиз”. Лекин бу аслида бизнинг касбимизда кечириб бўлмайдиган хато ва бундан буён мен ҳар доим реквизитларни диққат билан текшираман”, - дейди қаҳрамонимиз.
Амалиётда тадбирга кечикишга мажбур бўлган ҳолатлар ҳам учраган.
“31 декабрь эди. Биринчи тадбирга етиб борганимизда, машинамиз бузилиб қолди. Ўша куни эса ҳар бир дақиқамиз режалаштирилган эди. Яхшиямки, қўнғироқ қилиб чақиришимиз мумкин бўлган танишларимиз бор экан. Улар етиб келишди, бизга ёрдам беришди, бизни олиб боришди ва машинани ҳам тортиб кетишди”, - дея жилмайиб эслайди Олег.
Олег Деревянконинг иш жадвали Янги йил арафасида, айниқса 31 декабрда, дақиқаларга қадар режалаштирилган. Қорбобо Қорқиз ва эртак қаҳрамонлари жамоаси билан болалар боғчаларига ташриф буюради, шунингдек, болаларнинг уйларига ҳам боради. Аммо у ўз имкониятларига яраша иш олишга интилади.
“Қорбобо қувноқ, сеҳрли бўлиши керак. Мен болаларга эртак совға қилишни яхши кўраман. Ўшандан куч-қувватим етиши учун атиги беш-олтита тадбирда қатнашишга ҳаракат қиламан. “Вой, яна ўша болалар, яна ўша совғалар”– демасдан чиқиш учун. Йўқ! Самимий жилмайиш керак, балки табассум соқол остида кўринмас ҳам, барибир жилмаймасангиз бўлмайди, чунки сиз табассум қилганингизда кўзлар ёниб туради, болалар эса буни ҳис қилади ва кўриб туради”, - дейди у.
Олегнинг 12 ёшли ўғли бор ва у, албатта, отаси нима иш билан шуғулланишини билади.
“У учинчи ёки тўртинчи синфда ўқиётганда, мактабидан келишимни сўрашганда, уни ёнимга чақириб, тушунтирдим: “Шундай-шундай бўлади, даданг келади, лекин сен индамайсан. Хўпми?” У хўп деди. Ва мана ҳозиргача, у олтинчи синфда ўқийди, ҳеч ким мен Қорбобо бўлиб келганимни билмайди. Бу жиҳатдан у жуда зўр," - дея жилмайиб гапиради Деревянко.
Оддий ҳаётда ҳам Олег санъат ва болалар билан ишлашни танлади. У “For Kids” хусусий болалар боғчасида актёрлик маҳоратидан дарс беради.
“Асосий вазифам тўрт ёшдан етти ёшгача бўлган кичкинтойларимизга театр нима эканлигини тушунтириш. Барча машғулотлар ўйин шаклида ўтказилади. Улар билан нафас олиш, диққатни жамлаш, қўл моторикасига қаратилган машғулотлар қилишга ҳаракат қиламан, шунда улар саҳнада тўғри гапириш, мақоллар ва тез айтишларни равон талаффуз қилишни ўрганади. Янги йил ёки 8 март каби байрамларга тайёргарлик кўриш вақти келганда, мен махсус сценарий ёзаман, бу айнан спектакль бўлиб, уни болалар билан биргаликда саҳналаштираман”, – дейди у.
Шунингдек, Олег рафиқаси Марина Громованинг тарбияланувчилари, унинг “Merry Kids” рақс жамоаси билан ҳам ишлайди. Бундан ташқари, у ижодий фаолият билан шуғулланади: шеър ва қўшиқлар ёзиб, уларни якка ўзи ёки ўғли билан бирга ижро этади.
Қорбобо - Олегнинг фикрича, болалар йил сайин ўзгариб бормоқда, айниқса ҳозирги интернет ва ижтимоий тармоқлар даврида бу яққол сезилмоқда.
“Илгари бизда ўйинчоқлар ҳам, Қорбобони уйга чақириш имконияти ҳам камроқ эди. Ҳозир эса ҳар қадамда арча безатилган. Деярли ҳар ким Қорбобони уйига таклиф қилиши мумкин. Шу боис болалар бунга оддийроқ ҳозир қарашади. Илгари бундай нарсаларни камроқ кўрганимиз учун кўзларимиз чақнаб турарди. Ҳозир болаларда кўп нарсалар бор, шунга қарамай, уларда барибир Қорбобога ишонч, эртакларга ишонч сақланиб қолинишини истардим”, - дейди у.
Олегнинг ўзи эса ҳамон энг афсонавий қиш қаҳрамонига ишонади.
“Шахсан мен учун Қорбобо ким? Қорбобо - бу рамз. Қандайдир бахт рамзи, эртак рамзи. Янги йилда барчамиз деймиз: “Янги йилингиз билан, янги бахт билан”. Яъни, биз ҳақиқатдан янги бахт келишига ишонамиз. Менимча, Қорбобо ва арча ҳам Янги йилнинг рамзларидир. Арча - Янги йилнинг тимсоли. Қорбобо ҳам худди шундай. Ҳар биримиз Қорбобо бўла оламиз. Ахир Қорбобо қандай? У совғалар улашади, эртак ҳадия қилади. Бунинг учун соқолли, пўстин кийганбўлиш шарт эмас”, - дея хулоса қилади у.
Батафсил - Sputnik видеосида.
Янгиликлар лентаси
0