“Меъёрни унутманг”: ССВ огоҳлантириш билан чиқди

© Getty Images / kajakikiНовогодний стол
Новогодний стол - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 31.12.2025
Oбуна бўлиш
ССВ янги йил дастурхонида саломатлик ва меъёрни сақлашга чақирди.
ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Янги йил байрами муносабати билан аҳоли ўртасида анъанавий равишда турли хил таомлар тайёрланиб, дастурхонлар безатилади. Бироқ бу кунларда овқатланиш тартибига эътиборсизлик билан ёндашиш инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, дея огоҳлантирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Тиббий кузатувларга кўра, байрам даврида ёғли, қовурилган, туз ва шакар миқдори юқори бўлган таомларнинг меъёрдан ортиқ истеъмол қилиниши ошқозон-ичак тизими, жигар, юрак-қон томир ҳамда қанд алмашинуви жараёнларига ортиқча юклама бўлади. Айниқса, сурункали касалликлари бор беморларда бундай ҳолатлар хасталикнинг зўрайишига олиб келиши мумкин.
ССВ байрам кунларида овқатланишда қуйидаги тавсияларга амал қилишни сўради:
қовурилган ва оғир ҳазм бўладиган таомлар ўрнига қайнатилган, димлаб ёки буғда тайёрланган овқатларни танлаш;
майонезли салатлар, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ҳамда тузли таомлар улушини чеклаш;
сабзавот, кўкат ва табиий меваларга устуворлик бериш;
ширинликларни меъёрда истеъмол қилиш, шакарли ичимликлар ўрнига тоза ичимлик суви ёки кўк чой ичиш;
овқатни секин, белгиланган вақтда истеъмол қилиш, кечки пайт эса оғир таомлардан воз кечиш.
Шунингдек, байрам кунлари етарли миқдорда сув ичиш организмда моддалар алмашинувини қўллаб-қувватлаб, умумий аҳволни барқарор сақлашга хизмат қилади.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни Янги йил байрамини хурсандчилик ва яхши кайфият билан, бироқ саломатликка масъулият билан ёндашган ҳолда ўтказишга чақиради. Онгли ва меъёрли овқатланиш байрам завқини камайтирмасдан, янги йилга соғлом қадам қўйиш имконини беради”, - дейилган хабарда.
Янги йил деганда хаёлингизга нималар келади? - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.12.2025
Дастурхонда оливье ва қалбда умид: ўзбекистонликлар Янги йилга қандай ҳозирлик кўришяпти
Янгиликлар лентаси
0