CyberGuard CUP 2025: Тошкентда талабалар ҳақиқий киберҳужумларни қайтаришга ўрганмоқда

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкентда бутун мамлакатдан келган талабалар икки кун давомида ҳақиқий кибертаҳдидларга жуда яқин шароитда бўлиб, ўзларини рақамли инфратузилмани ҳимоя қилувчилар сифатида синаб кўришди.
ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Тошкентдаги Инҳа университетида CyberGuard CUP 2025 киберхавфсизлик бўйича хакатон бўлиб ўтди. Мусобақа Capture the Flag (CTF) форматида бўлиб, 42 та жамоа - мамлакатнинг турли ҳудудларидаги техника олий ўқув юртларининг 200 нафардан зиёд талабалари иштирок этди. Иштирокчилар рақамли муҳитдаги ҳақиқий таҳдидлар ва ҳужум сценарийларига асосланган амалий вазифаларни ечди.
Жамоалар иши тўлиқ автоматлаштирилган CTF платформаси орқали ташкил этилди: тизим байроқларни – бажарилган вазифаларни қабул қилиб, реал вақт режимида балларни ҳисоблади. Ҳакамлар ҳайъати эса натижаларни модерация қилиш ва текшириш орқали мусобақанинг шаффофлиги ва холислигини таъминлади.
Тошкентдаги Инҳа университети ректори Бобур Абдуллаев таълимнинг бундай шакллари янги авлод мутахассисларини тайёрлашда асосий омил эканлигини таъкидлади.
“CyberGuard CUP 2025 шунчаки мусобақа эмас, балки амалий кўникмалар шаклланадиган муҳитдир. Биз талабаларнинг рақамли дунёнинг ҳақиқий муаммоларини ҳал қилишни ва юқори масъулият шароитида қарор қабул қилишни ўрганаётганларини кўрмоқдамиз. Биз учун битирувчилар касбга киришлари биланоқ дуч келадиган вазифаларни уддалай олишлари муҳим. Бундай ташаббуслар таълимнинг саноат билан алоқасини мустаҳкамлайди ва мамлакатимизнинг рақамли экотизимини ривожлантиради”, – деди Бобур Абдуллаев.
Университетнинг таъкидлашича, бундай мусобақалар 2023 йилдан бери ўтказиб келинаётган бўлса-да, бу йил уларнинг формати сезиларли даражада кенгайтирилди.
Инҳа университетининг Халқаро алоқалар ва стратегик ривожланиш бўлими бошлиғи Шаҳзода Жалолова ташкилотчилар янги иштирокчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратганини маълум қилди.

“Биз ёндашувимизни ўзгартириб, эътиборимизни айнан киберхавфсизликка эндигина қизиқиш билдирган талабаларга қаратишга қарор қилдик. Бугунги кунда бу соҳадаги мутахассислар танқислиги нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатилмоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз - ёшларни ушбу соҳага қизиқтириш. Бу йил хакатон янада кенг миқёсда ўтказилди ва унга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан иштирокчилар ташриф буюришди”,– деди Шаҳзода Жалолова.

Топшириқлар бажарилаётган пайтда жамоалар фаолиятини менторлар — шундай мусобақаларнинг аввалги иштирокчилари ва киберхавфсизлик соҳасидаги тажрибали мутахассислар кузатишди. Улар иштирокчиларга топшириқлар мантиғини тушунишда ва ечим стратегиясини шакллантиришда кўмаклашди. Устозларнинг таъкидлашича, ҳатто жиддий билимга эга бўлмаган талабалар ҳам икки кун давомида сезиларли касбий ўсишни намойиш этишдиҳамда чекланган вақт ва юқори босим шароитида ишлаш кўникмасини эгаллашди.
Иштирокчиларнинг ўзлари топшириқларнинг ғайриоддий хусусиятини таъкидлашмоқда. Талаба Беҳруз Абдуллаев саволларга тайёр жавоблар йўқлигини айтди.
“Топшириқлар ҳақиқатданҳам ўйлашга мажбур қилди. Бу ерда шунчаки интернетдан ечим топиб бўлмайди - жойида масалани ечиш керак, турли ёндашувларни ўрганиш ва гипотезаларни текшириш керак бўлди. Менимча, бундай мусобақаларнинг қиммати ҳам айнан шунда. Сиз барчаси амалда қандай ишлашини тушуна бошлайсиз”, - деди талаба.
CyberGuard CUP 2025 якунларига кўра, Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) жамоаси биринчи ўринни эгаллади - ғолиблар Грузиядаги таълим киберлагерда иштирок этиш учун барча харажатларни қоплаш имкониятига эга бўлишди.
Иккинчи ўринни 10 миллион сўм пул мукофоти билан Инҳа университети жамоаси қўлга киритди, учинчи ўрин эса 5 миллион сўм пул мукофоти билан “Янги Ўзбекистон” университети жамоасига насиб этди.
Янгиликлар лентаси
0