Насия бозори учун Ахлоқ кодекси ишлаб чиқилди — тафсилотлар
14:19 04.10.2025 (янгиланди: 14:41 04.10.2025)

© Sputnik / Наталья Селиверстова
/ Oбуна бўлиш
Ахлоқ кодекси лойиҳаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлом рақобатни таъминлашга қаратилган.
ТОШКЕНТ, 4 окт — Спутник. Марказий банк насия савдо бозори иштирокчиларининг Ахлоқ кодекси лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.
Кодекс истеъмолчи ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, аҳолида қарз юки ошиб кетиши хавфини камайтириш, бозор иштирокчилари орасида соғлом рақобат муҳити яратиш ва молиявий тизим барқарорлигини таъминлашни мақсад қилган.
Дастлабки талаблар
Ахлоқ кодекси талабларига кўра, насия савдо билан шуғулланувчилар аввал FinTex ассоциациясига аъзо бўлиши керак. Шундан сўнг уларга ишонч белгиси берилади ва рўйхат ассоциация сайтида эълон қилинади.
2025 йил 1 ноябргача ишонч белгисини олиш ихтиёрий ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади. Бунинг учун аъзолик ва кодексга риоя қилиш мажбурияти эълон қилинади. Ассоциациянинг ижобий хулосасидан сўнг ишонч белгиси берилади.
1 ноябрдан бошлаб эса юқоридаги тартиб мажбурий бўлиб, мустақил баҳоловчи ташкилот томонидан кодексга мувофиқлик текширилади. Мувофиқлик тасдиқлангач, ишонч белгиси берилади. Кодексга риоя этилиши ҳар уч йилда бир текшириб борилади.
Шартнома тузишдан олдин тақдим этиладиган маълумотлар:
Товар ёки хизматнинг бирйўла тўлаш учун белгиланган тўлиқ нархи;
Барча устама ва комиссияларни ҳисобга олган ҳолда тўланадиган умумий сумма;
Тўлов жадвали;
Барча турдаги йиғимлар, жарималар;
Шартномани муддатидан олдин бекор қилиш шартлари;
Тўловларни ўз вақтида амалга оширмасликнинг оқибатлари ҳақида маълумот ва бошқалар;
Рекламага доир талаблар
Насия савдоси бўйича реклама — “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга мос бўлиши шарт.
Реклама истеъмолчини чалғитмаслиги ёки нотўғри йўналтирмаслиги лозим.
“0 фоиз” ёки “бепул” каби иборалар, агар улар ҳақиқатга тўғри келмаса;
“Барча мижозлар учун мос” ёки “хавфсиз” деган каби умумлаштирувчи баёнотлар.
кечиктирилган тўловлар ёки қўшимча йиғимлар аниқ кўрсатилиши керак.
Қарз юки ошиб кетишини олдини олиш
Насия савдо хизматлари фақат 18 ёшдан катта шахсларга тақдим этилади.
Янги мижоз рўйхатдан ўтгач, унга 2 миллион сўмгача бошланғич лимит берилади.
Агар мижоз бу лимитдан ортиқ маблағ олишни истаса, унинг тўлов қобилиятини баҳолаш учун қарз юки кўрсаткичи ҳисобланади.
Мижознинг ойлик қарз тўлови унинг даромадининг 50%идан ошмаслиги керак.
Агар мижозда аввалги қарзлари бўйича муддати ўтган тўловлар мавжуд бўлса, унга янги насия хизматлари кўрсатилмайди.
Мижоз ўз қарзини исталган вақтда муддатидан олдин тўлиқ тўлаши мумкин ва бунинг учун ҳеч қандай жарима ёки пеня ундирилмайди.
Муддати ўтган тўловларни ундириш қоидалари
Мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаса, мижознинг насия лимити вақтинча тўхтатилади.
Насия ташкилоти мижозга огоҳлантириш юборади ва қарздорликни ундиришнинг турли босқичлари (Soft Collection, Hard Collection, Legal Collection) бўйича механизмлар ишлаб чиқади.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда насия савдоси бозори сўнгги йилларда жадал ривожланиб, онлайн савдо ва финтех хизматлари билан чамбарчас боғланмоқда. 2024 йилда ушбу бозорда иштирок этаётган компаниялар сони 200 дан ошди, уларнинг аксарияти мобил иловалар орқали хизмат кўрсатмоқда.