Авиамоделдан робототехникагача: Бир ўқитувчи ҳикояси
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
"Мени Москва педагогика институтига ишга таклиф қилишди, лекин мен рад этдим: ахир ўз болаларимни ташлаб қаерга ҳам борардим?" — Анатолий Душаков.
ТОШКЕНТ, 1 окт — Sputnik. Педагог- бу доим истеъдод. Бугунги қаҳрамонимиз самога ва технологияларга бўлган муҳаббатини педагогика билан уйғунлаштиради ва ўқувчиларни ғалабаларга “дастурлаб” робототехника бўйича чемпионларни тарбияламоқда.
Тошкентдаги 233- сонли мактабнинг технология фани ўқитувчиси Анатолий Душаков бутун умрини болаларга бағишлади. Ўқувчилар нафақат унинг жадвалдаги дарсига, балки қизиқарли, билим берувчи ва жуда завқли бўлган севимли авиамоделлаштириш ва робототехника тўгаракларига ҳам шошилишади.
Тошкентдаги 233- сонли мактабнинг технология фани ўқитувчиси Анатолий Душаков бутун умрини болаларга бағишлади. Ўқувчилар нафақат унинг жадвалдаги дарсига, балки қизиқарли, билим берувчи ва жуда завқли бўлган севимли авиамоделлаштириш ва робототехника тўгаракларига ҳам шошилишади.
Анатолий Владимирович ёшлигида авиамодель спорти бўйича республика ва халқаро мусобақалар совриндори бўлган. Кейин эса педагогикага келди. Чунки ўзи билган ва уддалаган маҳоратларни бошқаларга ўргатишни истарди.
“Авиамоделлаштириш билан шуғулланиш учун кўп қиррали инсон бўлиш, муҳандислик ва техника соҳаларини тушуниш, техник дизайндан хабардор бўлиш, моделларни бўяш усулларини билиш зарур. Бундан ташқари, доимо трендда бўлиш ва ишга янгиликлар киритишга интилиш керак", - дейди ўқитувчи.
Шу боис, 2019 йилда "РоботрекUZ" конструктори асосида таълим робототехникаси бўйича ўқув семинарида санкт-петербурглик мутахассисларнинг малакасини ошириш таклиф этилганда, Анатолий Душаков дарҳол рози бўлди. Ўшандан бери унинг фаолияти- робототехника ва ушбу йўналишда бўлажак чемпионларни тайёрлаш ҳам.
“Жанубий Кореядаги мусобақада эришган ғалабамни энг ёрқин дастлабки ютуқларимдан бири деб ҳисоблайман. 2019 йилда бу ерга Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан болаларни жамлаган Ўзбекистон терма жамоасини олиб келдим. Биз муносиб тарзда иштирок этиб, биринчи ўринни эгалладик", – дейди Душаков.
Шундан сўнг у 233-мактабда "РоботрекUZ" робототехника жамоасини ташкил этди.
Бир куни робототехника тўгарагининг машғулотига Олмазор тумани ҳокими Азизхон Умархонов ташриф буюрди. Ғоя унга маъқул келди, лекин у болаларнинг оддий, бу мақсадга кам жиҳозланганхонада, қўл остидаги воситалардан фойдаланиб шуғулланаётганини кўрди ва ўқув майдонини ташкил этишда албатта ёрдам беришини ваъда қилди.
Бугун Душаковнинг машғулотлари космик станциясига ўхшайдиган, махсус дастурий таъминотбилан компьютерлардан тортиб, конструкторлар ва энг майда деталларгача жиҳозланган хонада ўтказилмоқда.
Ҳозирги кунда Анатолий Владимировичнинг "РоботрекUZ" жамоаси нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам танилган.
Улар ҳар йили Россияда ("ДЕТалька" рақамли технологиялар, таълим робототехникаси ва нейротехнологиялар бўйича халқаро мусобақа, "ТехноСтрелка" халқаро фестивали ва бошқалар), Бразилия, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ўтказиладиган онлайн ва офлайн танловларда ғолиб бўлишмоқда. Айтганча, жамоада мактаб ўқувчиларининг тўртинчи авлоди тарбияланмоқда.
“Жамоамиз Нижний Новгородда чиқиш қилганда, ўқувчиларимнинг ишланмалари Москва педагогика институтини жуда қизиқтириб қолди. Улар мени ҳам ишга таклиф қилишди, лекин мен рад этдим: ахир ўз болаларимни ташлаб қаерга ҳам борардим?!” - деди ўқитувчи.
Анатолий Душаковнинг робототехника тўгарагига алоҳида саралаш танлови йўқ: барча истаганлар келади, аммо кўпчилиги қолмайди. Фақат энг тиришқоқ ва ташаббускорларигина давом этади.
“Менда қизлар ҳам бор, улар ҳам қизиқади, қатъиятли характер намоён қилади, қийин вазиятларда ёнимда туради," - деб жилмаяди ўқитувчи.
Душаков жамоаси билан тайёрлаётган деярли барча лойиҳалар ижтимоий йўналишдадир.
“Масалан, ўтган йили Санкт-Петербургдаги танловда биз ногиронлар ва меҳнатга лаёқатсиз кишиларга ёрдам кўрсатишга қаратилган лойиҳани тақдим этган эдик. Микроконтроллерлар ва уларга ўрнатилган сунъий интеллектга эга робот яратдик. Бундай робот ногирон инсонни кузатиши, унга дори-дармон бериши, аҳволи ёмонлашганда яқинларига ва тез тиббий ёрдамга хабар юбориши мумкин. Бундан ташқари, инсон орқасига ўрнатилган микропроцессор ёрдамида бошқариладиган тўрт қўлли экзоскелет - кибер-қўл ҳам ишлаб чиқилган эди. Унинг икки қўли стаканни ушлаши, учинчиси сув қуйиши, тўртинчиси сомончани жойлаштириши ва бошқа кўплаб вазифаларни бажариши мумкин", - деди педагог.
Душаковнинг кўплаб шогирдлари турли олий ўқув юртларининг талабалари ва битирувчилари бўлиб, улар устозини доимо илиқлик ва меҳр билан эслайди.
Мактабда Анатолий Владимировични ҳатто дарс жадвали бўйича дарслари бўлмаган пайтларда ҳам учратиш мумкин. Унинг олдига бориб, маслаҳат олиш, қўшимча шуғулланиш мумкин. Бундан ташқари, у ўқувчилар билан фойдали ҳордиқ чиқариш ва тоғларга саёҳатлар уюштиради.
“Болаларни кўзлари ёниб турганида, улар ўйлаганларини амалга ошира олсалар, мен хурсанд бўламан. Умуман олганда, ўқитувчининг бахти ўқувчиларининг муваффақиятларида," - дейди у.
Ўқитувчи ва унинг тарбияланувчилари ҳақида батафсил лавҳани Sputnik видеосида томоша қилинг.