“Навоийазот” цехи ва яна қатор корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди

© Navoiyazot АО «Navoiyazot»
 АО «Navoiyazot» - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.09.2025
Oбуна бўлиш
Навоий вилоятида экологик талабларни бузган саноат корхоналари фаолияти тўхтатилди. Улар орасида “Навоийазот” АЖ аммиак цехи ҳам вақтинча ишини тўхтатди
ТОШКЕНТ, 25 сен – Sputnik. Экологик талабларни бузгани учун Навоий вилоятидаги қатор саноат корхоналари, шу жумладан, “Навоийазот” АЖнинг аммиак цехи ҳам фаолияти ҳам вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Навоий вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда бошқа мутахассислар томонидан Навоий шаҳри ва Кармана тумани атрофидаги корхоналар фаолияти ўрганилди.
Назорат тадбирлари давомида 22 та саноат корхонаси томонидан экологик талабларга зид тарзда фаолият олиб борилаётганлиги аниқланиб, қарор асосида ушбу корхоналар фаолиятини тўхтатиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди ҳамда 25 нафар масъулларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал қилинди.
Шунингдек, атмосферага салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона ва цехлар фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилди. Шулардан Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан 19 таси қаноатлантирилди.
Хусусан, 23 сентябрь куни Навоий вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари Кармана иқтисодий судининг қарори юзасидан берилган шикоят аризаси кўриб чиқилиб, “Навоийазот” АЖнинг 23-цехи (аммиак) фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Навоий вилоятида кузатилган ҳавонинг юқори ифлосланиши билан боғлиқ ҳолат ўрганилиб, "Навоийазот" АЖ атрофида таҳлил ишлари олиб борилганда атмосфера таркибида аммиак 1,4 баравар ҳамда водород сульфиди 16,8 баравар меъёрдан юқорилиги аниқланганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Маълумот учун: "Навоийазот" АЖ Ўзбекистон ва Марказий Осиёда етакчилардан бири бўлган кимё саноати корхонаси. Корхонада иқтисодиётнинг қишлоқ хўжалиги, саноат, тиббиёт ва бошқа соҳаларида қўлланиладиган кенг турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Трубы ТЭЦ. Иллюстративное фото. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.09.2025
Тошкент вилоятидаги барча ИЭСлар 2026 йил сентябргача фильтрлар билан жиҳозланади
Янгиликлар лентаси
0