Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

© Sputnik / Зафар ХалиловТашкент. Центральный банк Узбекистана
Ташкент. Центральный банк Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.09.2025
Oбуна бўлиш
11 сентябрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ТОШКЕНТ, 11 сен – Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 11 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг иккинчи чорагида шаклланган иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби юқори суръатларининг нархларга оширувчи таъсирлари давом этди. Шу билан бирга, ўтган йилги база таъсирлари чиқиб кетиши ҳисобига август ойидан инфляция пасая бошлади.

“Иқтисодиётдаги инфляцион босимни камайтириш ва ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани жорий 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди”, - дейилган регулятор хабарида.

Банк маълумотларига кўра, август ойида умумий инфляция июлга нисбатан бироз пасайиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг секинлашиши ҳисобига базавий инфляция 7,6 фоизгача пасайди.
Шу билан бирга, ялпи талабнинг юқори даражада сақланиши шароитида энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирлари хизматлар инфляциясининг юқори шаклланишида намоён бўлмоқда.
Қайд этилишича, сўнгги ойларда мавсумий омиллар ҳамда алмашув курсининг барқарорлашуви ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилган бўлса-да, мазкур кутилмалар умумий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда.
“2025 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий ўсиш 7,2 фоизгача тезлашди. Бунда, хизматлар соҳасининг юқори суръатлари билан бирга саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилди”, - дейилган хабарда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг барқарор ўсиши, иқтисодиётда кредитлаш суръатларининг жадаллашуви, бюджет харажатларининг ўсиши ҳамда инвестицион фаолликнинг юқори бўлиши ялпи талабни фаол рағбатлантирувчи омиллардан бўлмоқда.
Шу билан бирга, халқаро савдодаги чекловлар ва ўзаро алоқаларга киритилган ўзгаришлар туфайли глобал инфляциянинг пасайиши кутилганидан секин кечаётгани, жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошаётганлиги ҳамда асосий савдо ҳамкор давлатлардаги инфляция даражасининг таргет кўрсаткичларидан юқори шаклланганлиги келгусида импорт инфляциясининг кучайишига олиб келиши мумкин.
Ушбу шароитларда жорий йил якунида инфляция даражаси 8,7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилиши иқтисодиётда жамғариш жозибадорлигини сақлаб қолиб, кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради.
Асосий ставкани кўриб чиқиш 2025 йил 23 октябрь кунига белгиланган.
Президент: каждое достижение служит возвышению достоинства и защите прав человека - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.08.2025
Ўзбекистон ЯИМ бу йил илк бор 130 млрд доллардан ошади – Мирзиёев
Янгиликлар лентаси
0