Тошкентда “Менделеев мактаби” лойиҳаси бошланди - видео

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Унинг асосий мақсади - табиий фанларни ўқитиш сифатини ошириш, ўқувчиларнинг етакчи ихтисослашган олий таълим муассасаларига киришлари учун мустаҳкам фан билим пойдеворини яратиш.
“Менделеев мактаби” – Россия Маориф вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик маркази томонидан Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг (РКТУ) Тошкент филиали билан ҳамкорликда ва Ўзбекистон Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги кўмагида йўлга қўйилган муҳим гуманитар лойиҳа. Мазкур лойиҳа "Хориждаги россиялик ўқитувчи" таълим дастури доирасида ишлаётган педагоглар томонидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳа Тошкентдаги РКТУ филиалида тантанали очилиш билан бошланди. Унинг аҳамиятини Россиянинг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Андрей Ланчиков, РКТУнинг Тошкентдаги филиали ижрочи директори Ботир Нурматов, шунингдек, Россотрудничество вакили Ирина Сульжина алоҳида таъкидлашди.
“Менделеев мактаби” лойиҳаси доирасида россиялик ўқитувчилар мактаблар ва Д.И. Менделеев номидаги РКТУ лабораториялари имкониятларидан фойдаланиб табиий фанлар йўналишидаги фанларни асосий ва чуқурлаштирилган даражада ўқитадилар.
Ўқувчилар ва устозлар учун фанларни чуқур ўрганиш, қўшимча ва танлов курслари, олимпиадалар ва ижодий танловлар, ёзги мактаблар ташкил этилади, шунингдек, табиий фанлар йўналиши бўйича россиялик ўқитувчилар ва миллий мактаблар педагогларининг услубий бирлашмалари шакллантирилади.
“Бу алоҳида бино сифатида тасаввур қилинадиган мактаб эмас, балки миллий мактаб доирасида шаклланадиган ўзига хос таълим моделидир. Унда рус тили ва адабиётини Россия таълим дастурларига кириш воситаси сифатида ўқитиш билан бирга, ўқувчилар кейинчалик Россия кимё-технология университетининг Тошкентдаги филиалида олий таълимни давом эттиришлари учун керак бўлган ихтисослик фанларни чуқур ўрганадилар. Ишонамизки, мазкур лойиҳа болаларга кимё ва биология фанларидан чуқурлаштирилган тайёргарлик бера олади. Олий таълим муассасаси келажакдаги янги атом электр станциялари лойиҳалари учун ҳам мутахассислар тайёрламоқда. Шу боис юқорида санаб ўтилган фанларга физика ҳам қўшилади деб ўйлайман. Бу болаларга рус тилида ўзларини намоён этиш учун кўпроқ имкониятлар яратиш, уларнинг ўз мамлакатининг фаол фуқароларига айланиши, иқтисодиёт ва ҳамкорлик жараёнларига қўшилиши ҳамда ўз Ватанининг келажагини биргаликда қуриши учун муҳимдир”, - деди Россия Федерацияси Маориф вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик маркази директори Сергей Малишев.
Лойиҳа Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги учта 187-, 208- ва 210-сонли мактабда амалга оширилмоқда. Очилиш маросими доирасида лойиҳа ўқитувчиларига мазкур мактабларда лаборатория ишлари учун сарф материаллари сотиб олишга мўлжалланган сертификатлар ҳамда ўқув ва услубий адабиётлар тўпламлари топширилди.
Батафсил - Sputnik видеосида.
Янгиликлар лентаси
0