Чегара қўшинлари Қирғизистон билан чегарадаги ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди

© Погранвойска СГБ УзбекистанаГраница Узбекистана
Граница Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.09.2025
Oбуна бўлиш
Огоҳлантиришларга қарамай, икки Қирғизистон фуқароси чегара томонга яқинлаша бошлаган. Чегара қўшинлари сўнгги чора сифатида уларга ўқ узган, қоидабузарлар воқеа жойида вафот этган.
ТОШКЕНТ, 5 сен – Sputnik. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари Қирғизистон билан чегарадаги ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди
Аввалроқ Қирғизистон нашрлари мамлакатда қидирувга берилган икки нафар фуқаронинг жасади Ўзбекистон чегарасидан топилгани ҳақида хабар қилганди.
Ўзбекистон Чегара қўшинлари маълумотларига кўра, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Угам–Чотқол қўриқхонаси яқинида жойлашган чегара ҳудудида 2 нафар номаълум шахснинг ҳаракати кузатилган. Чегара наряди уларни тўхташга чақирган, бироқ улар бўйсунмай қочишга уринган.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, уларни тўхтатиш мақсадида ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узилган. Шунга қарамай, шахслар чегарага томон ҳаракатни давом эттирган. Охирги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланилган. Натижада улар жароҳат олиб, кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамга қарамай, воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида 1 дона чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда учинчи шахснинг излари топилган. У яширинишга улгуриб, Қирғизистон томонга қайтиб кетган. Шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Қозоғистон чегара идоралари ҳодиса ҳақида хабардор қилинган. 31 август куни вафот этганлар Қирғизистон фуқаролари экани аниқланиб, уларнинг жасади қариндошларига топширилган.
2-3 сентябрь кунлари эса Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари раҳбарлари келишуви асосида ҳодиса жойи қўшма тартибда ўрганилди.

"Комиссия текширувлари натижасида чегара наряди ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ бўлгани, вафот этган Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилгани, учинчи шахс эса Қирғизистон ҳудудига яшириниб қайтгани тасдиқланди. Унга нисбатан чоралар кўриш бўйича томонлар келишувга эришди", - дейилган расмий хабарда.

Қўшимча қилинишича, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида икки томон чегараолди ҳудудларида яшовчи аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, мураккаб тоғли ҳудудларни қўриқлашда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Янгиликлар лентаси
0