Марказий Осиёда ягона “Катта Қуёш печи”да қандай кашфиётлар амалга оширилмоқда?

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
“Катта Қуёш печи” Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган бўлиб, мамлакатдаги энг ноёб объектлардан бири ҳисобланади.
Бундай иншоотлар дунёнинг фақатгина икки мамлакатида мавжуд. Бири Францияда, иккинчиси эса Ўзбекистонда. Иншоот денгиз сатҳидан 1100 метр юксакда жойлашган. Қурилма учун тоғли ҳудудда ер майдони портлатилиб 30 метр чуқурликда темир-бетондан пойдевор қўйилган. Иншоот қурилиши 1981 йилдан 1987 йилгача давом этган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад – ядро қурол ишлатилишида бўладиган жараёнларни симуляция қилиш, космосга учадиган аппаратларни турғунлигини текшириш ва ўта соф ва ўта енгил материаллар олиш бўлган.
“Собиқ Совет мамлакатларида қурилмани қаерга қўйиш кераклиги ва қаерда кўпроқ самара бериши ҳақида вазифа қуйилган. Бу ердаги қўйилган талаблардан энг каттаси: табиат экологик соф бўлиши, тутун ёки булутланиш, қуёшли кунларнинг кўп бўлиши эди. Ҳозирги қуёш қурилмаси жойлашган Паркент тумани тоғли ҳудуд саналади. Экологияси тоза, соф. Бу тизим жуда катта, 10 гектардан кўпроқ ерни эгаллайди ва учта қисмдан иборат. Мана шу учта қисм битта қояда жойлашган бўлиши шарт, чунки ер силкиниши вақтида у бир-бирини ўқидан чиқиб кетмаслиги керак. Бу жуда ноёб жой, сабаби бундай катта харсангтошни топишни ўзи бўлмайди”, - дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев.
“Катта Қуёш печи”да қуёш нуридан фойдаланиб, материалларни синтез қилиш, ишлаб чиқариш ва хўжалик йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш мумкин. Бугун у ерда Олмалиқ кон металлургия комбинатидан чиққан техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва қимматбаҳо металларни ажратиб олиш ишлари мақсад қилинмоқда.
“Бугунги кунда у ерда деярли икки миллиардга яқин техноген чиқиндилар йиғилиб қолган. Уни таркибида 30 фоиздан ортиқ металл бор. Уни ажратиб олиш эса технологик жуда қийин жараён. Шунинг учун бизнинг таклифимиз – мужассамлашган қуёш нурида техноген чиқиндиларни эритиб, ажратиб олиш. Гап шундаги қуёш нурланиши жуда тез таъсир ўтказади. Айтайлик, юзага газ ёки бошқа энергия манбаси билан таъсир қиладиган бўлса, биринчи юза қизийди, ундан сўнг ўртасига ўтиб боради. Қуёшда фойдаланганда ундай эмас, агар материални олиб қуёш нурида таъсир ўтказадиган бўлсак, бошдан оёқ қуёш нури унга таъсир ўтказади. Жараён жуда ҳам тез бўлади. Энг қизиғи, буни (техноген чиқиндиларни) ичидаги темир миқдори деярли 65 фоизни ташкил этяпти. Энди тасаввур қилинг, икки миллиард тонна ичидан 25-30 фоизи металл бўлса, юзлаб миллион тонна темирни ажратиб олиш мумкин, дегани. Бу эса нафақат экологияга, балки иқтисодий томонлама катта фойда келтириши мумкин”, - дея қўшимча қилади олим.
Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари Россия билан ҳамкорликда илмий изланишларни амалга оширмоқда. Шунингдек, қуёш энергияси орқали лабораторияда сунъий равишда олмос, ёқут ва бошқа қимматбаҳо металларни ишлаб чиқариш устида тажриба ўтказилмоқда.
“Россия Федерацияси билан биз асосан, Бутунроссия авиация Моддалари Илмий-Тадқиқот Институти билан ҳамкорлик қиламиз. Асосий мақсад – космик аппаратлар юзаларини ҳимояловчи композициялар ишлаб чиқиш ва уларни синовдан ўтказиш. Маълумки, космик аппаратлар космосга учганда ёки қайтиб келаётганда ҳаво билан ишқаланиш натижасида икки минг градусдан юқори ҳарорат бўлади. Космик аппаратлар, айниқса ерга қўнувчи аппаратлар қайтиб келаётганда ёнади. Ичида эса космонавтлар бор. Уларни хавфсизлигини таъминлаш учун айнан шундай композитлар керак. Бир томондан у енгил бўлиши керак, бошқа томондан юқори ҳароратларга бардошли бўлиши керак. Кўплаб давлатлар синов ўтказади. Лекин улар плазма энергиясидан фойдаланади. Плазмани ҳарорати беш минг градусдан бошланади. Бу эса композитларни, ичидаги молекулаларни парчаланишига олиб келади. Яъни, ўтказилган тажрибани тўғри ёки нотўғрилигини текшириш жуда ҳам қийин бўлади. Қуёш қурилмасидан фойдаланганда ҳароратни 0 дан 2 ярим минг градусгача кўтариб бориш мумкин. Яъни, босқичма-босқич худди ер юзасидан космосга учгандек шароитни такрорлаш мумкин. Айнан шу йўналиш бўйча биз ҳамкорлик қиламиз”, - дейди Парпиев.
Батафсил Sputnik Ўзбекистон видеосида кўринг.
Янгиликлар лентаси
0