Ўзбекистон ва Покистон талабалари учун Ёзги мактаб ташкил этилади
14:12 14.07.2025 (янгиланди: 14:34 14.07.2025)
© Getty Images / Connect Images/Peter MullerСтуденты на лекции

© Getty Images / Connect Images/Peter Muller
Oбуна бўлиш
Геология фанлари университети Покистон университетлари билан музокаралар ўтказди.
TOШКЕНТ, 14 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Покистон талабалари учун Ёзги мактаб ташкил этилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Геология фанлари университети ўқув ишлари бўйича проректори Лейла Шарафутдинова бошчилигидаги делегация Покистонда бўлди.
Исломобод ва Карачи шаҳарларига сафар давомида қуйидагилар иштирокида учрашувлар бўлиб ўтди:
Қуайд-и-Аъзам университети;
Баҳрия университети;
Фан ва технологиялар миллий университети;
Ғулом Исҳоқ Хон номидаги Инженерлик фанлари ва технологиялари институти;
Карачи университети;
Урду университети.
Қайд этилишича, Покистон университетлари билан бакалавриат йўналишида "2+2" ва магистратура йўналишида "1+1" шаклларида дуал таълим дастурларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Музокаралар натижасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қўшма тадқиқотлар, алмашинув дастурлари ва академик сафарларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди”, — дейилади хабарда.
Қуайд-и-Аъзам университетида аниқ мавзулар бўйича тор профилдаги тадқиқотларни бошлаш, натижалар асосида нуфузли журналларда ҳаммуаллифликда мақолалар чоп этиш бўйича томонларнинг режалари мувофиқлаштирилди.
Баҳрия университетининг Исломобод ва Карачи кампусларида қўшма академик лойиҳалар, геофизика ва рақамли хариталар яратиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар ўтказилди. Учрашув якунида икки университет ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Фан ва технологиялар миллий университетида соҳавий дастурий таъминотлар, геология соҳасида сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда биргаликда илмий-амалий конференциялар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
“Август-сентябрь ойларида Геология фанлари университети базасида Қуайд-и-Аъзам университети, Баҳрия университети ва Фан ва технологиялар миллий университети ўқитувчилари ва талабалари учун назария ва амалиётни уйғунлаштирган Ёзги мактаб ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди”, — дейилади хабарда.
Ғулом Исҳоқ Хон номидаги Инженерлик фанлари ва технологиялари хусусий университетида геология факультетини ташкил этиш, ўқув жараёнларини йўлга қўйиш, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Карачи университети ва Урду университети билан эса минерал ресурслар ва гидрогеология йўналишларида илмий-академик ҳамкорликни фаол йўлга қўйиш, ҳамкорликда замонавий стандартларга мос таълим дастурларини ишлаб чиқиш, долзарб мавзулар ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш бўйича келишиб олинди.