Ўзбекистонда куйдирги билан касалланиш ҳолатлари аниқланмади — Санэпидқўмита

© Sputnik / Денис Абрамов
/ Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Санэпидқўмита: касалликни республикага кириб келишини олдини олиш мақсадида чегара пунктларида чуқур текширув ўтказилади.
ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Ўзбекистонда куйдирги билан касалланиш ҳолатлари аниқланмаган. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Сўнги вақтларда қўшни республикалар, ҳусусан Тожикистон ва Қозоғистонда ҳайвонлар ўртасида куйдирги билан касалланиш ҳолатлари кўпайганлиги хақида хабарлар тарқалди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълум қилишича, куйдирги билан касалланиш ҳолатлари Ўзбекистонда аниқланмаган.
“Республикамизда касалликни олдини олиш учун гумон этилганҳолатлар юзага келганда ташхислаш, даволаш учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари касллик ўчоқларида тупроқдан намуналар олиб, лаборатория шароитида доимий назорат олиб борилади. Касалликни мамлакатимиз ҳудудига кириб келишини олдини олиш мақсадида эса 55 та чегара пунктларимиздан ўтувчилар чуқур текширувдан ўтказилади”, — дея маълум қилди ахборот хизмати.
Маълумот учун, куйдирги (Cибир яраси) – Bacillus anthracis бактерияси сабабли юзага келадиган хавфли инфекцион касаллик бўлиб, асосан ҳайвонлардан юқади. Куйдирги касаллиги билан барча турдаги қишлоқ хўжалик, ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади.
Одамларга касаллик қуйидаги йўллар орқали юқади:
касалланган ҳайвонни парвариш қилган пайтда;
ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган хайвонларни сўйиб, терисини шилганда;
гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда.
“Куйдирги касаллигидан ўлган ҳайвон териси ва жунидан тайёрланган ҳар хил мўйна буюмлар орқали ҳам касаллик юқиши мумкин. Ҳатто 100 даражада қайнатилган гўшт ҳам хавфли бўлиши мумкин фақат тўлиқ қиздирилган, ичида пушти жой қолмаган гўшт хавфсиз ҳисобланади. Касаллик одамдан-одамга юкмайди”, — дейилган матбуот хабарида.
Касаллик шакллари:
Куйдирги касаллиги аксарият ҳолларда тери шаклида (98,0 – 99,0 фоиз) учрайди ва касалликнинг бу турида бемор тўлиқ тиббий даво муолажаларидан сўнг, ҳеч қандай асоратсиз соғайиб кетади;
Касалликнинг септик, ичак, ўпка шакллари ҳам мавжуд бўлиб, жуда оғир кечади ва одатда ўлим билан тугайди;
Касалликнинг “тери яраси” шаклидаги яра бошқа яралардан тубдан фарқ қилади: яранинг оғриқсиз бўлиши (агар иккиламчи инфекция қўшилмаган бўлса), кўмирга ўхшаш қора пўстлоқ қопланиши, яра атрофи қизариб, шиш пайдо бўлиши, ярага яқин жойлашган лимфа тугунлари яллиғланиб, катталашиши.
Касалликни олдини олиш учун хонадонларда боқилаётган чорва молларини куйдирги касаллигига қарши ҳар йили бир маротаба эмлатиш ва уларни қушхоналарда ва сўйиш майдончаларида, ветеринария ходими назорати остида сўйиш талаб этилади.
Шунингдек, гўштни фақат дўконлардан ва бозорлардан харид қилиш тавсия этилади.