БМТ Эронга Ироил ва АҚШ зарбалари муносабати билан йиғилиш ўтказди — ким қандай фикрда?

© Sputnik / Алексей Витвицкий / Медиабанкка ўтишАллея флагов возле здания Организации Объединённых Наций (ООН) в Женеве.
Аллея флагов возле здания Организации Объединённых Наций (ООН) в Женеве. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.06.2025
Oбуна бўлиш
АҚШнинг БМТдаги вакили Эронни "терроризм ҳомийси" деб атади.
TOШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Якшанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрон илтимосига биноан ушбу мамлакат ядровий объектларига сўнгги зарбалар муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказди, дейилади ташкилот эълон қилган хабарда.
Йиғилишда сўзга чиққан БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Қўшма Штатлар томонидан Эрон ядровий объектларининг бомбардимон қилиниши минтақа учун "хавфли бурилиш"ни англатади.
"Дунё ҳам бу хавфли можаро оқибатларидан қочиб қутула олмайди", — дея қўшимча қилди бош котибнинг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча. “Бунга йўл қўймаслик учун дипломатия устун бўлиши керак", деди бош котиб.
Енчанинг таъкидлашича, Эрон парламенти бир овоздан глобал энергия ташувчилар транзитининг энг муҳим денгиз йўли - Ҳўрмуз бўғозини ёпиш чораларини қўллаб-қувватлаган. Бу масала бўйича якуний қарорни Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши қабул қилиши керак бўлади.
"Денгизда юк ташиш бўйича халқаро ҳуқуққа мувофиқ барча давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида эслатиб ўтаман", деди бош котиб ёрдамчиси.
"Хавфсиз денгиз қатнови кафолатланиши керак", дея таъкидлади БМТ раҳбари.
Гутерриш жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва Эрон ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошлашга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, Эрон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага риоя қилиши керак ва БМТга аъзо барча давлатлар Низом ва халқаро ҳуқуқ нормалари, жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасидаги мажбуриятларига мувофиқ ҳаракат қилиши керак.
"Бизга ишончли, кенг қамровли ва текширилиши мумкин бўлган - ишончни тиклайдиган - МАГАТЭ инспекторлари учун тўлиқ кириш имкониятини ўз ичига олган ечим керак", — деди бош котиб. "Биз қатъий танлов олдида турибмиз. Бир йўл кенгроқ урушга олиб боради... иккинчиси - кескинликни юмшатиш, дипломатия ва мулоқотга. Биз қайси йўл тўғрилигини биламиз", дея хулоса қилди у.
Хавфсизлик кенгашида видеоалоқа орқали сўзга чиққан МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Мариано Гроссининг айтишича, Фордо аҳоли пункти яқинида жойлашган Эроннинг уранни бойитиш бўйича асосий иншооти - "Фордо"да кратерлар кўриниб турибди.
Бу АҚШ томонидан тешиб ўтувчи ўқ-дорилардан фойдаланаётганидан далолат беради, деди у.
"Ҳозирда ҳеч ким, шу жумладан МАГАТЭ ҳам "Фордо"даги ер ости зарарини баҳолай олмайди", — деди Гросси. "МАГАТЭ инспекторлари Эронда бўлиб турибди ва улар ўз ишларини бажаришлари керак. Бунинг учун жанговар ҳаракатларни тўхтатиш керак, шунда Эрон зарур хавфсизлик шартларига риоя қилган ҳолда объектларга жамоаларни киритиши мумкин", — дея қўшимча қилди у.
МАГАТЭ раҳбари яна бир бор ядровий объектларга ҳужумлар бўлмаслиги кераклигини таъкидлади, чунки улар ҳужумга учраган мамлакат ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам радиоактив чиқиндилар ва кенг кўламли оқибатларга олиб келиши мумкин.
"Келинг, тарқатмаслик режими барбод бўлишига йўл қўймайлик. Шахсий позиция ва қарашлардан қатъи назар, бир нарсани аниқ айтиш мумкин ва бу оддий ҳақиқат: дунё бўйлаб кўпроқ давлатлар ядровий қуролга эга бўлса, биз хавфсизроқ бўла олмаймиз”, — дея қайд этди у.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя "Исроил ва АҚШнинг тажовузкор ҳаракатларини зудлик билан тўхтатишга, барча томонларни вазминликка ва вазиятни халқаро дипломатия ва музокаралар жараёни доирасига қайтаришга" чақирди.
Шу билан бирга, у "битта чақириқ" етарли эмаслигини ва Хавфсизлик Кенгаши "МАГАТЭ кафолати остидаги Эроннинг тинч атом инфратузилмаси объектларига зарба беришга йўл қўйилмайдиган" жамоавий қарор ишлаб чиқиши кераклигини қўшимча қилди.
Небензининг сўзларига кўра, Россия, Хитой ва Покистон якшанба куни эрталаб зудлик билан ва сўзсиз ўт очишни тўхтатиш ҳамда Эрон ядровий дастури атрофида дипломатик ечим топишга чақирувчи резолюция лойиҳасини тайёрлаган ва тарқатган.
У Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзоларини ҳужжатни иложи борича тезроқ қўллаб-қувватлашга чақирди.
АҚШнинг ҳарбий зарбалари Эрон томонидан ядровий таҳдидни бартараф этишга қаратилган, деди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Дороти Ши ва Эронни "терроризм ҳомийси" деб атади.
"Ушбу операция глобал беқарорликнинг узоқ йиллик, аммо шиддат билан ўсиб бораётган манбасини бартараф этиш ва иттифоқчимиз Исроилга БМТ низомига мувофиқ жамоавий мудофаага бўлган ажралмас ҳуқуқимизни амалга оширишда ёрдам беришга қаратилган эди", — деди Ши.
"Қўшма Штатлар ўз иттифоқчиси ва ўз фуқаролари ва манфаатларини ҳимоя қилиб, қатъий ҳаракат қилиш вақти келди. Президент Трамп айтганидек, Эроннинг америкаликлар ёки Америка базаларига қарши бевосита ёки билвосита ҳар қандай ҳужуми ҳалокатли қасос билан кутиб олинади", — дея қўшимча қилди у.
Янгиликлар лентаси
0