Жуда қаттиқ талаблар билан иқтисодиётнинг кулранг зоналари ўса бошлайди — Решетников
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли Республики УзбекистанМинистр экономического развития Российской Федерации Максим Решетников

© Министерство инвестиций, промышленности и торговли Республики Узбекистан
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ўзбекистон ҳамда Россия IT ва платформали иқтисодиёт бўйича ҳамкорликни янги босқичга кўтараётгани айтилди.
TOШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги IT ва платформали иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Тошкентдаги инвестиция форуми доирасидаги сессияда маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Тошкентдаги инвестиция форуми доирасида креатив иқтисодиёт ва технологиялар, жумладан, сунъий интеллектни ривожлантиришда соҳани ортиқча тартибга солиш билан тўлдириб юбормаслик муҳимлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда ўнлаб муҳим саволлар пайдо бўлмоқда - сунъий интеллект ёрдамида яратилган маҳсулотларга бўлган интеллектуал ҳуқуқлардан тортиб, контент муаллифларининг ундан фойдаланишдан келадиган даромадда иштирок этиши мумкинлигигача. Бироқ, вазирнинг фикрича, ёндашув эҳтиёткорона бўлиши керак.
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли Республики УзбекистанМинистр экономического развития Российской Федерации Максим Решетников

Министр экономического развития Российской Федерации Максим Решетников
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли Республики Узбекистан
"Тартибга солмаслик мумкин бўлса — тартибга солма. Тартибга солиш маълум даражада мажбурий бўлиши керак" — дея таъкидлади Решетников.
Унинг қўшимча қилишича, ҳаддан ташқари мураккаб механизмлар нейрон тармоқлар ва умуман инновациялар ривожланишини секинлаштириши мумкин.
Унинг айтишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги IT ва платформали иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Россия компаниялари ўзларининг рақамли ечимларини, жумладан, сунъий интеллект хизматлари ва киберхавфсизлик маҳсулотларини фаол илгари сурмоқда, бироқ энг катта самарага қўшма лойиҳаларни яратишда эришилмоқда.
"Бу ерга Ozon, Wildberries чиқаётганда, бу аслида Россия ишланмаларининг бутун бир қатлами чиқади", — деди вазир.
Унинг қўшимча қилишича, бу ҳамкорлик Ўзбекистон IT-ишланмалари учун ҳам бозор очади, айниқса республикада рақамли саноатнинг жадал ўсиши ва таълимга устувор эътибор шароитида.
"Биз тушунамиз - умуман олганда, IT соҳасидаги ўзбек ишланмалари жаҳон даражасидаги ишланмалар бўладиган вақт яқин. Умид қиламизки, биз бу борада ҳамкор бўламиз. Шунинг учун биз бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорликда айнан IT соҳасига катта эътибор қаратмоқдамиз", — деди Решетников.
Решетниковнинг айтишича, Ўзбекистон билан товар айирбошлашнинг ўсиши фақат ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали мумкин. У Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда ҳамкорлик ва ўзаро инвестициялар асосий йўналиш бўлиб қолаётганини айтди.
"Бизнинг кейинги ўсишимиз фақат интеграцияни доимий равишда чуқурлаштириш асосида амалга ошиши мумкин", — деди у.
Платформа ечимлари товар оқимлари характерини тубдан ўзгартиради ва эскирган тартибга солиш ёндашувларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.
Унинг сўзларига кўра, илгари халқаро савдода сертификатлаш ва божхона тартиб-қоидаларини яхши биладиган йирик импортчилар устунлик қилган. Бугун эса бозор шиддат билан ўзгармоқда: унга ўн минглаб кичик ва ўрта бизнес вакиллари кириб келмоқда, уларнинг кўлами, иқтисодиёти ва талаблари бутунлай бошқача.
"Агар уларга нисбатан йирик ўйинчиларга нисбатан қўлланиладиган қатъий тартибга солиш чоралари қўлланилса, бу товар оқимлари йўлида жиддий тўсиқ бўлади. Бунда нафақат бизнес ютқазади, балки давлат ҳам ютқазади. Чунки жуда қаттиқ талаблар билан иқтисодиётнинг кулранг зоналари ўса бошлайди", — деди у.
Решетников ЕОИИ доирасида қуйидаги талабларни тенглаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилаётганини таъкидлади: ягона маркировкалаш, ягона техник тартибга солиш ва хатарларни бошқариш механизмлари жорий этилмоқда. Унинг фикрича, худди шундай ёндашувларни Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида ҳам қўллаш керак.
"Бу Евроосиё учун энг муҳим бозор, айниқса саноат кооперацияси фаол ривожланаётган ҳозирги вақтда", — дея қўшимча қилди вазир.
Шунингдек, у финтех ва платформалар ҳамда банклар ўртасидаги рақобат мавзусига тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, рақамли иқтисодиётда иккита кучли экотизим - анъанавий банк ва платформали экотизимлар шаклланмоқда ва улар ўртасида аллақачон "турлараро кураш" белгилари сезилмоқда.
"Платформалар шунчалик кучли ва технологик ўйинчиларки, улар нафақат давлат чегараларини, балки секторлар ўртасидаги, турли тартибга солиш режимлари ўртасидаги чегараларни ҳам йўқ қилади. Марказий банклар анъанавий равишда ўз жавобгарлик зонасини қаттиқ қўриқлайди, аммо платформа аста-секин у ерга ҳам кириб бормоқда", — дея тушунтирди Решетников.
Вазирнинг таъкидлашича, тартибга солиш соҳасидаги энг қизиқарли вазифалар ҳали олдинда, чунки мувозанатни давлатлараро тартибга солиш даражасида ҳам, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ичида ҳам излаш керак.