МДҲ ёшларни касбга йўналтириш бўйича тавсиялар тайёрланмоқда

© Sputnik / Артем Пряхин
/ Oбуна бўлиш
МДҲ мамлакатлари учун Болалар ва ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тавсиялар концепцияси лойиҳаси кўриб чиқилди.
ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ёшларни касбга йўналтириш бўйича тавсиялар тайёрланмоқда. Бу ҳақда МДҲ ПА ҳузуридаги Фан ва таълим бўйича эксперт кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
МДҲ мамлакатлари Парламентлараро ассамблеяси ҳузуридаги Фан ва таълим бўйича эксперт кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир Ҳамдўстлик мамлакатларининг етакчи экспертлари, ҳокимият органлари, илмий ва таълим ҳамжамиятлари вакилларини бирлаштирди.
Мажлисда МДҲ мамлакатлари учун Болалар ва ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тавсиялар концепцияси лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ҳужжат "касбий ўз тақдирини ўзи белгилашга тайёрлик," "таълим бўйича касбга йўналтириш" ёки "касбий синов" каби асосий атамалар ҳақида умумий тушунчани шакллантиришга қаратилган. Ягона таърифлар жараённинг барча иштирокчиларига - педагоглардан тортиб қонун чиқарувчиларгача - битта тилда гаплашиш ва битта координаталар тизимида ишлаш имконини беради.
“Ҳужжат мамлакатларга замонавий эрта касбга йўналтириш тизимларини, жумладан, Россиянинг "Келажакка чипта" тизими ёки Қозоғистоннинг EduNavigator хизмати каби онлайн платформаларни, ўйин ва амалий усулларни - касбий синовлар циклларини, каръера ўйинларини, шунингдек, реал иш берувчилар ва мураббийлар иштирокидаги лойиҳаларни жорий этишга ёрдам беради”, — дейилган хабарда.
Яна бир муҳим вазифа - МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш. Ёндашувларни бирлаштириш орқали давлатлар Беларуснинг "Касбга қадам" рақамли хизмати, Озарбайжоннинг касбий йўналтирилган синфлари, Россиянинг Техноотрядлари ва Қирғизистоннинг Beeline дастури каби муваффақиятли тажрибалар билан алмашишлари мумкин бўлади.
“МДҲ давлатларида бу соҳанинг ривожланиш даражаси турлича экани, айримлар рақамли платформаларни жорий қилган бўлса, бошқалари энди бошлаётгани таъкидланди. Саъй-ҳаракатларни бирлаштириш такрорланишнинг олдини олиш, тажриба алмашиш ва натижаларга тезроқ эришиш имконини беради”, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, касбга йўналтириш нафақат касб танлашда ёрдам беради, балки ўзгаришларга мослаша оладиган, янги компетенцияларни ўзлаштирадиган ва ўз “каръера”сини онгли равишда қурадиган шахсни шакллантириш воситасига айланади.
“Бу иқтисодиётга бевосита таъсир кўрсатади: ёш мутахассиснинг танлови қанчалик мазмунли ва асосли бўлса, меҳнат бозорида унга бўлган талаб шунчалик юқори бўлади, демак, ишсизлик даражаси пасаяди ва меҳнат унумдорлиги ошади”, — дея қайд этилган хабарда.
Йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистонда болалар ва ёшларни касбга йўналтиришни ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди.
Кенгаш аъзолари МДҲда 2026-2028 йилларга мўлжалланган намунавий қонун ижодкорлигининг истиқболли режаси лойиҳасига таклифларни кўриб чиқишди.
Эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2025 йилнинг кузида бўлиб ўтади.