Ўзбекистонда магистратура босқичи учун "креатив иқтисодиёт" факультети очилди

© Getty Images / SolStockИнновационное обучение в вузе
Инновационное обучение в вузе - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.05.2025
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Талабалар иқтисодий ва бошқарув жиҳатларини, шунингдек, дизайн, медиа, мода, архитектура, маданий дизайн ва бошқаларни қамраб олувчи фанлараро модел бўйича ўқитилади.
ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор магистратура босқичи учун креатив иқтисодиёт факультети очилди. Бу ҳақда жамғарма матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Айтилишича, факультет Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ташкил этилди. Унда креатив тадбиркорлик, креатив бошқарув, рақамли технологиялар ва маданий сиёсат йўналишлари бўйича мутахассисларни тизимли тайёрлаш йўлга қўйилади. Қабул шу йилдан бошланади.
“Жамғарма бошиданоқ креатив иқтисодиёт экотизимини шакллантиришга тизимли ёндашиш ташаббускори бўлиб келган. Ишончимиз комилки, мазкур факультет Ўзбекистон маданияти етакчилари ва тадбиркорларининг кейинги авлоди учун интеллектуал ва маърифий таянч бўлиб қолади”, — деди жамғарма раиси Гаянэ Умерова.
Факультетнинг таълим дастури халқаро экспертлар иштирокида ва минтақавий шароитга мослаштирилган илғор тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Талабалар иқтисодий ва бошқарув жиҳатларини, шунингдек, ижодий фанларни: дизайн, медиа, мода, архитектура, маданий дизайн ва бошқаларни қамраб олувчи фанлараро модел бўйича ўқитилади.
Университетда креатив индустрияларни бошқариш йўналиши бўйича янги магистратура босқичи жорий этилади.
Айтилишича, жамғармаси бундан кейин ҳам ижодий соҳани қўллаб-қувватлаш, ёшлар салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган янги формат ва лойиҳаларни фаол амалга оширади. Бу қадам 2024 йилдаги “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонуни ижросининг мантиқий давоми бўлди. Факультетнинг ташкил этилиши вақт сўровига жавоб бўлди.
Креатив иқтисодиёт — ижодиёт, интеллектуал қобилият, шунингдек инновацияларга ҳамда технологияларга асосланган инсон салоҳияти натижасида иқтисодий қимматга эга бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) яратишга қаратилган иқтисодиёт тармоғи.
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Жасурбек Атаниязовнинг маълум қилишича, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, маданий ва ижодий соҳалар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3,1 фоизини ва дунёдаги бандлик даражасининг 6,2 фоизини ташкил қилади. Креатив иқтисодиёт тармоқлари йилига қарийб 2,5 триллион долларига тенг даромад келтиради.
Бу соҳада 300 миллиондан ортиқ киши банд бўлиб, миллий иқтисодиётларда креатив индустриянинг улуши ялпи ички маҳсулотнинг ўртача 3-5 фоизини ташкил қилади. Унда иш билан банд бўлганларнинг ярмига яқини аёллар, бошқа соҳаларга қараганда, 15-29 ёшдагилар кўпроқ фаолият юритади.
Жорий ўсиш суръатлари ва ушбу секторнинг дунё иқтисодиётидаги аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда келгуси 10-15 йил ичида ушбу сектор жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Янгиликлар лентаси
0