Янги ташкил этилаётган Ал-Хоразмий университетига қабул қачондан бошланиши айтилди

© Sputnik / Алексей Мальгавко / Медиабанкка ўтишСтуденты на лекции
Студенты на лекции - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.05.2025
Oбуна бўлиш
Қабул 2025-2026 ўқув йилидан бошланади.
TOШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ал-Хоразмий университетида ўқув жараёнлари Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитойнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган тақдимотда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш бўйича тақдимот билан танишди.
Маълумот учун, 2022 йил августда Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишига асос солинган эди. У ерда буюк олим номидаги университет ва ихтисослаштирилган мактаб ҳам бўлади.
Университет муҳандислик ва IT соҳасида кадрлар тайёрлашга ихтисослашган.
Университетда қуйидаги факультетлар бўлади:
математика ва информатика факультети;
аэрокосмик технологиялар муҳандислиги факультети;
сунъий интеллект факультети.
Қайд этилишича, уларда иқтисодиёт, ахборот технологиялари, саноат, хавфсизлик, энергетика ва экология каби соҳалар учун мутахассислар тайёрланади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида, кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.
“Ўқув жараёнлари “Янги Ўзбекистон” университетининг тажрибаси асосида, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади”, дейилади хабарда.
Қабулни 2025-2026 ўқув йилидан бошлаш режалаштирилган. Жами талабалар сони 4-6 минг атрофида бўлиши кўзда тутилган.
Шаҳарча ҳудудида Тошкентдаги Муҳаммад ал-Хоразмий мактабининг филиали ҳам ташкил этилади. Унга 4-синф битирувчилари танлаб олинади. Таълимнинг якунловчи 2 йили муҳандисликка бошланғич тайёргарликка қаратилади.
Давлати раҳбари университет ҳудуди нафақат таълим, балки Хоразмнинг тарихий-илмий ва туризм салоҳияти билан уйғун мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади.
Айтилишича, мазкур таълим муассасаларини ташкил этишга оид ҳужжат имзоланди.
Бу бўйича президент “Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Университетнинг асосий фаолият йўналишлари:
математика, аэрокосмик технологиялар, муҳандислик, IT ва сунъий интеллект соҳалари учун замонавий билим ва малакага эга олий маълумотли кадрлар тайёрлаш;
ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, чет эллардаги нуфузли, тан олинган илмий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш.
Шунингдек, В.И.Романовский номидаги Математика институтининг Урганч филиали университет биносида ташкил этилади ҳамда ҳар бир илмий ходимга талаба бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.
Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Янгиликлар лентаси
0