Путин ва Эрдоған қандай мавзуларни муҳокама қилишди?
15:57 28.03.2025 (янгиланди: 16:21 28.03.2025)
© Sputnik / Сергей Гунеев / Медиабанкка ўтишПрезидент РФ Владимир Путин и президент Турции Реджеп Тайип Эрдоган

© Sputnik / Сергей Гунеев
/ Oбуна бўлиш
Президентлар Украина бўйича музокаралар, энергетика соҳасидаги лойиҳалар ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилишди.
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Бугун Россия президенти Владимир Путиннинг Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон суҳбати бўлиб ўтди.
Унда муҳокама қилинган асосий мавзулар:
Томонлар Россия-Туркия ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқишди, муносабатларнинг ижобий динамикаси ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши мамнуният билан қайд этилди.
Россия президенти АҚШ билан муносабатларнинг тикланиши, олий ва бошқа даражадаги алоқаларнинг конструктив характери ҳақида маълум қилди. Икки давлат эксперт гуруҳлари ўртасида яқинда Ар-Риёдда ўтказилган маслаҳатлашувлар натижалари ҳамда 18 мартдан бошлаб Россия ва Украинадаги энергетика объектларига 30 кун муддатга зарба беришга мораторий жорий этиш бўйича эришилган келишувлар муҳокама қилинди.
Владимир Путин келишувларга қарамасдан, Киев режимининг Россия энергетика инфратузилмасига ҳужум қилиш бўйича давом этаётган провокацион уринишларига эътибор қаратди.
Туркия ва БМТ Котибияти воситачилигида дастлаб 2022 йил июль ойида тузилган, бироқ амалда амалга оширилмаган, хавфсиз юк ташиш бўйича “Қора денгиз ташаббуси”ни қайта тиклаш ва Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.
Эрдоған Россия-Америка мулоқотини қўллаб-қувватлашини ва Туркия томони “Қора денгиз келишуви”ни илгари суришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Суриядаги вазиятни муҳокама қилар экан, давлат раҳбарлари мамлакат бирлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, ички сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳолининг барча этник ва диний гуруҳлари қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилиш учун унинг ҳокимияти ва халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш зарурлигини таъкидладилар.
Путин Эрдоған ва бутун турк халқини мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи ва яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклади.
Президентлар турли даражадаги алоқаларни давом эттиришга келишиб олишди.