Наврўз муносабати билан Мирзиёевга кимлар табрик йўллади?

© Пресс-служба президента УзбекистанаВ парке "Янги Узбекистон" с участием президента Шавката Мирзиёева проходят торжества по случаю всенародного праздника Навруз.
В парке Янги Узбекистон с участием президента Шавката Мирзиёева проходят торжества по случаю всенародного праздника Навруз. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 22.03.2025
Oбуна бўлиш
Хорижий ҳамкорлар ўз мактубларида Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, барқарор ривожланиш, дўстлик, тотувлик ва яхши қўшничилик муҳитини юқори баҳоламоқда.
ТОШКЕНТ, 22 мар – Sputnik. Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон президенти номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбобларидан самимий табриклар келмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Хорижий ҳамкорлар ўз мактубларида Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, барқарор ривожланиш, дўстлик, тотувлик ва яхши қўшничилик муҳитини юқори баҳоламоқда. Тинчликсевар ва прагматик ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланиб, Янги Ўзбекистонга равнақ тилаклари изҳор этилган.
Хитой раиси Си Цзиньпин
“Ўзбек халқининг анъанавий Наврўз байрами муносабати билан Хитой ҳукумати ва халқи номидан ҳамда шахсан ўзимдан сизни, Ўзбекистон ҳукумати ва халқини самимий муборакбод этаман. Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият бераман ва яқин дўстлигимизни юксак қадрлайман. Сиз билан биргаликда барча соҳалардаги ҳамкорликни илгари суриш, Хитой ва Ўзбекистоннинг ягона тақдир ҳамжамиятини барпо этиш ишларини бойитиш учун ҳаракат қилишга тайёрман”, - деган Хитой раиси Си Цзиньпин табригида.
АҚШ президенти Дональд Трамп
“Америка Қўшма Штатлари халқи номидан сизни ва бутун Ўзбекистон халқини ажойиб Наврўз айёми билан табриклайман. Бу барча учун тинчлик, фаровонлик ва янгиланиш байрамидир. Мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам ришталар ўрнатилаётганлигини юксак қадрлайман ва сизнинг изчил ислоҳотлар дастурингизни олқишлайман. Савдо алоқаларимизни кенгайтириш ва замонамизнинг энг йирик муаммоларини ҳал этиш йўлида ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутаман”, - деган АҚШ президенти Дональд Трамп.
Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд
Наврўз айёми муносабати билан сиз, Жаноби Олийларига самимий қутловларимиз ва эзгу истакларимизни йўллаб, сизга сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, биродар Ўзбекистон ҳукумати ва халқига давомий тараққиёт ва равнақ тилашдан мамнунмиз”, - дейилган Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг табригида.
Саудия Арабистони валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд
Наврўз байрами муносабати билан сиз, Жаноби Олийларига самимий қутловларим ва эзгу истакларимни йўллаб, сизга сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, биродар Ўзбекистон ҳукумати ва халқига янада тараққиёт ва равнақ тилашдан мамнунман”, - дейилган табрикда.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған
“Наврўз байрами муносабати билан сиз Жаноби Олийларига ва дўст Ўзбекистон халқига энг самимий табрикларимни йўллайман. Мамлакатларимиз ўртасидаги чуқур илдиз отган дўстлик ва биродарлик ришталарининг мустаҳкамланиши, ҳамкорлигимизнинг янада кучайиши бу Наврўзда ҳам самимий орзуларимиз орасида”, - дейилган Эрдоғаннинг табригида.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев
“Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини улуғ айём - Наврўз байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Наврўз байрамининг муқаддас қадриятлари давлатлараро алоқаларимизни янада ривожлантириш, халқларимиз фаровонлиги йўлида юксак мақсад ва вазифаларни амалга оширишга хизмат қилишига қатъий ишонаман”, - деган Тоқаев.
Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров
“Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини гўзал Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман. Ишончим комил, ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам барча даражада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тарзида давом этиб, халқларимизнинг порлоқ келажагига хизмат қилади”, - деган Жапаров.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон
Халқаро Наврўз байрами муносабати билан энг эзгу ва самимий тилакларга йўғрилган самимий қутловларимизни қабул қилгайсиз. Тожикистон томони Ўзбекистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасидан мамнун. Ишончим комил, мамлакатларимиз ушбу қадимий байрамнинг юксак умуминсоний қадриятларига таянган ҳолда, кўп қиррали муносабатларни мазмунан бойитиш йўлида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қиладилар”, - дейилган табрик сўзида.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов
“Халқаро Наврўз байрами муносабати билан сизга ва сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллайман. Ушбу ажойиб байрам сиз ва бутун мамлакатингиз халқи учун бахт, қувонч ва янги муваффақиятлар олиб келсин”, - дейилган табрикда.
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов
“Халқаро Наврўз байрами муносабати билан сизга самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллаш мен учун шараф! Баҳорги тенгкунлик кунларида нишонланадиган халқаро Наврўз байрами инсониятнинг энг қадимий маданий меросларидан биридир”, - деган Гурбангули Бердимуҳамедов.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев
“Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини миллий, маданий ва тарихий илдизлари чуқур бўлган Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман. Ишончим комил, Озарбайжон - Ўзбекистон иттифоқи умумий тарихимиз, бой миллий ва маънавий қадриятларимиз, халқларимизнинг қардошлиги ва бирдамлигига таянган ҳолда бундан буён ҳам ривожланиб, саъй-ҳаракатларимиз билан мустаҳкамланиб бораверади”, - дейилган табрикда.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён
Наврўз байрами билан сиз Жаноби Олийларини ҳамда мамлакатингизнинг азиз халқини чин юракдан табриклайман. Сиз Жаноби Олийларига соғлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикаси халқига бахт-саодат ва фаровонлик, Наврўз маданияти минтақаси давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига эса янада ривожланиш тилаб қоламан”, - деган Эрон президенти.
Шунингдек, қуйидагилар ўз қутловларини йўллаган:
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаев,
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Асад Мажид Хон.
Рабочий визит президента Владимира Путина в Узбекистан. День второй - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.03.2025
Путин Мирзиёевни Наврўз билан қутлади
Янгиликлар лентаси
0