Осмон посбонлари: аёл авиадиспетчерлар Тошкент осмонини қандай тартибга солмоқда?

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Ҳозирги вақтда Тошкент аэропортида "Ўзаэронавигация" марказининг тахминан 124 та авиадиспетчери фаолият юритмоқда, улардан 18 нафари — аёллар. Sputnik Ўзбекистон диспетчерлик минорасига ташриф буюриб, улардан бири билан суҳбатлашди.
Дарья Пруцкова — "аёллар учун эмас" деган стереотип тушунчаларни йўқ қилиб келаётган аёллардан бири. У беш йилдан бери "Ўзаэронавигация" марказида авиадиспетчер бўлиб ишлайди ва ҳар сменада Тошкент аэродроми устидаги ўнлаб самолётлар ҳаракатини тартибга солади.
2022 йилда у касбий маҳорат танловида ғолиб бўлиб, иккинчи разрядга кўтарилди ва Ўзбекистон делегацияси таркибида Хитойга ихтисослаштирилган конференцияда иштирок этиш учун борди.
Ҳозирда унинг масъулияти остида Тошкент аэродромидан эндигина парвоз қилган ёки қўнаётган самолётлар ҳамда аэродром ҳудудида парвоз қилувчи вертолётлар ва кичик самолётлар бор. Дарья — ушбу вазифалар билан доимий асосда ишлайдиган ягона аёл-авиадиспетчер. Унинг вазифалари жуда мураккаб ҳисобланади.

"Кўпчилик бу ерда нима қилаётганимизни ҳам билишмайди. Оддий қилиб тушунтирганда биз осмон йўл-патрул хизмати, биз чорраҳада туриб: "Сен бу ёққа юр, сен тўхтаб тур, сен мен томонга кел", деб самолётларни бошқариб турамиз", — дейди Дарья.

Пруцкова болаликдан авиация билан таниш. Онаси аэропортнинг тиббиёт пунктларидан бирида ишлаган ва баъзан уни ҳам ўзи билан ишга олиб борарди. У онасининг учувчилар, стюардессалар ва авиадиспетчерлар тиббий кўрикдан ўтказганини кўрар эди. Шунда авиадиспетчерлик унинг кейинчалик рўёбга чиққан орзусига айланган.
Пруцкова Тошкент давлат техника университети "Муҳандислик технологиялари" факультетининг "Ҳаво ҳаракатини бошқариш" йўналишини тамомлаган. Ўша пайтда университет авиадиспетчерларни тайёрлар эди. Ҳозирда бу мутахассислик Тошкент давлат транспорт университетида ўқитилади.
Бироқ авиадиспетчер бўлиш учун фақат дипломнинг ўзи етарли эмас. Университетнинг биринчи курсидан бошлаб доимий равишда тиббий-парвоз эксперт комиссиясидан ўтиш, сўнгра "Ўзаэронавигация" марказида танловдан муваффақиятли ўтиш керак. Шунингдек, ICAO шкаласи бўйича камида 4-даражадаги авиацияга ихтисослаштирилган инглиз тили сертификатини олиш, қўшимча тестлардан ўтиш лозим. Кейинчалик амалиёт, симулятор машғулотлари ва амалий кўникмалар бўйича имтиҳонлар келади. Шундан кейингина мутахассис иш жойига кириш учун рухсат олади.
Авиадиспетчерлик — жуда масъулиятли ва оғир иш. Тошкентдаги авиадиспетчерлар 40 тага яқин авиакомпаниянинг парвоз-қўнишини бошқаради ва яна 20 дан ортиқ авиакомпанияга транзит хизматлар кўрсатади. Ҳар бир самолёт — юзлаб одамлар, уларнинг ҳаёти ва тақдири. Бу эса жуда катта эмоционал босим демакдир.

"Диспетчер иши — бу жуда кучли эмоционал босим, чунки сиз, аввало, ўзингиз учун эмас, балки масъул бўлган одамлар, сиз билан радио орқали мулоқот қиладиган, ҳар бири камида 150 кишини олиб юрадиган учувчилар учун жавобгарликни ҳис қиласиз. Бу сизни ташвишга солмайдими, ёки сизга қўшимча масъулият юкламайдими? Шу сабабли руҳий жиҳатдан баъзан қийин бўлиши мумкин", – дейди авиадиспетчер.

Авиадиспетчерликда стрессли вазиятлар тез-тез учраб туради. Об-ҳаво шароитлари, самолётдаги бемор йўловчи, техник ишлар ёки қурилиш ишлари — буларнинг барчасига авиадиспетчер тайёр бўлиши лозим.
Дарьянинг кундузги сменаси соат 07:00 дан 20:45 гача давом этади. Тунги смена эса 19:00 дан 08:45 гача бўлиб, ундан кейин 3 кун дам олиш мумкин. Ҳар бир сменадан олдин тиббий кўрик ва йўриқнома, кейин эса иш натижалари таҳлил қилинади. Шунингдек, авиадиспетчерлар ўз малакасини мунтазам ошириб боришлари шарт.
Ҳозирги вақтда Тошкент аэропортида "Ўзаэронавигация" марказининг 124 та авиадиспетчери ишлайди, уларнинг 18 нафари — аёллар. Унинг айтишича, эркаклар кўп бўлган жамоада ишлаш қулай. Унинг ишончи комилки, авиадиспетчерлик касбида гендер фарқлари йўқ.

"Бу ерда барча мутахассис, бу ерда ҳамманинг амал қилувчи диспетчерлик гувоҳномаси бор. Сен ўқидинг, ўргандинг, демак сен керакли ҳужжатларни, керакли жараёнларни, ва бошқа кўп нарсаларни билишинг керак", — дейди у.

Пруцкова ўз ишини жуда яхши кўради. Агар ҳаётни қайтадан бошлаш имконияти берилганида ҳам, бу касбни ўзгартирмаган бўларди. Чунки у ва унинг ҳамкасблари, энг аввало, осмонга ошиқ инсонлардир.
Батафсил — Sputnik Ўзбекистон видеосида.
Янгиликлар лентаси
0