Санкт-Петербургдаги Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари Тошкентда намойиш этилади
© Центр исламской цивилизации в УзбекистанеИзучаются факсимильные копии Корана Хазрата Усмана, написанные 120 лет назад

© Центр исламской цивилизации в Узбекистане
Oбуна бўлиш
Санкт-Петербургдаги музейда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид асарлар Ислом цивилизацияси маркази очилишида намойиш этилади.
ТОШКЕНТ, 9 март — Sputnik. Санкт-Петербург Дин тарихи музейи Ҳазрати Усмон Қуръонининг 120 йил аввалги факсимиле нусхаларини ўрганмоқда, дея хабар берди Ислом цивилизацияси маркази.
Айтилишича, қатор давлатлар Ўзбекистон маданий меросига оид дурдоналарни республикага олиб келиш ва намойиш этиш бўйича таклифлар билдирмоқда.
Санкт-Петербург Дин тарихи музейи вакили Ирина Османова музейда сақланаётган Ўзбекистон маданий меросига оид дурдоналарни Ислом цивилизацияси маркази очилишида намойиш этиш таклифини билдирди.
Қайд этилишича, музей вакили Марказ ходимлари билан яқиндан фаолият олиб бормоқда. Меҳмон марказ ходимлари билан Ўзбекистонда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафи тарихи билан боғлиқ манбаларни, шунингдек, мазкур қўлёзманинг 1905 йилда Россияда чоп этилган 50 та факсимиле нусхасининг тарқалиш географиясини ўрганмоқда.
© Центр исламской цивилизации в УзбекистанеИзучаются факсимильные копии Корана Хазрата Усмана, написанные 120 лет назад

Изучаются факсимильные копии Корана Хазрата Усмана, написанные 120 лет назад
© Центр исламской цивилизации в Узбекистане
"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази мисли кўрилмаган лойиҳа бўлди, деб ўйлайман. Бу ерга ташриф буюришимиздан мақсад — халқаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш. 3 кун давомида турли музейларда бўлдик, экспонатлар билан танишдик. Шуни мамнуният билан айта оламанки, Исломгача бўлган давр цивилизацияси бўлими лойиҳасини тугатдик, энди амалиётга тадбиқ этиб, экспозиция ташкил қилишни бошласак ҳам бўлади. Бу жараёнда биз Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Санкт-Петербург шаҳридаги Эрмитаж ва Дин тарихи музейлари билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз", — деди Дин тарихи музейи вакили Ирина Османова.
Ўзбекистонда сақланаётган Ҳазрати Усмон мусҳафи Қуръони Каримнинг энг қадимги нусхаларидан бири саналади. Буюк саҳобалардан бири Усмон ибн Аффон (р.а.) 647 йилда Қуръони Каримдан бир нечта нусха кўчиртириб, уни турли минтақаларга юборган. Ўша нусхалардан бирининг Ўзбекистонга келиб қолиши ҳақида турли маълумотлар бор. Бу мусҳаф XIX асрнинг иккинчи ярмига қадар Самарқандда, Хожа Аҳрори Валий масжидида сақланган.
1869 йил май ойида Мусҳаф Туркистон бош губернатори генерал фон Кауфман буйруғига биноан Санкт-Петербургга жўнатилган. 1922 йил август ойига келиб, бу муборак китобни Туркистон мусулмонларининг талаби билан Тошкентга қайтаришга муваффақ бўлинди. Ҳозирда Ҳазрати Усмон мусҳафи Ҳазрати Имом мажмуасидаги “Мўйи муборак” масжидида сақланмоқда. Мусҳаф Россияда турган вақти, яъни 1905 йилда унинг 50 та факсимиле нусхаси чоп этилган ва турли шаҳарларга юборилган.
“Мазкур залда 120 йил аввал чоп этилган ана шу факсимиле нусхаларининг тарқалиш харитаси ҳам ўрнатилади. Ҳазрати Усмон Қуръони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ишга туширилгач, унинг “Қуръон зали”даги махсус айвончада, мармар лавҳ устидан жой олиши кўзда тутилмоқда. Ушбу залда Қуръоннинг қадимий нусхалари ҳам сайёҳ ва зиёратчилар эътиборига ҳавола этилиши режалаштирилган”, — дейилади хабарда.