Тошкент метроси учун биринчи аёл машинистлар қандай тайёрланмоқда?
19:46 08.03.2025 (янгиланди: 19:47 08.03.2025)
© Sputnik
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Бу йил Тошкент метросида илк бор аёл электропоезд машинистлари фаолият бошлайди.
Ўтган йилнинг февраль ойида “Тошкент метрополитени” ДУК махсус курслар очилиши ҳақида хабар берган эди. У ерда ўқиш истагини билдирганлар сони кўп бўлди, лекин атиги 16 киши кучли танловдан – суҳбат, тиббий кўрик ва психофизиологик текширувдан ўтди. Иштирокчиларнинг барчаси олдин метрополитеннинг турли тузилмалари ва хизматларида ишлаган.
Бугунги кунда улар Метрополитен ходимларини тайёрлаш илмий-инновацион маркази – "Метроилм", шунингдек, Тошкент давлат транспорт университети ва пойтахтдаги транспорт техникумида билим ва малака олмоқда. Дарслар ҳар куни эрталаб соат саккиздан кечки бешгача ўтказилади ва жами 11 ой давом этади.
Метро машинисти бўлиш – математика ва физика каби техник фанлар бўйича асосий билимларни талаб қиладиган мураккаб касб. Курслар давомида тингловчилар бевосита келажакдаги касби билан боғлиқ бўлган фанларни: пневматик ва электр жиҳозлари, Тошкент метрополитенидан техник фойдаланиш қоидалари, сигнализация ва поездлар ҳаракати бўйича йўриқномалар ва бошқа билимларни ўзлаштира бошлайди. Назарий билимлар, албатта, қизлар метро депосида ўтадиган амалий машғулотлар билан мустаҳкамланади.
"Марказ биносида электр ҳаракатланувчи таркибнинг машинисти кабинаси учун тренажёр ўрнатилган. Тошкент давлат транспорт университетида яна иккита тренажёр мавжуд. Келгусида курсларимиз битирувчилари Москва типидаги поездларда ишлайди", – дейди Метрополитен ходимларини тайёрлаш илмий-инновацион маркази етакчи мутахассиси Рустам Холиқов.
Тингловчиларга ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислар дарс беради. Улардан бири 12 йиллик тажрибага эга ҳайдовчи-инструктор Улуғбек Абдумаликов бўлиб, у ҳаётини метросиз тасаввур қила олмайди: отаси нафақага чиққунча 30 йил шу ерда машинист бўлиб ишлаган, онаси оператор, акаси ҳам машинист.
"Қизларга дарс бериш йигитларга ўргатишдан бироз қийинроқ. Чунки эркак кишига транспорт механизмини тушуниш осонроқ. Аввалига осон бўлмади, аммо ҳозир талабалардан мамнунман, улар катта ютуқларга эришмоқда", – дея таъкидлади у.
Апрель-май ойларида имтиҳонларни муваффақиятли топширганлар сертификатга эга бўлиб, ишонч билан ўз резюмеларини метрополитенга топширишлари мумкин. Бироқ яна 3 ой давомида машинист ёрдамчиси сифатида ишлашади. Фақат яна бир ички имтиҳондан сўнг улар мустақил равишда электр поездини бошқаришлари мумкин бўлади.
Мафтуна Аҳмедова 26 ёшда. У 7 йилдан бери метрода бекат навбатчиси бўлиб ишлайди. Унинг сўзларига кўра, у ҳар доим аёллар бир кун келиб электр поезди машинисти бўлишларини орзу қилган.
Метро электропоезди машинисти бўлиш – осон касб эмас. Буларга нормаланмаган иш жадвали, куннинг исталган вақтида ишга чақириш, стресс ва ҳатто мумкин бўлган ностандарт вазиятлар киради. Шунинг учун қатъият, жасорат ва совуққонлик бўлиши керак. Бироқ курс тингловчилари қийинчиликлардан қўрқишмайди ва ўз ишининг устаси бўлишига ишонишади.
Умида Отажанова 34 ёшда. У банк коллежини тамомлаб, Тошкент метрополитенига касса оператори бўлиб ишга жойлашган. Ҳозир унинг икки нафар фарзанди бор, лекин у қийинчиликлардан қўрқмасдан машинистлар курсларида ўқишга ҳужжат топширган.
"Фарзандларимга намунали она бўлмоқчиман, уларга ўзим мотивация бермоқчиман. Шу жумладан, болаларнинг ҳам қизиқишини орттириб, ўзимга издош қилиш мақсадида турмуш ўртоғим қўллаб-қувватлашлари остида шу ўқишда ўқияпман. Мана ҳозир март-апрель ойларида имтиҳон бўлиб ўтади. Имтиҳонларни бизга билдирилган ишончни оқлаш мақсадида аъло баҳога тамомлаб, метрополитен линияларда барқарор ишлашга ваъда бераман", – деди Умида Отажанова.
Агар ҳаммаси яхши бўлса, курс иштирокчилари орзу қилганидек, Ўзбекистон Россиядан кейин аёллар метрода машинист бўлиб ишлайдиган МДҲнинг иккинчи давлати бўлади.