Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилади — янги фармон
© Sputnik / Бахром ХатамовЖилой комплекс в Ташкенте, архивное фото

© Sputnik / Бахром Хатамов
Oбуна бўлиш
Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ташкил этилади.
ТОШКЕНТ, 5 март — Sputnik. Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонда назарда тутилган.
Фармонга кўра, кўчмас мулк объектларининг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлашнинг замонавий усуллари ва механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий активлари ўсиб бориши учун қулай шарт-шароит яратишнинг асосий мақсадлари белгиланди.
Асосий мақсадлар:
республикадаги мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар, 7 миллионга яқин ер участкаларининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлаш;
кўчмас мулк объектининг солиқ солиш, олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш;
кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва даврий равишда янгиланиб борадиган ахборот базани яратиш;
солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш.
“2025 йилдан босқичма-босқич барча кўчмас мулк объектлари уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда оммавий баҳолашдан ўтказилади”, — дейилган ҳужжат матнида.
Оммавий баҳолаш ишлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
2025–2026 йилларда – эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида;
2026–2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида;
2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.
Шунингдек, Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази ташкил этилади.
Шунингдек, қуйидагилар белгиланди:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи орган этиб;
Кадастр агентлиги – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида махсус ваколатли орган этиб;
Миллий марказ – кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида ижро этувчи орган этиб.
Оммавий баҳолаш тизимини норматив-ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш учун “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти” белгиланган тартибда тасдиқланади.
2026 йил охиригача Тошкент шаҳридаги эксперимент натижалари, илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро экспертларнинг хулосалари ва тавсиялари асосида “Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
2025 йил 1 ноябргача кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиётига асосан қуйидагилар ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади:
“Кўчмас мулк бозори мониторинги” автоматлаштирилган ахборот тизими;
“Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш” автоматлаштирилган ахборот тизими.