Ипотека кредитлари учун субсидиялар сони оширилади — янги фармон

© Sputnik / Бахром ХатамовМногоэтажные дома в Ташкенте
Многоэтажные дома в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.02.2025
Oбуна бўлиш
Давлат субсидиялар учун 2,5 триллион сўм ажратади.
TOШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сони 1,5 бараварга оширилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга қаратилган тегишли фармонда назарда тутилган.
“Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони (қабул қилинди. Унга кўра, 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари белгиланди.
Асосий йўналишлар:
ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш;
ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш;
уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш;
“Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3,0 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш.
2025 йилда “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
2025 йил 1 мартдан “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади. Ерни кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
2025 йил 1 майдан “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш доирасида қуйидаги тартиб ўрнатилади:
ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдоларида қатнашиш, уларни қуриш ва реализация қилишга фақат ҚҚСни тўловчи юридик шахсларга рухсат этилади;
ер участкаларини кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ижарага бериш бўйича аукцион савдолари офертасида лойиҳа олди ҳужжатлари тайёрлашга 15 кунлик, лойиҳа ишларини бажаришга 2 ойлик ва қурилиш ишларини бошлашга 3 ойлик муддат белгиланади, шунингдек, унда қурилишни якунлаш ва объектни фойдаланишга қабул қилиш муддатлари кўрсатилади;
аукцион савдоларида ер участкасини кўп квартирали уй-жой қуриш учун ижарага олган юридик шахслар ижарага олган пайтдан бошлаб 12 ой давомида ушбу ер участкаси бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Шунингдек, 1 мартдан “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп квартирали уй-жойлар қурилишини амалга оширувчи қурилиш ташкилотларига айланма маблағларини тўлдириш учун 12 ойлик имтиёзли давр билан 24 ой муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасидан кўпи билан 2 фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.
Бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қиймати тўлиқ қоплаб берилади.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 майдан:
қурилишни бошлашдан фойдаланишга рухсатнома беришга қадар бўлган жараёнлар тўлиқ онлайн режимида “Шаффоф қурилиш” тизимида амалга оширилади;
қурилиши тугалланган кўп квартирали уй-жойдан фойдаланишга рухсатнома беришда фақат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси, ҳамда давлат ёнғин назорати органларидан хулоса олинади.
Инспекцияда рўйхатдан ўтган ва у томонидан назорат қилинадиган кўп квартирали уй-жойларни фойдаланишга рухсатнома беришдан олдин инструментал-техник текширувдан ўтказиш амалиёти бекор қилинади.
2025 йил 1 мартдан реновация асосида кўп квартирали уй-жойларни барпо этиш тартиби жорий этилади.
Тартиб:
реновация лойиҳасини бошлашга барча мулкдорлар билан нотариал тасдиқланган келишув битими имзоланганидан сўнг рухсат берилади;
мулкдорларга, уларнинг хоҳишига кўра, қуйидаги компенсация турларидан бири тақдим этилади:
бузилаётган тураржой объектлари ўрнига уларнинг майдонидан кам бўлмаган реновация дастурига мувофиқ янги қуриладиган тураржойлардан яшаш учун тайёр ҳолдаги квартираларни мулк ҳуқуқи асосида бериш ҳамда қурилиш даврида кўчиш, шу жумладан, бошқа тураржой объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаш;
бузилаётган турар ва нотурар жой объектининг бозор қийматини тўлиқ қоплаб бериш.
Шунингдек, реновация лойиҳаси ташаббускори билан келишилган ҳолда бошқа турдаги компенсация тақдим этилади.
Янгиликлар лентаси
0