Қалб мусиқаси: Кўзи ожиз устоз мақом санъатини ёш авлодга етказмоқда

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Шаҳриёр болалигидан артист бўлишни орзу қилган, кўзи ожизлик унга тўсиқ бўлмаган.
Шаҳриёр Додожоновнинг кўзлари ожиз, у дунёни кўра олмайди, лекин уни мақом садоларида эшитади. Соғлиғи билан боғлиқ чекловларга қарамай, у ўқитувчи бўлиб, ҳозир болаларга анъанавий санъатдан сабоқ бермоқда.

“Ота-оналар фарзандини олиб келади ва ўйлашади: қандай дарс ўтар экан? Кейин бир-икки марта ўзлари кириб, дарс фаолиятимни кўрганидан кейин хурсанд бўлишади. Ҳақиқатдан ҳам яхши дарс ўтар экан, деб менга илиқ фикрлар билдиришган”, - дейди у.

Шаҳриёр болалигидан артист бўлишни орзу қилган, кўзи ожизлик унга тўсиқ бўлмаган. Оиласи, устозлари ва курсдошларининг қўллаб-қувватлаши билан у Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини тамомлади, энди эса Сирдарё вилоятидаги кичик шаҳарчада болаларга мақомни ўргатмоқда.

“Мен шундай фикрдаманки, чет эл қўшиқларини эшитгандан кўра, ўзимизнинг мақом ашулаларимизни, устозлар қолдирган анъанавий ашулаларни чиройли қилиб, сайқал бериб айтса, албатта, ёшлар ҳам тинглайди”, – дейди Додожонов.

У ҳар бир ўқувчига алоҳида муносабатда бўлиб, мақом ижросининг мураккаблигига қарамай, ҳеч кимни ажратмайди.

“Мен ўйлайманки, устознинг ҳеч қачон шогирд танлашга ҳаққи йўқ, чунки шогирдлар келади. Уларнинг устоз танлашга ҳаққи бор. Лекин устоз келган ўқувчи билан муносабатни қилиб, илк сабоқни беради. Агар ўша боланинг ўзида қобилият бўлса, охиригача олиб кетади. Ёки ўзини бошқа соҳада синашга мажбур бўлади”, - дейди у.

Sputnik Ўзбекистон лавҳасида Шаҳриёр ўз ҳаётидаги қийинчиликларни қандай енггани, анъанавий санъатни сақлаб қолиш нима учун муҳимлиги ва ўқувчиларига қандай ёндашишини ҳикоя қилади.
Янгиликлар лентаси
0