Журналист одоб-ахлоқи: Тошкентда SputnikPrо маҳорат дарси бўлиб ўтди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Тошкентда SputnikPrо лойиҳаси доирасида навбатдаги маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) Халқаро журналистика факултетида “Журналистнинг касбий ахлоқ кодекси” мавзусида SputnikPrо лойиҳаси доирасида маҳорат дарси бўлиб ўтди. Унда университет талабалари ва ўқитувчилари иштирок этди.
Спикер сифатида Sputnik Ўзбекистон катта муҳаррири Мария Красовская қатнашди. У Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонунлар, касб этикаси кодексида белгиланган ахлоқий меъёрлар ҳақида сўзлаб берди.
Мария Красовскаянинг қайд этишича, журналистика жамоатчилик фикрини шакллантиришга салмоқли таъсир кўрсатадиган энг муҳим соҳалардан биридир. Шунинг учун ОАВ ўз фаолиятида шифокорларнинг асосий тамойилларидан бири “зарар етказма” шиорига амал қилиши керак.
Шу билан бирга, касб этикаси журналистларга ҳамкасблари, маълумот манбалари, давлат идоралари ва аудитория билан алоқаларни тўғри қуришда ёрдам беради.
"Бу қонун эмас, балки биз журналистлар сифатида иш пайтида таянадиган хулқ-атвор қоидалари ёки ахлоқий қўлланма", — деб тушунтирди маърузачи.
Ўзбекистонда Журналистларнинг касб этикаси кодекси Журналистлар ижодий уюшмасининг 2019 йилда бўлиб ўтган IV конференциясида тасдиқланган. У журналист фаолиятининг маънавий-ахлоқий йўналишларини белгиловчи кириш қисми ва 10 банддан иборат.
Мария Красовская, шунингдек, ОАВ ходимларининг хатти-ҳаракатларининг асосий нормаларини белгилайдиган халқаро ҳужжатлар ҳақида ҳам сўзлаб берди. Талабалар БМТ ва халқаро журналистлар федерацияси декларациялари, шунингдек, ЮНЕСКОда қабул қилинган тамойиллар ҳақида кўпроқ билиб олишди.

Олинган билимларни мустаҳкамлаш учун талабалар мавзу бўйича бир нечта топшириқларни бажаришди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Sputnik Prо — бу Sputnik ахборот агентлиги томонидан олиб борилаётган халқаро медиа таълим лойиҳаси. Унда Агентликнинг энг тажрибали мутахассислари ва экспертлари журналистлар, матбуот котиблари, блогер ва юқори курс талабалари учун маҳорат дарслари, семинар ва маърузалар олиб боришади.
Янгиликлар лентаси
0