Табиатга қайтиш ва ўзни излаш: Сардор Нугманов кўргазмаси очилиши

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Рассом асарлари орқали табиат, технология ва экологиянинг ўзаро таъсирини очиб беради.
Тошкент Фотосуратлар уйида рассом Сардор Нугмановнинг "Қайтиш. Рангтасвир вақт нафаси каби" деб номланган шахсий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Кўргазмада тақдим этилган асарлар табиатга қайтиш ва ўз-ўзини излаш, шунингдек, инсоннинг табиатга салбий таъсирини акс эттиришга қаратилган. Кўргазма 7 та тематик зални ўз ичига олади, уларда муаллиф чуқур фалсафий маънони ўзида мужассам этган 50 та рангтасвир асар ва 4 та инсталляция намойиш этилмоқда.
Улар орқали рассом табиат, техника ва экологиянинг ўзаро таъсирини очиб беради.
“Яширмайман, “Regeneration” лойиҳасидан илҳомландим. Бу концептуал ва жуда чиройли кўргазма эди. Шундай сўнг шунга ўхшаш бирор бир нарсага қўл уришни истадим. Умид қиламанки, бунинг уддасидан чиқдим. Албатта, бунинг барини бир ўзим қила олмасдим. Мени қўллаб-қувватлаган жамоам, рассом дўстларим бор”, — деди рассом.
Нугмановнинг ўзи учун кўргазма чуқур рамзий маънога эга. Бу узоқ ижодий танаффусдан сўнг "қайтиш" бўлди: аввалгиси 2017 йилда бўлиб ўтган.
Янги лойиҳа устида ишлашга 4 ойдан кўпроқ вақт кетди.
Кўргазма Ўзбекистон Бадиий академияси, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил этилди.
Кўргазма ўз ишини 23 февралгача давом эттиради.
Маълумот учун, Сардор Нугманов 1985 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти тамомлаган. У Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Нугманов анъанавий рангтасвир техникасига амал қилади, рақамли усуллардан қочади. Рассомнинг асарлари Тошкент, Россия, Венгрия, Туркия, Қозоғистон, АҚШ, Германия, Франция каби давлатлардаги шахсий коллекцияларда сақланмоқда.
Янгиликлар лентаси
0