Ўзбекистон халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтиради — тафсилотлар

© AP Photo / Rebecca BlackwellОлимпийские игры Париж-2024. Футбол: Узбекистан-Испания
Олимпийские игры Париж-2024. Футбол: Узбекистан-Испания - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.02.2025
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, селекция тизимини такомиллаштириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.
ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистонда халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриш кучайтирилади, оммавий спорт янги босқичга олиб чиқилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Президент раислигида 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликни кучайтириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Сўнгги тўрт йилда бюджетдан спортга ажратилаётган маблағ 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошди, мураббийларнинг ўртача маоши 2 баробар кўпайди, 101 та йирик спорт объектлари янгидан қурилди, 67 таси реконструкция қилинди.
Қайд этилишича, Лос-Анжелес-2028 Олимпия ўйинларида кучли ўнталикка кириш мақсад қилинган. Бунинг учун мутасадди раҳбарлардан тортиб, туман ҳокимларигача барча қаттиқ ишлаши кераклиги айтилди.
“Олимпия ўйинларидаги тарихимиз фақатгина яккакураш спорт турлари билан ёзилаётгани кўрсатиб ўтилди. Охирги Олимпиадада фақат 5 та спорт тури – бокс, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика ва эркин кураш бўйича медаль қўлга киритилган. Спорт федерацияларининг ҳар бирига вазирлар ва республика ташкилотлари раҳбарлари сайланган, лекин айримларининг фаолияти мавжуд салоҳиятга мос эмаслиги қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Президент мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаётган спорт турларига алоҳида тўхталди:
Бадминтонда бирорта лицензия қўлга киритилмаган.
Камондан отиш спорт тури бўйича бор-йўғи 3 та лицензия олинган.
Олимпия ўйинларида енгил атлетика турлари бўйича 48 та дастур бор. Лекин енгил атлетика федерацияси сўнгги олимпиадада 5 та лицензия қўлга киритди, холос.
Ядро, диск, найза улоқтириш, сакраш спорт турларида бирорта лицензия олинмади.
49 та сув спорти дастуридан бор-йўғи 4 таси бўйича лицензия қўлга киритилган.
Ўқ отиш спортини ривожлантириш учун мудофаа тизими ва “Ватанпарвар” ташкилотида барча шароит яратилган. Лекин бирорта спортчи Олимпиадага бормади.
Яккакураш спорт турлари, миллий кураш ривожланган бўлса-да, юнон-рум кураши бўйича атиги 3 та лицензия олинган.
Ўтган йили байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати илк бор юртимизда ўтказилди. Лекин унда Ўзбекистон бирорта ҳам медаль қўлга киритмади.
Айтилишича, ўтган йили олимпия спорт турлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида спортчилар 58 та медаль қўлга киритди. Лекин Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё спортчилари бу чемпионатларда бирорта ҳам медаль олмаган. Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қўлга киритилган лицензиялар Навоий ва Қорақалпоғистонда энг кам.
Президент олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, селекция тизимини такомиллаштириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди:
Лос-Анжелесдаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Миллий Олимпия қўмитасига президент раҳбар бўлганидек, ҳудудий бўлимларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилади.
Ҳокимлар ҳар бир федерация билан ишлаб, олимпия цикли учун махсус стратегиясини ишлаб чиқади ва Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида ҳимоя қилади.
Барча спорт федерациялари раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари амалга ошираётган ишлари ва эришган натижалари ҳақида ҳар ойда Олимпия қўмитасида ҳисобот беради.
Спортчиларни келгуси Олимпиадага тайёрлаш учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Бу йилнинг ўзида камида 10 нафардан спортчи ва мураббийларни энг нуфузли хорижий спорт академияларида ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, олдинги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари натижасига қараб, спорт турлари дифференциал ёндашув асосида 3 та тоифага ажратилади.
“Бизда бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика йўналишлари устувор бўлиб келган. Лекин бу федерация раҳбарлари хотиржамликка берилмасдан, медаллар сонини 2 карра оширишни ўз олдига мақсад қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, юнон-рум, аёллар кураши, камондан отиш, қиличбозлик бўйича бизда шароит ҳам, иқтидорли спортчилар ҳам етарли”, — дейилган хабарда.
Келгуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларида бу спорт турлари бўйича натижа кўрсатиш учун ҳозирданоқ хорижий мутахассисларни жалб қилиб, спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёргарлиги билан астойдил шуғулланиш топширилди.
“Истиқболли бўлган енгил атлетика, велоспорт, эшкак эшиш, сузиш, ўқ отиш каби 22 та спорт тури бўйича лицензияларни 3-4 карра кўпайтириш ва медаллар учун курашга қаттиқ киришиш лозим. Бундан ташқари, синхрон сузиш, триатлон, волейбол, баскетбол, гандбол, бадминтон каби ривожланаётган 17 та спорт турида лицензияларни қўлга киритиш жуда муҳимлиги таъкидланди”, — дея қайд этилган хабарда.
Ушбу федерация раҳбарлари маҳаллагача тушиб, ёш иқтидорларни аниқлаши, биттадан спорт мактабини танлаб, база қилиши, инфратузилмасини яхшилаши ва малакали мураббийлар билан таъминлаши зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда қуйидагилар маълум қилинди:
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун жойлардаги 310 та спорт мактаблари миллий терма жамоаларнинг “селекция базаси”га айланади.
Барча вилоятлардаги спорт бошқармалари бошлиқлари ҳамда барча спорт мактаблари директорларининг фаолиятини тубдан кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Спорт бошқармалари бошлиқларига шахсий масъулиятини оширишга қаратилган уч ойлик синов тайинланди.
Мутасаддиларга ҳар бир мактаб бўйича аниқ мақсадларни белгилаб, уч йиллик дастур қилиш топширилди.
Жисмоний тарбия университети, Нукус, Фарғона, Самарқанд каби спорт факультети бўлган олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, битирувчи курс ва магистратура талабаларининг олти ойга спорт мактабларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.
Ҳудудларнинг ўзига хослиги, ёшларнинг қизиқиши ва иқтидоридан келиб чиқиб, 56 та спорт мактаби олимпия спорт турларига мослаштирилди. Ушбу мактаблар миллий терма жамоаларга асосий захира бўлади.
ҳудудлардан танлаб олинган энг сара ёшлар бу мактабларда индивидуал режа асосида мақсадли тайёрланади.
Вилоят ҳокимлари олдига ушбу 56 та спорт мактабини ётоқхона ва зарур спорт жиҳозлари билан тўлиқ таъминлаш вазифаси қўйилди.
Спорт вазирлигига бу мактаблар учун илғор хорижий тажриба ва чуқур илмга асосланган методика яратиш топширилди.
Йилда икки марта ҳудудларда олимпия спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилади. Туман ва вилоят совриндорларини ҳокимлар рағбатлантириб боради.
Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили 10-20 декабрь кунлари Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган Президент олимпиадасида иштирок этади.
Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади. Бунда 1-2 курс ўқувчиларига стипендия тўлаш йўлга қўйилади.
Эндиликда спортчиларни етиштириб чиқарган биринчи мураббийларга спортчилар ва терма жамоа мураббийлари учун кўзда тутилган рағбатнинг 10 фоизгача қисмини мукофот сифатида берилишини таъкидлади.
Сўнгги уч йилда параспорт билан мунтазам шуғулланувчилар 4 карра кўпайиб, 7 мингдан ошди, аёл параспортчилар улуши 29 фоизга етди. Илгари бу тоифадаги ёшлар учун атиги 33 та мактабда спорт тўгараклари бор эди, бугун бундай мактаблар сони 235 тага етди.
Айтилишича, ҳар йили камида 100 нафар ногиронлиги бўлган спортчилар ва уларнинг мураббийлари малака ошириш учун хорижга юборилади. Шунингдек, ҳудудлардаги 39 та спорт мактаби параспорт турларига ихтисослашади.
Параспортчилар, айниқса ногиронлиги бўлган қизларнинг имкониятига қараб, бошқа спортчилар билан бирга шуғулланишига шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Спортчи ва параспортчиларни тайёрлайдиган мураббийларга малака сертификати бериш ва уларни қайта тайёрлаш тизими соддалаштирилади.
Ногиронлиги бўлган спортчилар учун бу тизим мутлақо ўзгартирилади.
Бундан буён ёшлар мусобақа натижасига қараб эмас, балки спорт нормативларини бажаришига қараб ҳам терма жамоага қабул қилинади.
Спорт мусобақалари ва спорт йиғинларини ташкил қилишда олимпия ва паралимпия тизимига ўтилади. Энди қаерда қандай чемпионат бўлса, унга ёнма-ён параспорт мусобақаси ҳам ўтказилади, йиғинлар ҳам биргаликда ташкил қилинади.
“Бу ҳақиқий инклюзив тизимга айланади, ногиронлиги бор спортчилар учун мотивация ва рағбат бўлади. Мутасаддиларга икки ойда “Халқаро паралимпия қўмитаси классификация кодекси” талаблари асосида Миллий классификация қоидаларини тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди”, — дея таъкидланган хабарда.
Эндиликда хусусий спорт клубларининг ягона реестри юритилиши, уларнинг фаолияти бўйича стандарт ва мезонлар яратилиши белгиланди. Ёшларнинг қамров даражасига қараб клубларга бепул спорт жиҳозлари ажратилади. Хусусий тренерларга ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади.
“Муҳими, хусусий клублардаги ёшларимиз барча мусобақаларда ўз номидан иштирок этиши мумкин бўлади ва натижасига қараб терма жамоаларга қабул қилинади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 5 та, вилоятларда 1 тадан паст қувватларда ишлаётган спорт мактабини хусусий шерикликка бериш бўйича лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди. Рақамлаштиришни кенг жорий қилиш орқали иқтидорли спортчиларни топиш, саралаш ва уларни тайёрлаш бўйича ҳам янги тизим жорий қилинади”, — дея қайд этилган хабарда.
Бунинг учун алоҳида рақамли платформа ишга туширилади. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг у ёки бу спортга қобилияти аниқланиб, электрон платформага киритилади.
Спортчиларнинг кундалик натижалари, эришаётган ютуқлари ҳам ягона электрон тизимга жойлаштирилади.
Спорт федерациялари ҳам энг яхши натижа кўрсатган ёшларни терма жамоа йиғинларига чақириб, уларни селекция қилиб боради. Терма жамоага жалб қилинган ёшлар учун жисмоний кўрсаткичларни мониторинг қиладиган рақамлашган тизим яратилади.
Спортчилар касал бўлганида, улар қандай дори воситаларини истеъмол қилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги бўйича платформада онлайн консультациялар бериб борилади. Буни ҳисобига допинг билан боғлиқ нохуш ҳолатларни олди олинади.
Айтилишича, ўтган йили оммавий спорт мусобақаларида ёшлар қамрови 10 миллионга етди.
Эндиликда ҳар ҳафтада маҳаллаларда оммавий жисмоний фаоллик тадбирлари ўтказиб борилади. Уларга ногиронлиги бўлган шахслар кенг жалб этилади.
Маҳаллалар кесимида “Аҳолининг жисмоний фаоллиги рейтинги” юритилади.
Йил якуни билан энг фаол оилаларга тренажерлар берилади, энг яхши маҳаллаларда спорт майдончалари қурилиб, жиҳозланади.
Мактаб ўқувчиларини спортга жалб этишнинг бугунги ҳолати ҳам талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Энди ҳар бир мактабда яккакураш ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида 1 тадан тўгарак бўлиши шартлиги белгиланди.
Федерациялар ҳар бир туманда биттадан умумтаълим мактабини танлаб, ўз йўналишидаги спорт турига мослаштиради. Уларни малакали мураббий ва спорт инвентарлари билан таъминлайди.
Мактаблар ўртасида олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил қилинади.
Энг яхши натижа кўрсатган ўқувчилар селекция қилиб борилади, мактаблар эса керакли спорт инвентари билан таъминланади.
Натижа кўрсатган жисмоний тарбия ўқитувчилари алоҳида рағбатлантирилади.
Бугунги кунда олий таълим муассасалари сони 203 тага етди, уларда кундузги таълимда ўқиётган талабалар 700 мингдан ошди. Талабаларнинг спорт билан қамровини камида 50 фоиздан ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Хорижий давлатларда талабалар спорти катта спорт учун захира бўлиб хизмат қилади. Шу боис мутасаддиларга ҳар бир олийгоҳда камида 3 та олимпия спорт тури бўйича спорт клубини ташкил қилиш топширилди.
Спорт вазирлиги бундай спорт клублари фаолиятига илмий-методик кўмаклашади, Чирчиқдаги Жисмоний тарбия университети базасидан фойдаланишга шароит яратиб беради.
Умуман, аҳолининг оммавий спорт билан қамровини камида 15 миллионга етказиш фавқулодда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Бунга фақат Спорт вазирлиги эмас, ҳар бир раҳбар, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари масъул бўлади. Ногиронлиги бор шахсларнинг спорт билан қамровини 2 баробарга кўпайтириш мақсад қилиб олинди.
Янгиликлар лентаси
0