Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда — Мирзиёев

© Sputnik / Рамиз БахтияровФлаг Узбекистана на форме военного в преддверии Дня защитника Родины
Флаг Узбекистана на форме военного в преддверии Дня защитника Родины - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.01.2025
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.
ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида маълум қилинди.
“Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман. Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимизни, муҳтарам фахрийларимизни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг азму шижоатингиз, эл-юртга садоқатингиз туфайли халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланмоқда, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланмоқда, миллий армиямизнинг жанговар қобилияти юксалмоқда”, — дейилади байрам табригида.
Табрикда Мирзиёев мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига миннатдорлик билдирди.

“Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армиямиз улар учун, ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда. Энг муҳими, халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда. Бугунги кунда навқирон авлодимиз ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларимиз Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Биз ана шундай ўтюрак фарзандларимиз тимсолида бўлғуси қаҳрамонларимиз, Қуролли Кучларимизнинг бўлажак офицер ва генераллари, моҳир қўмондонларни кўрамиз”, - дея қайд этган мамлакат етакчиси.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда, дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
“Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида бу борада бошлаган ишларимизни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришимиз шарт”, дейилган табрик матнида.
Президент қуйидагиларни маълум қилди:
Қуролли Кучларни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттирамиз.
Ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифамиз бўлиб қолади.
Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади.
Министерство обороны и Национальная гвардия - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.01.2025
Мирзиёев бир гуруҳ ҳарбийларни мукофотлади — улар кимлар?
.
Янгиликлар лентаси
0