Ўзбекистон ва БАА ўртасида 15 та ҳужжат имзоланди — ҳамкорга айланган компаниялар
09:40 14.01.2025 (янгиланди: 10:34 14.01.2025)
© ИА "Дунё"В Абу-Даби состоялась церемония подписания ряда двусторонних документов по реализации совместных проектов
© ИА "Дунё"
Oбуна бўлиш
2024 йилда 1,5 миллиард доллардан ортиқ БАА инвестициялари ўзлаштирилди.
TOШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ўртасида 15 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.
Абу-Дабида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳаил Моҳамед Ал Мазруи бошчилик қилди.
“2021 йилдан буён БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми йилига ўртача 20 фоиздан кўпроққа ошиб бормоқда ва 2024 йил якунига кўра бу кўрсаткич 650 миллионга етди. Бугунги кунда Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 337 та корхона фаолият кўрсатмоқда, шундан 114 таси қўшма корхона ва 223 таси 100% хорижий корхоналардир. 2023 йилда Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга 1,08 миллиард доллар, 2024 йилда эса 1,5 миллиард доллардан ортиқ БАА инвестициялари ўзлаштирилди”, — дейилади хабарда.
Биргаликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар анъанавий ва муқобил энергия, инфратузилма, кимё саноати, геология, IT, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларини қамраб олади.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон-БАА” инвестиция компанияси ташкил этилди. Унинг инвестиция портфели бугунга келиб тиббиёт, геология, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида умумий қиймати 192,5 миллион доллар бўлган 7 та лойиҳани ташкил этмоқда. 140 миллион долларлик 9 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.
“Бироқ эришилган натижалар икки давлатнинг иқтисодий салоҳиятини умуман акс эттирмайди, шу боис ҳамкорлик ҳажмини янада ошириш бўйича қўшимча комплекс чоралар кўрилмоқда. Бугун имзоланаётган ҳужжатлар ана шундай қадамлардан биридир. Бу 15 та келишув вазирлик ва идоралар, ишбилармон доиралар томонидан биргаликда олиб борилган саъй-ҳаракатларнинг меваси бўлиб, икки давлат ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Маросимда “AMEA Power”, “Masdar”, “Solar Power Shine”, “M42”, “Burjeel” Holdings”, “IFFCO Group”, “TWS”, “Alserkal Group”, “Metito”, “AD Ports”, “Jetex”, “Emirates Group” ва бошқа компаниялар билан энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, сув таъминоти, транспорт, логистика соҳаларида инвестиция битимлари ва шартномалар имзоланди.