Давлат дастури-2025: таклиф қилинаётган ва кутилаётган асосий ўзгаришлар
© SputnikПодпись документов
© Sputnik
Oбуна бўлиш
2025 йилга мўлжалланган давлат дастури жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги президент фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ушбу дастурда ижтимоий ва экологик барқарорликка эришишга доир қатор режа ва мақсадлар ўрин олган. Қуйида уларнинг асосийларига тўхталамиз.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзгаришлар
Жорий йилда ҳудудларда марказлашган лабораториялар ташкил этилиб, шифокор қабулига навбатни тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.
Тиббиёт ходимлари меҳнат самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилиб, самарадорликка эришган ходимларнинг ойлик маошларига қўшимча устамани жорий этилади.
2025 йил 1 майдан мамлакатда “Тоза қўллар” дастури амалга оширилади. Ушбу йўналиш доирасида барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади.
Барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбурияти киритилади.
Жарима ва рағбатлар
Дастур доирасида 1 июлдан кўп қаватли уйлар массивларидаги умумий фойдаланишда бўлган тупроқли ва яшил ҳудудларни ўзбошимчалик билан бетонлаштирганлик, қурилма ва конструкцияларни ўрнатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
2026 йил 1 январдан пишган ва хом ғишт ишлаб чиқаришда ер ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 10 бараварга оширилади.
2025 йил 1 августдан деворбоп материаллардан (пеноблок, газоблок) фойдаланувчи қурилиш ташкилотларига “Шаффоф қурилиш” платформасида устуворлик берилади.
2025 йил 1 августдан атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган корхоналарга табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечилади.
2025 йил 1 сентябрдан “яшил тадбиркор” мақоми берилган тадбиркорлик субъектларига муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этилиш, халқаро бозорларга чиқиш учун қўллаб-қувватлов имкониятлари яратилади.
2025 йил 1 апрелдан чиқиндилар утилизацияси ҳисобига ҳамда шамол ва қуёш манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергияси учун “яшил тариф”лар жорий этилади.
Аҳолининг қуёшдан олинган ва фойдаланишда ўз эҳтиёжидан орттириб, давлатга сотадиган электр энергияси учун имтиёзли тарифлар белгиланади.
“Экофаол фуқаро” ташаббуси қандай имтиёзлар беради?
Дастур доирасида жорий йил мамлакатда “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.
Аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиниб, “яшил транспортда”, шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантирилади.
Юқори кўрсаткичларга эришган фуқароларга “Экофаол фуқаро” мақоми берилади, шунингдек, улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредити олишда чегирма тақдим этилади.
Оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, ушбу оилага “яшил оила” мақоми берилиб, ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль бериш тартиби жорий қилинади.
Тақиқ ва мажбуриятлар
2027 йилдан пластик пакетларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва улардан фойдаланишни тақиқланади.
2025 йил якунига қадар “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланади;
2025 йил якунига қадар хўжалик фаолиятини юритувчи корхона ва ташкилотлар томонидан етказилган экологик зарарларни мажбурий суғурталаш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Республиканинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.
2027 йилдан бошлаб ер суғоришда оқова, ёмғир ва техник сувлардан фойдаланиш тизимлари мажбурий ташкил этилади.
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар мамлакатда ов қилишга мораторий жорий қилинади. Бунда мораторий фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштириладиган ёввойи ҳайвонларни овлаш ҳамда санитар мақсадларда ов қилишга татбиқ этилмайди.
Шунингдек, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун тасдиқланган квоталар ҳамда ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар электрон аукцион орқали берилади.
Қандай лойиҳалар амалга оширилади?
Орол денгизи тубида 100 минг гектар янги яшил майдон барпо этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимлик боғлари ташкил этилади.
Жорий йилда мамлакатда умумий қуввати 3,5 Гигаватт бўлган 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcини ишга туширилади.
2025 йил 1 майдан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга оширилади:
асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.