Покистонлик чарм саноати вакиллари Ўзбекистон билан янги лойиҳалар устида ишламоқчи

© МИВТ УзбекистанаФлаги Узбекистана и Пакистана
Флаги Узбекистана и Пакистана  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.01.2025
Oбуна бўлиш
Покистонлик тадбиркорлар 2025 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга ташриф буюришади.
ТОШКЕНТ, 8 янв — Sputnik. Покистонлик чарм саноати вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёр, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (Pakistan Tanners Association – PTA) раҳбарияти ва аъзолари билан учрашди. Бизнес форумда 30 дан ортиқ соҳанинг етакчи компания раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашди.
Унда Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари иштирокида терини қайта ишлаш, чарм маҳсулотлари, жумладан тайёр кийим-кечак, пойабзал, қўлқоплар, сувенирлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
"Терига ишлов бериш ва чарм саноати ҳозирча ишга солинмаган, бироқ яқин истиқболда қўшма лойиҳалар учун кенг имкониятга эга тармоқ ҳисобланади. Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари янги бозорларга биргаликда кириб бориш учун пойдевор бўлади, ўзаро савдо ҳажмларини янги турдаги номенклатуралар ҳисобига оширишга хизмат қилади", — деди элчи.
Покистон томони Ўзбекистоннинг турдош ташкилот ва уюшмалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, айрим саноат қувватларини мамлакатга релокация қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Ўзбекистон элчиси PTA аъзоларини қўшма лойиҳаларнинг техник шартларини келишиш учун Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларига ташриф буюришга таклиф этди. Покистонлик тадбиркорлар 2025 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга боришини билдирди.
"Мамлакатларимиз ўртасида тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, кимё ва озиқ-овқат соҳаларида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу жуда қувонарли. Шу билан бирга янги тармоқларда, жумладан тери ва чарм маҳсулотлари йўналишида алоқаларни тизимли ташкил этиш икки давлат салоҳиятидан унумли фойдаланишга хизмат қилади", — деди уюшма президенти Ҳамид Аршад Заҳур.
Тадбирда "Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбарияти ва аъзолари 2025 йил 26-28 январь кунлари Лаҳор шаҳрида ўтказиладиган "Pakistan Mega Leather Show" халқаро кўргазмасига таклиф этилди.
Янгиликлар лентаси
0