Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади
© Портал ziyouzМахмудходжа Бейбудий.
© Портал ziyouz
Oбуна бўлиш
Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига Маҳмудхўжа Беҳбудий номи берилади.
ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади. Бу бўйича Ўзбекистон президентининг қарори имзоланди.
“Ватанимиз тарихида ғоят мураккаб ва синовли давр бўлган XX аср бошида майдонга чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. У миллий озодлик ҳаракатининг буюк намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт ва санъат, матбуот соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш орқали халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш ҳамда ҳурриятга эришиш йўлида ўз ҳаётини бахш этган фидойи зотдир”, - дейилади қарор матнида.
Қарорга кўра, икки ҳафта муддатда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.
Ушбу дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
мутафаккир адибнинг “Танланган асарлар” тўплами, унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий-оммабоп китобларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида спектакллар саҳналаштириш ҳамда бугунги кунга қадар яратилган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” киносериали ва “Халқ юраги” бадиий-публицистик фильмларининг оммавий намойишларини ташкил қилиш;
Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, шунингдек, Туркистон жадидлик ҳаракати намояндаларининг фаолиятига оид тасвирий санъат асарлари кўргазмасини уюштириш;
замонавий рақамли ва тарғибот технологиялари асосида Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш;
2025 йил октябрь ойида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Маҳмудхўжа Беҳбудий мероси ва жадидлик ҳаракатини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилиш;
Самарқанд шаҳридаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ҳудудини ободонлаштириш ҳамда музей экспозициясини бойитиш;
Қарши шаҳридаги кўчалардан бирига Маҳмудхўжа Беҳбудий номини бериш ҳамда унга бағишланган ёдгорлик лавҳасини ўрнатиш ва бошқалар.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз даврининг долзарб муаммоларига бағишланган қатор салмоқли асарлар ва икки юздан ортиқ мақолалар яратган. Шу билан бирга, “Самарқанд” газетаси ҳамда “Ойина” журналига асос солган. 1914 йилда “Турон” театрида саҳналаштирилган “Падаркуш” пьесаси орқали ўлкада театр санъатининг тамал тошини қўйган. У 44 ёшида вафот этган.