Камбағалликни қисқартириш, миграция, аёлларни қўллаб-қувватлаш: 2025 йил нималар ўзгаради?

© © Sputnik/ Стас Этвеш/ Мария ВишняковаДень 1 января
День 1 января - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.12.2024
Oбуна бўлиш
Келаси йилдан қайси қонун-ҳужжатлар кучга кириши ҳақида — Sputnik Ўзбекистон материалида танишинг.
ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Келаси йилдан камбағалликни қисқартириш, мигрантлар учун янги имкониятлар яратиш, спортнинг айрим турларини ривожлантириш, аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун-ҳужжатлар кучга киради. Sputnik Ўзбекистон 2025 йил 1 январдан кучга кирадиган асосий ўзгаришларни бир жойга жамлади.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархини кўрсатувчи ахборот тизими ишга туширилади

“Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.
2025 йил якунигача қуйидагиларни ташкил этиш мақсадида яхлит идоралараро Миллий ахборот платформаси ишлаб чиқилади:
озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмоли соҳасида салоҳиятни барқарор ривожлантириш, хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бошқариш ва мониторингини юритиш;
хавф-хатарлар тўғрисида эрта хабардор қилишни ташкил этиш.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартгача “Электрон агросаноат бозори” ахборот тизими ишга туширилади ва Миллий ахборот платформаси билан интеграцияси қилинади. У қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг бозордаги нарх-наволари тўғрисидаги доимий, ишончли ва аниқ маълумотлар билан таъминлайди.

Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар қўллаб-қувватланади

Апрель ойида “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
2025 йил 1 июлгача қуйидагилар яратилади:
Кирувчи ва чиқувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи ягона идоралараро ва тўлиқ интеграция қилинган электрон маълумотлар базаси;
мигрантлари учун мамлакат ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолганларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобиль илова.

Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади

“Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.
Шунингдек, лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ваколатли орган) томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширади.
Лицензиялар асосида ташкиллаштирилган лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон резиденти ва норезидентлари қатнашиши мумкин.
2025 йил 1 январдан 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернетда ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланади:
мазкур фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар олинган жами даромаддан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади;
жисмоний шахсларнинг Агентлик томонидан берилган лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

Жисмоний шахсларга “яшил” ипотека кредитлари ажратилади

“2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, “яшил” ипотека кредитларини ажратилади.
Унга кўра, 2025 йил 1 январдан қурилиш ташкилотларига “яшил” уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан 1 фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.
2025 йил 1 апрелгача “яшил” уй-жой стандарти талаблари асосида қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун жисмоний шахсларга “яшил” ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга қўйилади.

Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсларнинг реестри юритилади

“Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори билан, кўмак хоналари ташкил этилади.
Тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади:
2025 йил 1 январдан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади.

Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади

2025 йил 1 январдан жисмоний шахсларнинг фуқаролик ҳолати ҳамда уларнинг шахсига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олувчи Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади.
Аҳолининг ягона электрон реестри:
Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси ҳисобланади;
тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда ушбу реестрдан фойдаланилади.

Давлат ОТМлари бакалавриатига қабул жараёни 2 босқичда амалга оширилади

2025/2026 ўқув йили қабулидан фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади.
Барча давлат коллеж ва техникумларига “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини ОТМларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади

“Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади.
Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади. Кўриб чиқиладиган ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади. Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ҳамда фақат қонунга бўйсунади

Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилади.

“Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига кўра, 1 январдан ходимларни касбий ривожлантириш тартиби жорий этилади.
Ходимларни касбий эҳтиёжлари ва малака тоифасидан келиб чиқиб табақалашган таълим дастурлари асосида узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилади.
Ходимлар учун 5 йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинади.
Барча умумий ўрта таълим муассасаларида малака оширишнинг “Касбий ривожланиш соати”, таянч умумий ўрта таълим муассасаларида эса, шунингдек, “Касбий ривожланиш куни” каби шакллари босқичма-босқич жорий этилади.

“Фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти” мавзусида тарбия ҳафталиклари ўтказилади

2025 йил якунигача ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун ёшлар тарбиясига оид рақамли контентларни жойлаштириш мақсадида “milliytarbiya.uz” электрон платформаси ва унинг мобиль версияси ишлаб чиқилади.

Волейбол спорти янада ривожлантирилади

“Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, 2025 йилдан ҳар йили анъанавий тарзда олий таълим муассасалари талабалари, профессионал таълим ва умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Volleyball stars” Ўзбекистон кубоги ўтказилади.
Вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида 3 босқичли волейбол спорт турлари бўйича “Янги Ўзбекистон” республика мусобақаси;
умумий ўрта таълим муассасалари юқори синф ўқувчилари ўртасида 3 босқичли Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кубоги;
ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида пара волейбол спорт мусобақалари ўтказилади.
2025 йилдан ҳар икки йилда бир марта волейбол бўйича Марказий Осиё волейбол ассоциацияси (CAVA)га аъзо давлатлар ўртасида “Буюк Ипак йўли” халқаро турнири ўтказиб борилади.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш янада ривожлантирилади

“Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, йил якунигача қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари 1 миллиард долларга ва экспорт кўрсаткичи 100 миллион долларга етказилади.

Фуқаролар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади

“Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, 1 июлдан қуйидагилар режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади:
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
вояга етмаганлар, ўқувчи-талабалар, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат пенсиясини олувчилар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари.

Камбағал оилалар реестри шакллантирилади

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади. 1 январдан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади.
Камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
1 январдан камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.
Раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига оғир аҳволдаги камбағал оилалар бириктирилади.

Хоккей спорти янада ривожлантирилади

“Хоккей спорт турини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, ҳар йили хоккей спорт тури бўйича халқаро ташкилотлар ва чет эллик мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар, шунингдек, илмий-амалий анжуманлар ўтказиб борилади.
“Спорт фаолияти” (хоккей)” бакалавриат таълим йўналиши талабаларининг хоккей клублари спорт базаларида амалиётини ташкил этиш чоралари кўрилади. Ўзбекистон хоккей федерацияси, хоккей спорт тури бўйича спорт клублари ва нодавлат спорт таълим ташкилотлари учун фойда солиғи 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсати такомиллаштирилади

“Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, 2025 йил 1 декабргача 50 та туманда, 2026 йилда қолган туманларда 50–100 гектардан ижара асосида ажратилган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида саноатлашган плантация, боғ ва узумзорлар ташкил этилади.
Ижара асосида ер майдонлари ажратилган туманларда камида 40 гектар майдонда “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади.
Саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йил 1 декабрга қадар 1 000 та, 2026 йилда 2 000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда кичик ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.
“Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказлари ташкил этилади ҳамда қуйидагилар йўлга қўйилади:
1 январдан иш берувчилар талабига мослашувчан ўқитиш муддати ва вақтини назарда тутувчи тезкор курслар;
1 мартдан амалий касбий кўникмаларни бевосита иш жойида шакллантириш имконини берувчи янги тажрибани жорий этиш.

Миграция агентлиги ташкил этилди

“Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташкил этилди.
1 январдан агентликка хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текшириш билан боғлиқ назорат тадбирларини ўтказишга рухсат этилади.
Агентлик зиммасига у томонидан ўтказилган ҳар қандай текшириш натижаси бўйича тузилган баённомалар, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари сони ва хусусияти ҳақидаги маълумотларни мажбурий тартибда 5 кунда “Xorijda ish” электрон дастурига жойлаштириб бориш мажбурияти юкланади.

Ўқ отиш спорт турлари бўйича спорт мусобақалари тизимли ташкил этиб борилади

“Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, ҳар йили ҳарбийлаштирилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида ўқ отиш спорт турлари бўйича “Мерган” кубоги, ўқ отиш спорт турлари бўйича белгиланган ёш тоифалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказилади.
Туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида босқичма-босқич ўқ отиш спорт турлари бўйича спорт гуруҳлари ташкил этилади.

Ҳомиладор аёллар учун “Оналар маскани” хизмати йўлга қўйилади

“Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан 1 январдан бошлаб меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади.
Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга таълим олиш, бандлигини таъминлаш, даволаниш ҳамда уй-жой шароитларини яхшилаш учун ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсларига етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олиш истагини билдирган номзодлар ҳам қамраб олинади.
Босқичма-босқич Андижон вилояти, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд вилоятида кичик ҳажмли болалар уйи ташкил этилади.
“Меҳр дафтари” жамғармалари тугатилади.
1 февралдан бошлаб фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида “Оналар маскани” хизмати йўлга қўйилади.

Онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади

“Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30–65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади.
Ҳар йили 30–50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади.
30–65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади. Скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Тиббиёт муассасаларини фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилади

“Тиббиёт муассасаларини фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, 1 январдан белгиланган тартиб ва рўйхатга асосан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг давлат харидини тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширишга рухсат этилади:
оригинал дори воситалари (уларнинг ишлаб чиқарувчиси ёки расмий етказиб берувчиси орқали);
ёпиқ турдаги лаборатория ускунаси учун махсус реагент, реактив ва сарфлов воситалари;
шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар.

Ягона интеграциялашган экотизим ахборот тизими ишга туширилади

“Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
2025 йил якунигача “Ягона интеграциялашган экотизим” ахборот тизими ишга туширилади. 2025 йил 1 июлдан саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги белгиланган ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби жорий этилади.

Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси ташкил этилади

“Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, 2025/2026 ўқув йилидан Академияда клиник ординатурада юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш йўлга қўйилади. 1 октябрдан Академия фаолияти тўлиқ йўлга қўйилади.
Янгиликлар лентаси
0